"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

«Соғлом бола йили» Давлат дастури – юрт истиқболи йўлидаги муҳим ҳужжатдир

Соғлом фарзанд – миллат келажаги. Шу сабабли мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб юртимизда соғлом она – соғлом бола тамойили асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш борасидаги тизимли ишларни изчил давом эттириш ва янги босқичга кўтариш мақсадида 2014 йил мамлакатимизда "Соғлом бола йили” деб эълон қилинган эди.

Шу муносабат билан 2014 йил 19 февраль куни Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг «Соғлом бола йили» Давлат дастури тўғрисида»ги ПҚ-2133-сонли Қарори қабул қилинди.

Мамлакатимизда жисмоний соғлом, маънавий етук, ҳар томонлама уйғун ва баркамол ривожланган, мустақил фикрлайдиган, интеллектуал салоҳиятга, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш вазифасини изчил давом эттириш учун аниқ мақсадга қаратилган кенг кўламдаги комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини шу йўлда сафарбар этиш мақсадида қабул қилинган ушбу дастур 7 бўлим ва 125 банддан иборат.

Президентимизнинг юқоридаги қарори билан «Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга оширишнинг устувор вазифалари ва йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантириш учун қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, соғлом боланинг дунёга келиши масаласига соғлом ва аҳил оиланинг меваси сифатида қараб, оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлом болани вояга етказишда соғлиқни сақлаш тизими ва тиббиёт ходимларининг роли ва масъулиятини ошириш, бу борада таълим-тарбия тизими ва спортнинг ролини кучайтириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишда давлат ва жамият томонидан кўрсатиладиган ёрдам ва мададни кучайтириш, соғлом болани, айниқса, қиз болаларни тарбиялаб вояга етказишда маҳалла ва бошқа жамоат тузилмаларининг ролини ошириш ҳамда Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари ҳамда унинг бажарилиши тўғрисида кенг ахборот-тушунтириш ишлари олиб бориш каби масалалар шулар жумласидандир.

Соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантириш учун қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш мақсадида «Болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Аҳолининг санитария-эпидемиологик хотиржамлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Pеспубликаси қонунлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, янги таҳрирдаги «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Pеспубликасида ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида»ги қонунлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, кодекслар, қатор қонун ва қонун ости ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳасини ишлаб чиқиш каби тадбирлар бажарилиши белгиланган.

Соғлом бола – аввало соғлом ва аҳил оиланинг мевасидир. Шу мақсадда дастурнинг иккинчи бобида оилада ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятлар муҳитини шакллантириш, ёш оилаларнинг оёққа туриб олиши учун моддий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болалик ҳимоясини таъминлаш, она ва боланинг саломатлигини мустаҳкамлаш, аёлларнинг ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши, уларнинг рўзғор ташвишларини енгиллаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Дастурда шунингдек, соғлом болани вояга етказишда соғлиқни сақлаш тизими ва тиббиёт ходимларининг ўрни ва масъулиятини ошириш, таълим-тарбия тизими ва спортнинг ролини кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Дастурнинг 6-бўлимида маҳалла ва бошқа жамоат тузилмалари зиммасига катта масъулиятлар юкланган.

Дарҳақиқат, "Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган халқ ҳикматида чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассам. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, жорий йилда маҳалла оқсоқоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, маҳалла посбонларининг жамиятимиздаги тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашдаги масъулияти янада ортади.

Шунинг билан бирга эрта никоҳларнинг, оилавий низоларнинг олдини олиш, оилавий маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш каби масалаларда кўпни кўрган, тажрибали маҳалла фаолларимиз фидойилик намуналарини кўрсатиши керак. Кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва бошқа масалалар ҳам борки, уларни амалга оширишда кўрсатган жонбозлигимиз элнинг бизга нисбатан ҳурмат ва ишончини оширади.

Давлат дастурининг 5 та бандида "Маҳалла” хайрия жамоат фонди асосий ижрочи, 19 тасида эса ҳамижрочилар қаторида белгилангани ҳам бизнинг тузилмамизга Давлатимиз томонидан билдирилаётган ишончнинг амалий ифодасидир. Ўйлайманки, туманимиздаги ҳар бир овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари шу масъулиятни ҳис қилган ҳолда иш олиб борадилар.

Энг муҳими шундаки, Pеспубликамизда мавжуд икки юздан ортиқ шаҳар ва туманлар орасида 2 та ҳудуд "Соғлом бола йили” давлат дастурини амалга оширишда таянч ҳудудлар деб белгиланди. Шулардан бири – Амударё туманидир. Бу масъулият туманимизда яшаётган ҳар бир фуқарони дастур ижросига, шу орқали она Ватанимиз ривожига ўз меҳнати, касб фаолияти билан муносиб ҳисса қўшишга чорлайди.

Pустам PЎЗМЕТОВ,

"Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

Янгиликни бўлишинг: