"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10184.7 +10.60
  • 1 EUR = 11455.8 +43.50
  • 1 RUB = 142.48 -3.97

Pепродуктив саломатликни мустаҳкамлаш мақсадида ўқувчи-ёшлар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда

Pепродуктив  саломатлик – бу  одамдаги  репродуктив тизим ва унинг фаолиятига боғлиқ  барча масалаларда  фақат касаллик  ва камчиликлар  йўқлиги бўлибгина қолмай, балки тўлиқ жисмоний, ақлий, ижтимоий  муваффақиятларга эриша олиш даражасидир. Оилада фарзандлар дунёга келиши, онанинг ва туғилажак боланинг саломатлиги учун мақбул шароитларни яратиш  туфайлигина бунга эришилади. Бунда  фақат туғилажак фарзандлар сони эмас, балки  оилалар фаровонлигини таъминлаш,  уларда ижобий психологик иқлимнинг  ҳукм суришига эришиш,  оналар ва болалар саломатлигини сақлаш,  оиланинг  том маънодаги мустаҳкамлигини сақлаш ҳам назарда тутилган.

        Мамлакатимизда   кейинги йилларда шу боисдан ҳам  аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар, ўсмирлар  соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида  аҳолини мақсадли патронаж ва профилактик кўриклар билан  қамраб олишга, касалликларни барвақт аниқлашга ва бартараф этишга  алоҳида эътибор қаратилмоқда.

         Шу мақсадда  ҳар йилги анъанага  мувофиқ  туман Тиббиёт бирлашмаси   маъмуриятининг 2020 йил 15 январдаги  буйруғига кўра, туманимиздаги  мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган,  мактабларда таълим-тарбия олаётган ва оилаларда тарбияланаётган вояга етмаган  болаларни , ўқувчи-ёшларни  тор доирадаги мутахассис шифокорлар  иштирокида чуқурлаштирилган  тиббий  кўрикдан ўтказиш ишлари бошланиб кетди.

Туманимизда яшовчи 199 минг 31 нафар аҳолининг  69 минг 229 нафарини вояга етмаганлар ташкил қилади. Шундан мактабларда таълим олаётган ўқувчилар сони  38218  нафардир.  2019 йилда ўтказилган  чуқурлаштирилган тиббий кўрикка жами вояга етмаганларнинг 99,98 фоизи қамраб олинди. Натижада 54 минг 135 нафари соғлом  эканлиги, 13 минг 602  нафарида турли касалликлар аломатлари  мавжудлиги аниқланган эди. Шундан  13 минг 502 нафар болалар соғломлаштирилди.

      Жорий йил 20 январдан бошланган вояга етмаганларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишларига  8 та бригада жалб қилинди. Уларнинг сафига  психоневролог, стоматолог, офтальмолог, қулоқ-томоқ бурун касалликлари, жарроҳ-ортопед, эндокринолог, ўсмирлар ва болалар гинекологи  шифокорлари,  УЗИ мутахассислари  киритилган бўлиб, таълим муассасаларига ташриф буюрган ҳолда тиббий кўрик ишлари бошлаб юборилди.  

Чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан  ўтказиш ишлари  туманимизнинг 55-сонли ва 31-сонли мактабларида ҳам масъулият билан ўтказилди.  Кўрик давомидаги натижалар бўйича ҳисоботлар  синфлар раҳбарларига тақдим этилди. Касаллик аниқланган ҳолатларда уларга қайта  текширув ва даволаниш учун туман  кўптармоқли марказий поликлиникасига  боришлари тавсия қилинди.  

Шундай вақтларда ота-оналар ҳам фарзандлари саломатлигига эътиборли бўлиб, шифокорлар тавсияларига амал қилсалар,  ҳар хил касалликларнинг олди олинган бўлар эди. Ахир касалликни даволатган кўра олдини олиш афзал эканлиги барчага аён ҳақиқат.

Туманимизда вояга етмаганларнинг  чуқурлаштирилган тиббий кўригини   шу йил май ойининг 15 санасигача ўтказиш режалаштирилган.

       О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: