"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

Боғдорчилик хўжаликлари учун семинар-тренинг ўтказилди

18-19 декабрь кунлари Амударё туманида Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг “Ўзбекистоннинг танланган ҳудудларида иқтисодиётнинг ривожланишига кўмак” лойиҳаси доирасида “Мева етиштириш замонавий технологиялари – янги интенсив боғлар ташкил қилиш ва мавжуд боғлар унумдорлигини ошириш” мавзусида амалий семинар-тренинг ўтказилди.

Тумандаги боғдорчиликка ихтисослашган деҳқон ва фермер хўжаликлари вакиллари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари иштирок этган семинар-тренингда дастлаб янги интенсив боғларни ташкил этиш, шу жумладан ер танлаш ва кўчат экиш учун унга ишлов бериш, ҳудудий шароитлардан келиб чиқиб, кўчат тури, пайвандтаги ва навларини танлаш, янги экилган дарахтлар учун шакл бериш тизимларини танлаш, янги барпо этилган боғларнинг сув ва ўғитлантиришга бўлган талаблари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Бундан ташқари, мавжуд боғларнинг самарадорлиги ошириш, жумладан, боғларда кўп учрайдиган асосий муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича чора тадбирлари, тиним даврида шакл бериш ва у билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, тиним даврида мевали дарахтларга қўлланилиши мумкин бўлган озуқалар, боғларни қишга самарали тайёрлаш ва кузги агротехник тадбирлар ҳақида маърузалар ўқилди.

Лойиҳа доирасида семинар-тренингга жалб қилинган малакали мутахассислар тренинг иштирокчиларига куз ва қиш ойларида замбуруғ, бактериал ва вирусли касалликлар ҳақида маълумотлар ҳам беришиб, уларга қарши кураш чоралари ҳақида илмий асосланган усулларни тушунтириб ўтдилар.

Маълумки, 2019 йил 11 декабрь куни Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди. Мазкур қарор билан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган очиқ ер майдонлари, ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан бўшаган майдонлар, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган ерларда интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида, шу жумладан, тижорат банклари ва лизинг компаниялари орқали бериш, кейинчалик улар негизида қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ва мева-сабзавот кластерлари тузиш бўйича топшириқлар берилган.

Мазкур лойиҳа ҳам боғлар унумдорлигини ошириш, интенсив боғлар ташкил қилиш орқали олинаётган ҳосил ҳажми ва сифатини оширишни кўзда тутади.

Семинар-тренингнинг иккинчи кунида иштирокчилар учун “Қорақалпоқ агрокимё ҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамияти туман филиалига қарашли интенсив боғда амалий машғулотлар ўтказилди. Мазкур боғнинг умумий ер майдони 7,6 гектар бўлиб, 2013 йилда ташкил қилинган.

Дала амалиёти давомида мутахассислар таъкидлаганларидек, об-ҳаво иссиқ кунлари катта ёшдаги мевали дарахтларга шакл бериб, буташ, сийраклаштириш ишларини бошлаш мумкин. Биринчи галда, катта ёшдаги олма, нок ва бошқа уруғли мева дарахтлар буталади. Боғлар мавсумда етарлича суғорилмаган бўлса, тупроқда намликни сақлаш учун декабрь ойида боғ-токзорларга яхоб суви берилади. Бунда ҳар бир гектарга бир ярим – икки минг куб метр сув сарфланиб, 4-5 кун давомида суғорилади. Шўрланган ерлар атрофидаги коллектор ва зовурлар тозаланади. Янги боғ ва токзорлар барпо этиш мақсадида, ажратилган ерларга 30-40 тонна маҳаллий ўғит ҳамда 300-400 кг фосфор ва калийли ўғитлар солиниб, майдон 35-40 см чуқурликда ҳайдаб қўйилади.

Семинар-тренингда боғларда амалга оширилиши лозим бўлган агротехник тадбирлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Ғ.Ешниёзов

Янгиликни бўлишинг: