"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10173.4 +0.20
  • 1 EUR = 11411.5 +42.90
  • 1 RUB = 145.97 -1.39

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан семинар ўтказилди

Мамлакатимизда солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, солиқ тўловчиларга берилаётган имтиёзлар, солиқларнинг туб моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда солиқ органлари билан солиқ тўловчилар ўртасидаги муносабатларнинг ошкоралигини таъминлаш борасидаги ишлар изчил олиб борилмоқда.
25 январь куни туман ҳокимлигининг мажлислар залида “Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳиятини хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва ҳисобчиларига етказиш юзасидан семинар ташкил этилди.

25 январь куни туман ҳокимлигининг мажлислар залида “Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳиятини хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари ва ҳисобчиларига етказиш юзасидан семинар ташкил этилди.

Семинарни туман Давлат Солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Одилбек Аширбоев очди ҳамда олиб борди. Унда Қорақалпоғистон Pеспубликаси Давлат Солиқ бошқармасининг Юридик шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Айдос Сеитов, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Давлат Солиқ бошқармасининг Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Муҳаммад Бердиев, Амударё тумани Давлат Солиқ инспекциясининг бошлиғи ўринбосари Pасул Ўрозимбетов, Амударё тумани “Солиқ-сервис” Давлат унитар корхонаси ходими Сардор Ибрагимовлар қатнашдилар. Шунингдек, туман Давлат Солиқ инспекциясининг маъсул ходимлари ҳамда 147 та хўжалик юритувчи субъектлари ва 65 та якка тартибдаги тадбиркорлар иштирок қилдилар.

Ушбу семинар 2020 йилдан солиқ сиёсатига киритилаётган янгиликлардан 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси ҳамда жорий йил учун “Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш мақсадида ўтказилди.

Семинарда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар, юридик шахсларни солиққа тортиш масаласидаги ва якка тартибдаги тадбиркорларни солиққа тортиш борасидаги ўзгаришлар, солиқ назорати шакллари, турлари, ўтказиш тартиби ва муддатлари каби масалалар юзасидан мутасаддиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Сўзга чиққанлар таъкидланганларидек, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 71 боб 480 та моддадан иборат бўлиб, солиқ қонунчилигида қатор янгиликлар жорий этилган. Хусусан, солиқлар ва йиғимларнинг сони ва турлари, алоҳида солиқ режимлари оптималлаштирилди, яъни солиқлар олдинги 13 туридан тўрттаси қисқартирилиб, 9 тури, катта бўлмаган корхоналар учун эса айланмадан солиқ кўринишидаги алоҳида солиқ режими сақланиб қолинди. Солиқ органларининг устувор вазифалари сифатида солиқ тўловчилар билан ҳамкорлик асосида иш юритиш принципи киритилди. Яъни, солиқ органлари солиқ тўловчилар билан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тўғри бажариш мақсадида ҳамкорлик қилиши шартлиги белгилаб қўйилди.

Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизими тубдан ўзгартирилди. Солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ижро этган солиқ тўловчиларга 2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳосил бўлган ортиқча суммани, яъни “манфий” қолдиқ суммасини тўлиқлигича қайтариш тартиби жорий этилди. Ваҳоланки, олдинги Солиқ кодексига асосан қўшилган қиймат солиғи бўйича “манфий” қолдиқ фақатгина экспортёрларга қайтарилиб келинаётган эди. Жорий йилнинг 1 июлидан мазкур тартиб жорий этилса, шу йилнинг ўзида корхоналарга қўшимча равишда 2 трлн. сўм миқдоридаги маблағ давлат бюджетидан қайтариб берилади ва бу хўжалик субъектларининг молиявий ҳолатини яхшилашга олиб келади.

Йиғилишда Солиқ кодексига киритилган шу каби қатор янгиликлар ҳақида тушунчалар берилди. Қолаверса, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Pеспубликасининг айрим қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгариш ҳамда қўшимчалар билан ҳам таништирилди.           
Семинар давомида хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари, ҳисобчилари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун соҳадаги ўзгаришлар, мутахассислар зиммасига юклатилган вазифалар ижроси юзасидан интерактив усулдаги кўргазмали материаллар тақдим қилинди ва видеороликлар асосида тушунчалар берилди.
Йиғилиш сўнгида хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари, тадбиркорлар ва ҳисобчиларнинг саволларига жавоблар берилди.

Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

 

Янгиликни бўлишинг: