"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9547.05 -3.76
  • 1 EUR = 10585.8 -35.50
  • 1 RUB = 155.06 -1.59

ҚИШ ЧИЛЛАСИДА ҲАМ БУҒДОЙЗОPЛАP ЯМ-ЯШИЛ

Деҳқоннинг иш вақти қачон бошланиб, қачон тугашини фақат унинг ўзи билади. Тонг билан шом оралиғида тиним билмай ишлаган деҳқон баъзан оқшом пайтлари ҳам дала кезади. Айниқса, баҳорги экиш пайтида, ҳатто бутун ёз бўйи асосий вақти бепоён экинзорларда кечадиган деҳқоннинг ором оладиган дамлари жуда кам. Кузда ҳосили йиғиб олинган далаларда кузги-қишги юмушлар бошланади. Ерлар шудгорланади, униб чиққан буғдой ниҳоллари парвариш қилинади. Шунинг учун ҳам бободеҳқонларимиз қиш фасли – иш фасли, деб бежиз айтишмаган. Уларнинг мана шундай тинимсиз меҳнатлари орқасидан хирмонларда мўл-кўл ҳосил тўпланади.

Ернинг тилини, табиатини билган деҳқонга бизнинг туманимиз иқлим шароитида ҳам буғдойдан юқори ҳосил олиш имконияти бор. Бунинг бирдан-бир омили – ерга эътибор ва майсаларни меҳр билан парвариш қилишдир.

Ўтган 2019 йилда туманда ғалла етиштириш бўйича яхши натижаларга эришилди. Ғаллакорларимиз давлатимиз хирмонига 9749 тоннадан зиёд дон топшириб, бу борадаги шартномавий режаларини Қорақалпоғистонда биринчилардан бўлиб, ортиғи билан бажаришга эришдилар. Ғалла етиштиришдан олинган жами даромад 12 млрд. 248 млн. сўмдан ошди.

Қипчоқ овулидаги “Ҳайтимбетов Султон” фермер хўжалиги раҳбари Анвар Ҳайтимбетовни ҳам айни кунда изласангиз, даладан топасиз. Келаётган янги деҳқончилик йилига  тараддудни кеч куздаёқ бошлаб юборишга одатланган Анвар Ҳайтимбетов ўз фермер хўжалиги тасарруфидаги ерларнинг табиатига монанд иш юритади. Қайси далага қандай ишлов бериш керак, қай бирида алмашлаб экишни йўлга қўйиш зарур? Барининг ҳисоб-китобини пухта қилгач, кузги-қишги тадбирларни бошлайди.

Ўтган деҳқончилик йили Анвар Ҳайтимбетов раҳбарлигидаги фермер хўжалиги учун баракали бўлди. 52 гектар пахта майдонидан 140 тонналик ҳосил олишиб, шартномавий режаларини ошириб адо этишди.

Кўпчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари буғдой етиштириш бизнинг иқлим шароитимизга тўғри келавермайди, деб баҳона қилишади. Анвар Ҳайтимбетовнинг эса бу борада фикри тамоман бошқа.

“Ҳайтимбетов Султон” фермер хўжалиги ғаллакорларининг 2019 йилда хирмонлари донга тўлди. 17 гектар ернинг ҳар гектаридан 70 центнердан ҳосил олишди. Етиштирилган ҳосилнинг 51 тоннаси давлат хазинасига топширилди. Фермер хўжалиги ихтиёрида қолган 40 тоннадан зиёд ғалланинг 10 тоннаси хўжалик ишчиларига тақсимлаб берилди. Ғалладан, пахта етиштиришдан мўл-кўл даромад олган хўжалик ишчиларининг кайфияти баланд.

Айни кунларда фермер хўжалиги ишчилари 2019 йилнинг кузида экилган 17 гектарлик буғдойзорлар парваришини агротехника қоидалари асосида олиб боришмоқда. Кузги буғдой экишда ҳар гектар ҳисобига 250 килограммдан фосфорли ўғит берилиб, униб чиққан буғдой майсалалари гектарига 200 килограммдан карбамид органик ўғити билан озиқлантирилгани учун буғдой майсалари айни қиш чилласида ҳам ям-яшил тусга кирган.

Хўжалик ишчилари Ҳамдам Ҳайитбоев, Омон Ендирбоев, Икром Бобониёзов, Йўлдош Ёқубовлар, механизаторлар Файзулла Шомуродов ва Олим Искандаровлар далалар бошига маҳаллий ўғит чиқариш, компост тайёрлаш каби ишларда фидойилик билан меҳнат қилмоқдалар. Шу кунгача хўжалик ишчилари 100 тоннага яқин маҳаллий ўғит жамғариб қўйишди.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: