"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

Орамиздаги одамлар

Муаллим

Муаллим! Гўё зулмат бағрини ёритиб, қўлларида машъала тутиб яшагувчи инсон! У ҳақда сўз айтсак, кўнгилларимиз тозаради, яйраб кетамиз. Болалик шўхликларимизни, ўзимиз билан бирга улғайган эзгу орзуларимизни юрак-юрагидан ҳис этиб, тушуниб ва қўллагувчи мукаррам зот. Қувончларимизга бутун умр ошно энг самимий, энг меҳрибон дўст - Устоз!

Нигоҳлари теран, кичик жуссали, феълида самимият билан қатъият ҳоким бўлган Саъдулла ака Собиров ҳақида ўйлаганимизда тасаввуримизда олис ўқувчилик йилларимиз жонланади. Болаликнинг беғубор кунларидан бирида ҳаётимизга кириб келган бу ажойиб инсонни бир синф тўла болалар катта ҳурмат билан яхши кўриб қолганмиз.

Саъдулла ака синфга кириб келишлари билан энг шўх болалар ҳам интизомли, ҳатто мулойим бўлиб қолишарди. Устознинг дарсларини катта эътибор билан тинглардик. Кимё-биология фанидан ёмон ўқийдиган болалар ҳам яхши ўзлаштиришга жон-жаҳди билан интилишарди. Устоз эса Менделеевнинг даврий системасидаги 104 та элементнинг ҳар бири ҳақида мўъжизалар оламидан сўз очган каби жонли мисоллар келтирардилар. Кимёвий тажрибалар ўтказардик биргаликда. Устознинг дарс ўтиш услубидами ёки  овозидами қандайдир сеҳр бордай эди. Саъдулла аканинг дарслари адабиёт, ҳатто шеърият даражасида ўқувчини маҳлиё қилиб қўярди.

Шунданми, устоз қайси жамоада меҳнат қилишидан қатъий назар, энг аввало ўз ўқувчилари эътиборини қозондилар. 1971 йилда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтининг кимё-биология факультетини тугатган Саъдулла ака Собиров ўзининг 42 йиллик педагогик фаолияти давомида юзлаб ўқувчиларга кимё ва биология фанларидан чуқур билим бердилар. Туманимиздаги 16-сонли, 22-, 1-, 38-сонли ўрта мактабларда, 8-сонли иқтидорли болалар лицей-интернатида таҳсил олган собиқ ўқувчилари орасидан ўнлаб эл севган шифокорлар, кимё ва биология фанлари ўқитувчилари етишиб чиқди.

Ишда ниҳоятда фидойи, ўта камтар ва самимий бўлган Саъдулла ака ўзи ҳақида умуман гапиришни ёқтирмайдилар. Аслида эса бутун онгли ҳаёти ёш авлод таълим-тарбияси учун бағишланган устознинг наинки ҳаёт йўли, балки ҳар бир соат дарсининг ўзи ибрат мактаби. Таълим тизимига кириб келган ҳар қандай янгилик ҳали кўпчиликка етиб бормасиданоқ Саъдулла ака Собировнинг дарсларида ўз аксини топади. Кўргазмали қуроллар, инновацион технологиялар, кимёвий тажриба майдончалари, лаборатория машғулотлари - Саъдулла Собировнинг дарс ўтишдаги ўзига хос услуби бўлса, ўқувчилар учун буларнинг барчаси дарсни узвий ўзлаштириб боришлари учун устоз томонидан яратилган имконият.

-Халқимизда яхши бир ҳикмат бор, - мамнуният билан сўзлайди устоз. -«Устоздан ўтмаган шогирд шогирд эмас», - дейишади. -Ҳозир ўзим ўқитган собиқ ўқувчиларим ҳам кўплаб ёшларга устоз.

Дарвоқе, Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси нишони соҳибалари Pайҳон Қаландарова, Мақсуда Собирова, шунингдек, Сайёра Ёқубова, Дилноза Умарова, Комила Юсупова, Нигора Собирова, Меҳрибон Абдуллаевалар кимё-биология фанлари ўқитувчилари, Баҳодир Дўсимбетов эса 8-сонли иқтидорли болалар мактабида директор ўринбосари бўлиб ишламоқда.

Меҳнат қилган элда азиз, дейдилар. Ўз камтарин меҳнати билан элда ҳурмат ва эътибор топган Саъдулла ака Собировнинг фидойи меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. Устоз «Қорақалпоғистон Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони ва Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.

Оилада меҳрибон ва қаттиққўл ота, маҳаллада назаркарда инсон бўлган Саъдулла Собировнинг фарзандлари ҳам эл-у юрт ҳурматига лойиқ инсонлар бўлиб етишдилар. Фарзандларининг барчаси олий маълумотли. Мақсуда кимё фани ўқитувчиси, ўғли Ҳакимбой эл севган шифокор, Шаҳлохон эса халқаро иқтисодий алоқалар ва дипломатия институтида, докторантурада таҳсил олмоқда, бўлғуси сиёсатшунос. Умр йўлдоши Гулжон опа Давлатбоева ҳам ёшларнинг севимли утози, нафақадаги муаллима. Бўш вақтларида мўъжазгина томорқасида ер чопиб, мевали дарахтлар экиб, ҳатто полиз ва сабзавотлардан мўл ҳосил оладиган устознинг меҳр билан ишлашини кўрсангиз  шунчаки ҳаваскор деҳқон эмаслигига тан берасиз. Умр йўлдоши Гулжон опа бошчилигида келин-у қизлари тайёрлаган турли хил консерва маҳсулотларидан татиб кўрсангиз: "бу хонадондагилар бунча пазанда бўлишмаса”, - дея ҳавасингиз ортади. Тилларидан ширин калом, қўлларидан асло китоб тушмайдиган фарзандлар, жажжи невараларнинг қиш ойларида уйларига кўрк бериб гуркираб ўсиб ётган хона гулларини меҳр билан парваришлаб, завқ олганлари-чи! Оиланинг ҳамиша файзли, очиқ дастурхонидаги тўкинлик, қут-барака – устоз умрининг ободон турмуши ҳамда гўзал қалбининг чиройли ифодаси. Буни устоз оддийгина қилиб:

- Эл қатори яшаб юрибмиз-да, - дейдилар самимият билан.

Мабодо ундан ўз касби ҳақида сўрагудек бўлсангиз: -Бу дунёда югуриб-елиб топган бор бойлигимиз шулар, - дейди устоз синфни тўлдириб ўтирган ўқувчиларига ишора қилиб. -Ўқувчиларимни бир кун кўрмасам соғиниб қоламан.

Ким учун моддий неъмат - бойлик, ким учун эса маънавий – олам бойлик! Саъдулла аканинг бойлиги ҳам, ҳаёт мазмуни ҳам файзга тўла оиласи, севимли ўқувчилари, мактаб ва ёш авлод тарбияси билан боғлиқ касби. Устоз ана шулардан ҳузур-ҳаловат топади, кўнгли тўлиб яшайди. Зеро

Ҳаёт деган йўлларда юриб,

Топган иши - тарбия, таълим.

Мақтанмайди кўксига уриб,

У шундайин оддий Муаллим!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА, 

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,

"www.Amu news.uz” мухбирлари.

Суратда: Саъдулла Собиров турмуш ўртоғи Гулжон Давлатбоева ва неваралари билан.

Янгиликни бўлишинг: