"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

ОИЛА ҚАДPИЯТЛАPИ – ҲАP БИPИМИЗ УЧУН АЗИЗ

Оила – ҳаёт шамчироғи. Унинг бағри обод, чароғон бўлмоғи, авлодлар бардавомлиги, бахт-саодат қўрғонига айланмоғи – бу миллат ва халқ  фаровонлиги, ободонлиги ҳамда бахтиёрлиги мезонидир. Ватаннинг қудрати, тараққиёти, жаҳон аро обрў-эътибори ҳам кўп жиҳатдан ана шу мезон билан ўлчанади. Чунки оилалар тинч, фаровон бўлса, маҳалла, эл-юрт – Ватан тинч, осойишта, кўнгиллар хотиржамдир. Шу боис, мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири саналади.

Оила мустаҳкамлиги ҳақида гап кетар экан, сўнгги вақтларда тез-тез такрорланадиган оилавий низолар, ажрашишлар, бемаврид тирик етим бўлиб қолаётган бегуноҳ гўдаклар, шу баробарида ҳаётга енгил-елпи қараётган ёшлар қаердан пайдо бўлмоқда, нега авваллари оилавий ажрашишлар ҳозиргига қараганда кам кузатилган? – деган саволлар туғилади.

Туман ФҲДЁ бўлими томонидан тақдим  этилган маълумотлар билан танишарканман, бунинг энг муҳим сабабларидан бири оила қадриятларига муносабатнинг сустлигида эмасмикан, деган фикрга келдим. Ҳаётий кузатишларимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, авваллари ота-оналаримиз ўғил-қизлари учун нафақат умр йўлдош, балки қуда-қудағай танлашда ҳам ўта эҳтиёткор бўлганларига кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Эшигини очиб келган совчиларнинг нега уруғ-аймоғини суриштиришган? Қизи ноқобил йигитнинг этагини тутиб кетмасин, деб ўғли танлаган қизнинг палаги тозами, ўғлига лойиқми, бири-бири билан гап-сўзи қовушадими, барчасини ҳисобга олишган.  Фарзандлари ҳаётга ҳалол-у покиза назар билан кириб боришлари учун ота-оналарнинг  танлови ва қарорлари кўп ҳолларда ўта муҳим ҳисобланган. Ҳозир-чи? Ҳозир бунинг тамоман акси! Турмуш учун зарурий бир сандиққина сеплар билан узатиладиган қизларимизни бир эмас, бир неча машинага юк бўладиган кўч-кўрон билан турмушга бераётирмиз. Ҳатто виждони қийналмайдиган айрим қудалар қиз томонга “уни олиб келинг, буни олиб келинг”, қабилида буйруқлар беришгача бориб етишмоқда. Ҳали ҳаётда боши оғриб бир-икки сўм пул топмаган ёш келин-куёв бирданига ҳамма нарсага эга, бекам-у кўст оила соҳиб ва соҳибалари бўлиб олишгач, уларда ҳаётга енгил қараш, худбинлик кайфияти пайдо бўлаётир, назаримда.

– Ёш оилаларнинг ажрашиб кетишлари учун арзирли сабаблар жуда кам, –дейди туман ФҲДЁ бўлими мудири Санобар Холбоева. – 2018 йилда 1703 та никоҳ қайд этилган бўлса, 2019 йилда бу 1707 тани ташкил этди. Никоҳни қайд этиш 4 тага ошган. Бу қувонарли, лекин турли сабаблар билан ажрашишлар сонининг ошиб бораётгани ачинарли. Ажрашишга қарор қилганларни бу фикрларидан қайтаришга қанчалик уринмайлик, деярли кўпчилиги катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган инсонларни ҳам эшитишни хоҳлашмайди. Осонгина ажрашиб кетишади.

Эътибор беринг: 2018 йилда 106 та, 2019 йилда эса 109 та ажрашиш қайд этилган. Шундан вояга етмаган фарзандлари бўлмаган, ФҲДЁ бўлимида, ўз розиликлари билан ажрашган эр-хотинлар 2018 йилда 6 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу 17 тага етган. 91 та оила биринчи никоҳидан суд қарори орқали ажрашган. Эр-хотиндан бири такрорий никоҳда бўлган 1 оила ҳам суд қарорига асосан ажрашиб кетишган.

Ҳаётий бир мисол: Г. севиб турмуш қурган оиласидаги муҳитга мослаша олмади. Гоҳида бор, гоҳида тақчил рўзғор жиловини тутиб турган қайнонасининг иш ўргатишлари, маслаҳатларини қабул қилолмади. Тез-тез ота-онасиникига кетаверди, ота-оналарини, эрини эшитишни ҳам истамади. Бир нафар қиз фарзанди билан оиласидан ажрашган Г. бир фарзанди билан хотинидан ажрашган эркакка қайта турмушга чиқди. Иккинчи оиласида яна бир фарзандли бўлди. Биринчи эридан қизи учун алимент ололмай сарсон. Эри эса биринчи хотинига ҳар ой сайин фалон минг сўм алимент пулини нақдлаб беради.

– Қаттиқ пушаймонман, ажрашмасам бўлар экан, – дейди Г. – Мен биринчи эримдан алимент ундиролмай овораман, эрим эса ажрашган хотинига фарзанди учун ҳар ойда нақд пул беришни канда қилмайди. Эримнинг кўнгли ҳам, меҳри ҳам бўлинган...

Бундай кўнгли ва меҳри бўлинган эр-хотинлар афсуски, кўп.

Оила мустаҳкамлигини таъминлашда эр-хотин алоҳида эътибор берадиган жиҳатлар талайгина. Аввало шуни айтиш керакки, янги оилаларда фарзанд туғилиши билан боғлиқ масалаларга кўпчилик эр-хотин эътиборсизлик билан қарашади. Оила шажарасининг давомчиси бўлган янги инсоннинг дунёга келишини қайд этиш – ўз оиласи сафининг кўпайгани, ўз вужудидан янги авлод яралаётгани Аллоҳнинг жуда катта инъоми эканлигини унчалик теран ҳис этавермайдилар. Кўпчилик ҳолатларда боланинг туғилиши муддати ўтказиб қайд этилади. Хусусан, 2019 йил давомида туманимиздаги оилаларда 4762 нафар чақалоқ дунёга келган бўлса, шундан туғилишини муддати ўтказиб қайд этилганлари 218 тани ташкил этади. Албатта, оилада фарзанднинг дунёга келиши ва оила аъзолари билан тенг ҳуқуқли инсон сифатида исм-шарифи қайд этилган ҳужжатга ўз вақтида эга бўлишини таъминлаш ҳам эр-хотиннинг оила қадриятларига муносабатини белгилайди.

ФҲДЁ бўлимида никоҳларини бахтиёрлик билан қайд эттираётган ёшлар кўзимизни қувнатиб, кўнглимизни шодликка тўлдиради. Лекин минг-минг таассуфки, ана шу бахтиёр ёшлар орасида вақт ўтиб ёлғиз оналар пайдо бўлганини, фарзанди учун алимент тўлашни унутган оталар судларнинг эшикларига қатнаётганини кўриш жуда оғир.

– Ёшларимиз орасида, афсуски, шундайлари бор, – дейди Санобар Холбоева. – 2019 йил давомида туман ФҲДЁ бўлимида ёлғиз онадан туғилишини қайд этиш 109 тани, топиб олинган, ташлаб кетилган чақалоқлар туғилишини қайд этиш 7 тани ташкил этди. Оталикни белгилаш борасида ҳам шундай ҳолатларни кузатиш мумкин. 2019 йил давомида жами оталикни белгилаш 330 та бўлиб, шундан 24 таси суд қарори асосида қайд этилди.

– Иш фаолиятимда инсоннинг юрагини ларзага келтирадиган ҳолатларга дуч келаман, – давом этади Санобар Холбоева. – Тақдир синовими, бефарзандлик туфайли сабр-тоқат билан яшаган, ўзаро меҳр-оқибатли эр-хотинлар ажрашишга қарор қилишса, уларни тушуниш мумкин. Лекин ҳаётни, оилани ўйинчоқ билган айримлар болаларини тирик етим қилиб, арзимаган сабаб билан ажрашишга қарор қилишади. Ўртада бегуноҳ гўдаклар тирик етимлик жабрини тортишади. Бири ўгай ота, бири ўгай она турткиси билан яшашга мажбур бўлишади. Яна бир тоифа аёллар (асосан ёш-ёш қизлар) енгилтаклик билан қилган гуноҳларини ўзларича “ёпиб” боласини ташлаб кетишади. Ана шуниси ёмон, жуда ёмон!

Ҳа, азизлар, бу наинки инсон зотига иснод, балки жамиятга, Аллоҳнинг улуғ иноятига хиёнатдир. Кимдир йиллар давомида фарзандсизлик жабрини тортади. Худойимдан биргина зурриёд беришини тилашдан ҳеч чарчамайди. Аллоҳим меҳримга, илтижомга бир мукофотини берар, деган умидда фарзанд асраб олади. Қайсидир нобакор, нотавон, кўзи, қалби кўр кимсанинг ташлаб кетган (ташландиқ, демоққа тил бормайди) боласига меҳрини беради, қалбида, кўзида асраб улғайтиради. Асло, “ташландиқ” демайди. Ахир Аллоҳнинг иродаси билангина инсон вужудида инсон яралади, дунёга келади, улғайиб, балки яхши инсон бўлади, балки шу мурғак жон дунёни ўзгартиради. Эҳтимол...

Ахир уни Аллоҳ яратган. Аллоҳнинг неъматларига ношукурлик қилиш – тирикликка, ҳаётга, ҳазрати Одамга хиёнат эмасми?! Бизнингча, шундай!

Бугун муҳаббат билан бири-бирига боқиб турган икки ёш кўнгилда эртага бири-бирини рад этгулик манфий куч қайдан пайдо бўлаётир? Албатта, лоқайдликдан, азизлар. Бири интернет тармоғи орқали яна бири телефонда, бирлари кўча-кўйда, тўйда, талабаликда танишиб, оила қураётган ёшларнинг қарорларини қўллаб-қувватлашда биз катталар хато қилаётганимиз йўқми? Дабдабали тўй, қўша-қўша жиҳозлар-у, сарпо-суруқларга бир кунда эга чиққан ёш оила ҳаёт, турмуш машаққатларига дуч келганида бири-бирига елка тутмоқни, оиладек муқаддас гўшани обод этиш ўзларининг бурчи эканлигини унчалик англаб етишмаётир, назаримда.

Ота бўлиб ўғлимизга, она бўлиб қизимизга оила қадриятлари, турмушнинг залворли машаққатлари ҳақида ўз хатти-ҳаракатларимиз, оиладаги намунали тутумларимиз, муаммолар қошидаги босиқлигимиз, самимиятимиз билан ибратли ва севимли бўлсак, фарзандларимиз биз қурган оила қўрғони қадриятларини ўзларига, албатта, сингдирадилар.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: