"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

“ҚИЗИНГИЗ БАЛОFАТГА ЕТДИМИ...?”

Халқимизда "Гул ўсса - ернинг кўрки, қиз ўсса - элнинг кўрки”, - деган ҳикматли ибора бор. Дарҳақиқат, қиз бола тарбияси ниҳоятда нозик ва ўта долзарб масала. Чунки қиз бола вояга етгач, уй бекаси, она бўлади. Ўсиб келаётган авлоднинг етук инсон, баркамол авлод сифатида шаклланиши оила муҳитидан, аёлдан бошланади. Хоҳлаймизми, йўқми, бизнинг менталитетда оила муҳитини, турмуш тарзини аёл яратади. Шу масалага аёл масъул ҳисобланади. Табиатан онанинг маънавияти, ахлоқи, шу жумладан, саводхонлиги боланинг қон-қонига сингиб боради. Она билиб-билмай ўзидаги савияни болага ўтказади. Албатта ота-онанинг энг олий орзуси-фарзандининг камолини кўришдир. Халқимизда оила ва уни мустаҳкамловчи фарзанд тарбияси юксак қадрланиб келинган. Халқимизнинг ушбу олий қадрияти мамлакатимиз мустақилликка эришгач, давлат сиёсати даражасига кўтарилди.Яъни, ҳар томонлама соғлом, баркамол авлодни вояга етказиш олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадига айланган.

Бунинг учун истиқлол йилларида ёшларимизнинг жисмонан ва маънан соғлом бўлиб етишишлари учун барча куч ва воситалар сафарбар қилинмоқда. Мамлакатимизда умумтаълим мактаблари, мактабдан ташқари таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, таълим сифати жаҳон андозалари даражасига кўтарилмоқда.

Хўш, яратиб берилаётган имкониятлардан ёшларимиз қандай фойдаланаяпти? Бунда ота-она масъулияти қандай бўлаяпти? Айниқса, оилада қиз боланинг таълим-тарбиясига ота-она томонидан қандай эътибор берилаяпти? Соғлиқни сақлаш, таълим соҳаси вакиллари билан биргаликда маҳалла ва кенг жамоатчиликнинг роли қандай бўлаяпти? -деган саволлар туғилади.

Мамлакатимизда аҳоли ўртасида соғлом оила қуриш маданиятини шакллантириш, оилада соғлом фарзандлар дунёга келишига эришиш, уларни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида 2014 йилнинг "Соғлом бола йили” деб номланиши жорий йилда фарзандлар тарбияси борасида амалга оширилаётган ишларимизнинг янада янги поғонага кўтарилишидан дарак беради. Ўзбекистон Pеспубликаси Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Юртбошимиз "Соғлом бола йили” да амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим вазифаларга тўхталар эканлар "Соғлом бола - аввало соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир”, - деб таъкидлаган эдилар.

Оиладаги соғлом муҳит эса аввало, аёл маънавияти билан боғлиқдир. Биз қизларимизни ёш вақтидан бошлаб юксак эътибор билан одобли, ибо-ҳаёли, билимли, ҳунарли қилиб яхши тарбия қилсак, эртага улар яхши оиланинг бекаси, она, шу билан бирга жамиятга фойда келтирувчи етук кадр бўлади. Она сифатида у тарбиялаган болалар келажакнинг яратувчилари бўлиб етишадилар.

Лекин айрим ота-оналаримиз томонидан фарзандлари, айниқса, қизларининг келажагига масъулиятсизлик билан қараш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Ҳали касб-ҳунар коллежини битирмаган қизларини турмушга беришмоқда. Айрим ота-оналарнинг бирор касб-ҳунарни тўлиқ эгалламаган, ҳали оилавий ҳаётга тайёр бўлмаган қизларини эрта турмуш қуришига йўл қўйиб бераётганлигини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

"Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонунининг 7-моддасида, "Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонунининг 30-моддасида ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги жавобгарлиги ва масъулияти белгилаб қўйилган. Унга кўра, ота-оналар фарзандларининг тарбияси ва 12 йиллик мажбурий таълим олишлари учун жавобгар. Тўғри,ҳар бир ота-она фарзандининг бахтли-саодатли бўлишини истайди. Лекин буни фақат фарзандига моддий таъминот бериш деб тушунмаслик керак. Моддий таъминот билан биргаликда унинг келажакда ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топа олиш даражасида тарбияли, билимли, касб-ҳунарли қилиш деб тушунмоқ керак.

Ҳаёт тажрибаси ва мутахассислар фикрича, қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Бироқ айрим ота-оналар кўпинча қизининг келажак тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш фикрига тушади. Бу ҳолат кўпинча бўлғуси онанинг саломатлигига, қолаверса, туғилажак фарзанднинг соғломлигига салбий таъсир кўрсатади. Натижада ёш онада руҳият бузилиши келиб чиқиб, бу оила мустаҳкамлигига путур етказади. Туманимизда ҳам ҳали фарзанди касб-ҳунар коллежини битирмасдан қизларини турмушга бериш ҳолатлари учрамоқда.

Жумладан: яқинда туманимиз коллежларидан бирининг 2-босқичида таҳсил олаётган 17 яшар қизини ота-она узатиш ҳаракатига тушади. Сабаби, қизини яқин қишлоқдан коллежни битирган бир йигитнинг уйидагилар сўраб келишади. Коллеж маъмурияти, фуқаролар йиғини аралашиб, тўйнинг олдини олишга ҳаракат қилишди. Ҳатто ота-онасининг тушунтириш хатларини ҳам олишди. Лекин ёшлар қилиб қўйган "ақлсизлик” барчани ўйга толдирди. Натижада тўй бўлиб ўтди.

Хўш, бу ерда айб кимда? - деган савол туғилади. Аввало "қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол бор. Яъни, ота-онанинг берган тарбияси, ўргатган ибо-ҳаёси, одоб-ахлоқи даражаси шунга имкон бермаяптими? Ёки ҳали қуда-анда бўлиб, расм-русумларни қилмасдан, яъни "чимилдиқ” кўрмасдан қизни "йўлдан урган” йигитнинг тарбиясини қайси ота-она берган? Бу ерда бола тарбиясида ота-она "нўноқлик” қилган экан, нега таълим ходимлари, маҳалла фаоллари ҳушёрлик қилиб ўз вақтида шу ота-оналарни мавжуд қонун-қоидалар билан таништиришмади? Ёшлар томонидан "хатоликка йўл қўйилгач”, барча бирдай ҳаракатга тушди. Нега? Маҳаллалардаги "Оила - маҳалла - таълим муассасаси” ҳамкорлик тизими яхши ишлаганда, "Ота-оналар университети” машғулотлари ўз вақтида самарали ташкил этилганида балки юқоридаги каби ота-оналарнинг фарзанд тарбиясида масъулияти ошган, натижада, бундай салбий ҳолатларнинг олди олинган бўларди.

Тиббиёт мутахассисларининг таъкидлашларича, балоғат ёшига етмаган қизлар она бўлишга жисмоний ва маънавий жиҳатдан ҳали тўла тайёр бўлмайди. Бу ёшда ҳомиладор бўлиш ёш она ва чақалоқ ҳаётига жиддий хавф туғдириб, ёш она ва бола ўлими юз бериш хавфи кучаяди. Шу билан бирга ҳали оилавий ҳаётга тайёр бўлмаган ёш она муайян маънавий-ижтимоий муаммоларга дуч келади. Оқибатда оилавий ажримлар келиб чиқиши мумкин.

Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида туман Хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, "Камолот” ЁИҲ туман кенгаши, тумандаги таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари, фуқаролар йиғинларининг масъул ходимлари томонидан кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда овул ва маҳаллаларда, таълим масканларида, қишлоқ врачлик пунктларидааҳоли вакиллари, ўқувчи-ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан мунтазам учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирларда қиз болани барвақт турмушга бериш ва эрта фарзанд кўриш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг зарурлиги борасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Лекин ҳали ҳам олиб борилаётган ишлар кўлами етарли бўлмаётганлиги учун коллежни битирмасдан турмуш қуриш, ёшларнинг бир-бирига кўр-кўрона интилишлари, баъзида ўз жонига қасд қилишга уриниш билан яқинларини қўрқитмоқчи ёки эътиборини қаратмоқчи бўлиш, баъзида ҳатто жиноятга қўл уриш каби нохуш ҳолатлар содир бўлаяпти.

Бугунги ёшларга таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши, келажакда баркамол инсон бўлиб етишиши учун яратиб берилаётган имкониятлардан тўлиқ фойдалана олишига кўмаклашиш, уларга шарт-шароит яратиш, доимо диққат-эътибор қаратиш барчамизнинг энг долзарб вазифамиз бўлиши керак. Бунинг учун албатта ҳамкорликда гап кўп.

Айниқса, бу борада оммавий ахборот воситаларидан унумли фойдаланиш, туркум кўрсатувлар ва мақолалар бериб бориш ҳам ишимизнинг янада таъсирчанлигини оширади. Фуқаролар йиғинларида ташкил этилган жамоатчилик ишчи гуруҳи аъзоларининг ҳам фаоллигини ошириш зарур. Бунда оилаларга кириб,фарзанд тарбиясида етарли жавобгарлик сезмаётган ота-оналар билан кўпроқ иш олиб бориш керак.

Хулоса қилиб айтганда, ота-оналар томонидан "қиз болани узатиш-бир ташвишдан қутулиш”, деб қаралмасдан аввал, у бўлажак она, наслнинг давомчиси эканлигини эсдан чиқармаслик керак. Бунинг ўрнига қизини назорат қилиб, тарбиялаб, одоб-ахлоқ ўргатувчи китобларга ошно қилиб, илм олишга, касб-ҳунар ўрганишга рағбат уйғотса, фарзанди ҳаётда албатта бахтли бўлади. Ахир у фарзандимиз, жигарбандимиз-ку. Қиз бола эртага бахтсиз бўлиб қайтиб келса, ўзи ёки фарзанди соғлом бўлмаса, ота-онанинг ташвиши кўпаймайдими? Шунинг учунҳар нарсанинг, айниқса маънавий-ахлоқий тарбиянинг ҳам ўз вақтида бўлгани яхши!

М.Аҳмедова,

туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Янгиликни бўлишинг: