"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9526.28 -2.49
  • 1 EUR = 10329.3 +9.70
  • 1 RUB = 148.82 -2.07

“Саводхонлик байрами” таассуротларга бой бўлди

Мактаб остонасига илк қадам қўйган кунларидан бошлаб она тилимизни ўрганиб, бир мунча улғайиб қолган болажонлар учун “Саводхонлик байрами” тадбирлари худди илк имтиҳон сингари. Сабаби ана шу тадбирда улар “Алифбе” китобини қай даражада ўзлаштиргани, бошланғич таълим бўйича эгаллаган дастлабки билимлари намоён бўлади, интеллектуал ўйинлар, қизиқарли савол-жавоблар ва  шеър, қўшиқ, рақслар ижро этиш орқали устозлари таълимини қай даражада ўзлаштирганликларини кўрсатишади.
Ўқувчиларнинг эришган ютуқларининг якуни ҳисобланмиш байрам тадбирини мазмунли, эсда қоларли қилиб ўтказиш ҳар бир бошланғич синф ўқитувчисининг орзусидир.

Туманимиздаги 57-сонли мактабнинг  бошланғич синф ўқитувчиси Адолат Ҳасанова ўз муаллимлик фаолиятида 2019-2020 ўқув йили бошида иккинчи бора 1-синфга болаларни қабул қилиб олди. Ўқув йилининг иккинчи чораги охирги кунларида у ҳам ўз синфида таълим олаётган 19 нафар ўқувчиларнинг “Саводхонлик байрами”ни кўнгилдагидек ўтказиш учун астойдил интилди. Бу ҳақда ўқувчиларининг ота-оналарини ҳам хабардор қилди. Биргаликда тайёргарликлар кўришди. Байрам ўтказиладиган кун синфхона ўқувчилар чизган энг чиройли қиш манзаралари, ясаган буюмлари, қиш безаклари билан ясатилди.

Болаларнинг ҳар бирининг турли  ҳарфлар тимсолида даврага кириб келиб, қандай сўзлар, қандай жисмлар айнан шу ҳарф билан бошланишини шеърий ифодалаб берганларида ота-оналар ҳам, устозлари ҳам қизғин олқишлаб, хурсанд бўлдилар. Ўқувчилар ҳарфларни ўқиш, ёзишни ўрганиб олганликлари учун “Алифбе” китобига миннатдорчилик билдириб хайрлашдилар, она тили ва ўқиш китоби билан танишиб, дўст, иноқликда илм олишни давом эттиришга сўз бердилар. Шундан сўнг, болажонлар янги йил билан барчани қутлаб, шеърий табриклар айтишди.

Саҳнада кичкинтой ўғил-қизлар иштирокида “Тулки ва турна”, “Pостгўй бола” эртаклари асосида намойиш этилган саҳна кўринишлари айниқса, барчани қувонтирди. “Қорақалпоғим” қўшиғига рақс ижро этилганидан сўнг саҳнага илмли, зукко ва оқил болажонларни Янги йил билан қутлаш учун ташриф буюрган Қорбобо ва Қорқиз кўтарилди. Алифбени яхши ўзлаштирганликлари учун болажонларга совғалар улашди ва чиройли қилиб безатилган арча атрофида шеърлар айтишиб, рақсга тушишиб, хурсандчилик қилишди.
Саводхонлик байрами тадбирида айниқса Анора Шерифбоева, Комила Кенжабоева, Жасурбек Саъдуллаев, Шохруҳ Махсудовлар фаол қатнашдилар.

Тадбирда иштирок этган мактаб ўқитувчилари, ота-оналар 1-синф ўқувчиларини ўқув йили ярим йиллигигача ана шундай зукко, ҳозиржавоб, билимдон қилиб тарбиялаган устози Адолат Ҳасановага улкан миннатдорчилик билдиришди. Саводхонлик байрами 1-синф ўқувчиларининг барчаси учун ҳам унутилмас таассуротлар қолдирди


Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: