"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

Қутуриш – хавфли касаллик

Қутуриш - ҳайвонлар ва одамда учрайдиган, асаб тизимининг оғир шикастланиши билан кечадиган ҳамда ўлим билан якун топадиган - ўта хавфли юқумли вирусли касалликдир.           Касалликнинг асосий манбаи қутурган уй ҳайвонлари – ит, мушук, сигир, от, эшак, чўчқа, ёввойи ҳайвонлардан - чиябўри, тулки, бўрсиқ ва бошқа ҳайвонлар ҳисобланади. Қутуриш касаллиги йилнинг барча фаслларида, айниқса баҳор ва куз ойларида кўпроқ учрайди. Одамларга қутуриш касаллиги 90-95 фоиз ҳолатларда итлардан юқади. Касаллик одамга қутуриш касаллигига чалинган ҳайвонларнинг тишлаши, тирнаши, тишларининг қадалиши, шунингдек, жароҳатланган тери ва шиллиқ қаватларига сўлаги тушиши пайтида юқади. Одамнинг боши ва юзини ит тишлаши, оёқ ва қўлларини тишлагандан кўра анча хавфли. Итнинг кийим-кечак устидан одамни тишлаши ҳам хатарли. Одамнинг жароҳатланган терисига тушган ҳайвонларнинг сўлагидаги вирус нерв толалари бўйлаб бош ва орқа мияга етиб боради ва уларда кўпайиб, чуқур ўзгаришлар юз беришига сабаб бўлади. Айниқса, адашган нерв - томоқтил нерви ва тил ости нервларининг ядролари кўпроқ зарарланади. Ютиш ва нафасда қатнашадиган мускулларнинг тортишиб қисқариш, талвасага тушиб, тиришиш, қаттиқ терлаш ва сўлак оқиши ана шу нервларнинг зарарланишига боғлиқ. Бош мияда кўпайган вируслар нерв толалари орқали ички органларга, жумладан сўлак безларига ўтади. Касаллик ўта оғир кечиб, доимо ўлим билан тугайди.

Касалликнинг яширин даври 1-2 ой давом этади, баъзан 2 ҳафтагача қисқариши ёки 1 йилгача узайиши мумкин. Яширин даврнинг қисқа ёки узоқ бўлиши қутурган ҳайвон тишлаганида юзага келган жароҳатнинг қаерда жойлашгани, катта-кичиклиги ва чуқур-юзакилигига боғлиқ. Жароҳат бош ёки юзда бўлса, яширин давр қисқаради. Болаларда эса бу давр катталардагига қараганда умуман қисқароқ давом этади.

Қутуриш касаллиги асосан уч даврга ажратилади:

- бошланғич ёки продрома даври;       

- қўзғалиш даври;

- фалаж даври.

Қутуриш касаллигига чалинган ҳайвонлар тажовузкор бўлиб, дуч келган ҳайвонлар ва одамларга ташланади, тишлашга, тирнашга ҳаракат қилади. Ёруғликдан қўрқади, қоронғу жойга кириб олишга ҳаракат қилади, эгаси чақирганида олдига келмайди. Овқатланишдан бош тортади, тўғри келган жисмларни оғзига солиб, ютади, оғзидан жуда кўп сўлак оқади, безовта бўлади, товуши бўғилиб бошлайди ва орқа оёқларида юролмай қолади, яъни фалажланиш ҳолатлари кузатилади. Касаллик ўлим билан якун топади.

Қутуриш касаллигининг олдини олиш учун итни доимо боғланган ҳолда сақлаш, кўчага олиб чиқилганда тумшуқ тасмасини тақиш, итни тунда кўчага чиқариб юбормаслик ва кўчада қаровсиз қолишига йўл қўймаслик керак. Итларни сотиб олишда ва бошқа жойга кўчганда уларни тегишли давлат ветеринария бўлимларида рўйхатдан ўтказиш ҳамда қутуриш касаллигига қарши эҳтиётдан эмлаш ишларини олиб бориш зарур. Бундан ташқари, уйда сақланаётган уй ҳайвонларини мунтазам равишда ветеринария кўригидан ўтказиш зарур. Азиз фуқаролар! Мабодо, сизни ҳайвон тишласа ёки сўлаги жароҳатланган тери ва шиллиқ қаватингизга тушса, унда сиз зудлик билан шифокорга мурожаат қилишингиз ҳамда мутахассис тавсиясига кўра, қутуришга қарши ўз вақтида ва тўлиқ эмланишингиз керак.

Т.Бобониёзов,

туман ДСЭНМ бош врачи.

(Фото: http://www.uzssgzt.uz)

Янгиликни бўлишинг: