"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

Овқатланиш маданиятига амал қилиш орқали саломатликни янада яхшилаш мумкин.

Яъни, ҳар бир киши озиқ- овкат маҳсулотларининг фойдалилик жихатларини билиб, сўнг истеъмол қилиши лозим. Соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда бу янада муҳимроқдир. Хўш, саломатлигимизни мустаҳкамлаш усуллари қандай?

Картошкада  витаминлар  мўл

Картошка  таркибида калий кўп ва у организмдан ортиқча  сувни чиқариб юборишга ёрдам беради. Картошка аскорбин кислотага  ҳам бой. Юз грамм картошкадаги тахминан 20мг аскораб кислотаси организм  кунлик эҳтиёжининг учдан бир қисмини ташкил этади. Картошкада фолат кислотаси, кальций тузи, магний, фосфор, В, PP гурухидаги витаминлар бор.

Картошканинг сиқиб олинган суви билан табиблар ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраларини даволашади. Организмни  хилтлардан тозалаш учун картошка шарбатига сабзи ва салдерей суви аралаштириш лозим. Лекин картошка сувини  қандли диабет ва семизликда ичиш тавсия этилмайди. Чунки  таркибидаги крахмал дарднинг зўрайишига сабаб бўлиши мумкин. Картошка сувини ҳаддан ташкари кўп ичиш ошқозон ости бези фаолиятини ёмонлаштиради.

Таносил касалликларидан қийналаётган кишиларга картошкани кўп истеъмол қилиш мумкин эмас. Акс ҳолда бу пешоб-тош хасталигининг зўрайишига, метеоризмга, ошқозон-ичак йўли касалликларига олиб келади.

Мева ейиш меъёрда бўлсин

Ҳўл меваларни истеъмол қилишда маълум тартиб-қоидалар мавжуд. Буни билиб қўйган маъқул. Айтайлик, анжирда жуда кўп бириктирувчи тўқималар бор. Шу сабабли уни ичаклар яллиғланишида чекланг. Бу мевада қанд миқдори  мўл-кўл бўлгани учун қандли диабет билан касалланганларга тавсия этилмайди.

Шафтолини кун ўртасида, овқатланишдан сал олдин истеъмол қилсангиз, фойдаси кўпроқ бўлади.

Бананни эса оч қоринга еманг, орқасидан сув ичсангиз, янаям ёмон. Оёқ венаси томири кенгайганда(варикозда) банан ейиш умуман тавсия этилмайди. Бу мева  совуқ  мижозли, руҳан ва жисмонан нозик ҳамда тушкунликка мойил кишилар учун зарарли. У жуда секин ҳазм  бўлади, ичакда  кўп ел ҳосил қилади, сафро ажралишини сусайтиради.

Нок ейилгандан сўнг то ҳазм бўлгунча совуқ сув ичиш мумкин эмас. Шунингдек, нокни гўштли таомлар билан ҳам еб бўлмайди. Олхўри ҳаддан зиёд ейилса, бош мия фаолиятини ёмонлаштиради. Олча ва тоғолчани маъда шираси кислоталиги баланд бўлган кишилар камроқ истеъмол қилганлари маъқул.

Ширин анор кўп ейилса, ҳазмни бузади,маъдани заифлаштиради, тери қатламларини дағаллаштиради. Бавосирга чалинган беморларга анор буюрилмайди.

Ёғлар ҳам даволайди

Яшил ўсимликлар ва улардан олинадиган ёғлар шифобахш хусусиятга эга. Масалан, ошқовоқ ёғи ични юмшатади, ўт (сафро) ишлаб чиқарилишини тезлаштиради, жигар ва буйрак ишини яхшилайди.

 Пахта ёғи сал қиздириб болалар шамоллаганда , бурни оққанда томоғига ва белига ҳамда оёқ  кафтларига юпқа қилиб суртилса, шифо бўлади. Оёқ –қўл ва бошқа жойлар лат еганда, суяк синганда 500гр пахта ёғига ярим килограмм пиёзни тўғраб, сўнг қиздириб, шикастланган аъзога  боғланади, шунда шиш қайтиб, оғриқ пасаяди.

Канакунжут ёғи қабзиятда (ич қотганда) 3 махал бир чой қошиқдан оч қоринга  ичилади. Зайтун ёғи юрак касалликларининг олдини  олади, ўт қопини тозалайди, қонда холестерин миқдорини  камайтиради, болаларда  суяк ўсишини  яхшилайди. Зайтун ёғи  ошқозон ва ошқозон ости бези, ичаклар, жигар  фаолиятини  меъёрга солади.  Ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак  яралари битишига   ёрдам беради. Қабзиятдан  қийналадиганлар наҳорда  зайтун ёғидан бир чой қошиқ ичиб туришлари  керак . Зайтун ёғи  витамин Е ва антиооксидантларга бой бўлгани сабабли қаришни секинлаштиради.

Табиблар таъкидлашича , беҳи ёғи совуқ олган  аъзога  ва ёрилган жойга  суртилса , тузалишини тезлаштиради. Ёнғоқ ёғи эса қон оқишини тухтатади. Кучли ич кетиши   ва нафас қисилишида фойдали. Совуқ мижозли кишиларга  ёнғоқ ёғида  палов пишириб едирилади. Буйрак ва қовуқ сустлигига ҳам даво.

Чаканда(облепеха) ёғи кўпинча  куйган жойни даволаш мақсадида  терига суртилади.

Жумабой ЯВҚАШЕВ, Амударё туман тиббиёт

бирлашмаси саломатлик маркази шифокори.

Янгиликни бўлишинг: