"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

“ПОЛВОНБОЙ ОВУЛИ” МЧЖ БИP КУНДА ИККИ ЯНГИ ЦЕХ ФАОЛИЯТИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙДИ

Тўлқин овулида фаолият юритаётган “Полвонбой овули” масъулияти чекланган жамияти асосан чорвачилик маҳсулотлари етиштиришга асосланган. Ҳозирги кунда 200 тадан зиёд қорамол парваришланаётган бўлса, шуларнинг 110 бошдан зиёдини  зотдор моллар ташкил этади, 75 боши 2019 йилда Украина давлатидан келтирилган эди. Мавжуд қорамолларни  парваришлаш учун корхонага қарашли 47 гектардан зиёд майдонда озуқабоп экинлар етиштирилади ва тўйимли озуқа тайёрланиб, белгиланган меъёрда берилади.

Маъсулияти чекланган жамиятда ҳар йили гўшт, сут етиштириш режалари ортиғи билан бажариб келинаяпти. Корхонада етиштирилаётган чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш мақсадида шу йил 22 январь куни Тўлқин овули марказида қаймоқ ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди. Жамиятнинг ўз маблағи ва “Халқ банки” Манғит филиалининг 285 миллиондан зиёд кредит маблағи эвазига Италиядан келтирилган замонавий технология кунига 1 тонна қаймоқ тайёрлаш имконини беради. Сметана,  кефир, қатиқ, йогурт ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда.

“Полвонбой овули” масъулияти чекланган жамиятида аввал 6 нафар тўлқинликлар иш билан банд бўлган бўлса, қаймоқ ишлаб чиқариш цехи ишга туширилиши билан яна учта янги иш ўрни яратилди.

Цехнинг ишга туширилишига бағишланган йиғилишда туман ҳокими Султонбой  Йўлдошев, овул фаоллари иштирок этдилар ва иш бошлаётган цех фаолияти юртдошларимизни арзон, сифатли ва маҳаллий чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим ҳисса бўлиб қўшилишига ишонч билдирдилар.

Шуниси эътиборлики, янгиликка интилувчан, изланувчан ва меҳнат фаолиятини кенгайтиришга ҳаракат қилаётган “Полвонбой овули” МЧЖ раҳбарияти қаймоқ ишлаб чиқариш цехи билан биргаликда шу ернинг ўзида нон пишириш цехини ҳам бунёд этди. Натижада овулнинг яна уч фуқароси доимий иш ўрнига эга бўлдилар.

Кунига талабга қараб 1000 тага нон, қолипли нон, батон нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга цех ишга туширилиши овул ҳаётида муҳим воқеа бўлди.

Туман ҳокими С.Йўлдошев цехдаги тайёрланган илк маҳсулотларга улкан баҳо берди ва юртдошлари учун ана шундай хайрли ишларни амалга ошираётган учун корхона раҳбари Мансур Хўжааҳмедовга улкан миннатдорчилик билдирди.

Мамлакатимизда тадбиркорликка, ишбилармонликка кенг йўл очилаётгани овул ёшларининг доимий иш ўрнига эга бўлиши, юртимиз фаровонлигига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: