"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

Сайёр судда 9 нафар маҳкум муддатидан илгари озод қилинди

Жиноятга жазо муқаррарлигини тушунтириш баробарида, жамиятда адолат, инсонийлик тамойилларининг устуворлигини таъминлаш, адашиб жиноят кўчасига кирган фуқароларни жамиятга қайтариш, соғлом ижтимоий муҳитни қарор топтириш каби мақсадлар кўзланаётган ана шундай тадбирлар натижасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар камайишига эришилмоқда.

Айтиш жоизки, маҳкумлар ҳуқуқларининг сўзсиз таъминланиши, шаъни ва қадр-қимматининг ҳурмат қилиниши, қайта жиноят содир этилишининг олдини олишда Президентимизнинг 2018 йил 7 ноябрдаги “Жиноят-ижроия қонунчилигини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Мазкур қарор ижроси доирасида пробация гуруҳлари ҳисобида турган назоратдаги шахслар билан кенг жамоатчилик иштирокида сайёр суд мажлислари ўтказиб келинмоқда.

Янги йил амударёлик 9 нафар маҳкумларнинг оилалари учун чиндан ҳам қувончли байрам бўлди. туман Ички ишлар бўлимининг мажлислар залида ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида илгари билиб-билмай жиноят содир қилган 9 нафар юртдошларимиздан “Маҳкум” деган тамғани олиб ташлаш масаласи муҳокама қилинди.

Сайёр судда Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Султонмурод Давлетмуродов, туман прокурори ёрдамчиси Санжар Ёрмуҳаммедов, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Улуғбек Худойберганов, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши бош мутахассиси Муҳиддин Ўрозимбетов ҳамда туман Пробация гуруҳи ходимлари қатнашди.

Суд мажлисида туман Ички ишлар органлари Пробация гуруҳи ҳисобида турган жами 9 нафар маҳкум ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажарганлиги ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги сабабли Ўзбекистон Pеспубликаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан шартли равишда муддатидан илгари озод қилинди. Уларнинг маҳкум деган тамғалари олиб ташланди ва оилалари бағрига қайтарилди.

Шундан сўнг, туман ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Улуғбек Худойберганов ва бошқалар сўзга чиқиб, ўтган йилларга нисбатан қайта жиноятларнинг сони камайганлиги ва бу иллатнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир инсоннинг жамиятда муносиб ўрнини топиб кетишига кўмаклашиш учун барча биргаликда ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида сўзладилар. Профилактик аҳамиятга эга бўлган, миллий қадриятларимиз, бағрикенглик тамойилларимизга тўла мос тушадиган бундай тадбирлар фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилади.

И.Жабборберганов, туман ИИО Пробация гуруҳи катта инспектори, майор.

Янгиликни бўлишинг: