"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

Сайлов участкасига кела олмайдиган фуқаролар хонадонларида кўчма сайлов қутиларидан фойдаланиб овоз бердилар

Бугун мамлакатимизда катта сиёсий жараён – вакиллик органларига сайловлар ўтказилмоқда. Кўтаринки руҳ билан ўз конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш учун сайлов участкаларига ташриф буюраётган ҳар бир фуқаро ўзи маъқул билган номзодга овоз бермоқда.

Сайлов арафасида Ўзбекистон Pеспубликасининг Сайлов кодекси асосида, очиқ, демократик тамойиллар, халқаро принципларга риоя қилган ҳолда, республикамизда фаолият юритаётган бешта сиёсий партия ўртасидаги соғлом рақобат асосида қизғин тайёргарлик кўрилди.

Бу йилги сайлов кампаниясида яна муҳим бир жиҳатга, яъни имконияти чекланган фуқароларнинг сиёсий тадбирда фаол иштирок этишига шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Имконияти чекланган фуқароларнинг овоз беришда қатнашиши учун сайлов участкалари алоҳида жиҳозланди. Ногиронларнинг аравачалар билан бемалол бинога кириши учун алоҳида йўлаклар ташкил этилди. Бундан ташқари, кабиналарнинг бири ногиронларнинг яширин овоз бериши учун мўлжалланди. Шунингдек, кўзи ожиз фуқароларга улар учун мўлжалланган Брайл алифбосидаги сайлов бюллетенлари тайёрланди. Буларнинг барчаси имконияти чекланган шахслар жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканини инобатга олган ҳолда амалга оширилди.

Кексалар, ётоқ шароитидаги беморлар учун ҳар бир сайлов участкасига 1 тадан, туман бўйича 58 та кўчма сайлов қутилари ташкил этилди. Сиёсий партияларнинг сайловолди кампанияси билан боғлиқ тарғибот материалларини уларга ҳам етказиб бериш алоҳида назоратга олинди. Шунингдек, сайлов жараёнидан аҳолининг хабардорлик даражасини янада ошириш мақсадида “Мен шахсан ўзим овоз бераман”, “Бизнинг оиламизда ҳар биримиз ўз овозимизга эгамиз”, “Менинг овозим – Ватан келажагига дахлдор”, “Биз танлаш ҳуқуқига эгамиз” мавзуларида тарғибот тадбирлари ўтказиб борилди.

Бугунги сайловда қонунга кўра саломатлиги яхши эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмайдиган айрим сайловчиларнинг яшаш жойларига бориб овоз беришни амалга ошириш кўзда тутилганлиги сабабли 86-сайлов участкасида ҳам кўчма сайлов қутиларидан фойдаланилди. Участка сайлов комиссиясининг 2 нафар аъзоси рўйхатга киритилган 25 нафар фуқаронинг хонадонларига кўчма сайлов қутиси билан ташриф буюрдилар. Кексалиги, ногиронлиги ва беморлиги туфайли уйидан чиқа олмайдиган фуқаролар бу ташрифдан ниҳоятда мамнун бўлдилар.

Олмазор маҳалласидаги Фирдавсий номли кўчада яшовчи 1-гуруҳ ногирони Шамсиддин Шарипов ҳамда маҳалланинг энг кекса фуқароси 92 ёшга кирган Жумагул момо Жуманиёзовалар ҳам сайловда қатнашишларига имконият яратган сайлов комиссияси аъзоларининг фидойилигидан ва барча қатори сайлов имкониятидан фойдаланаётганликларидан жуда хурсанд бўлдилар.

Шунингдек, 126-сайлов участкасида туманимизнинг энг кекса фуқароси 102 ёшли Хадича момо Беканова ҳам кўчма сайлов қутисидан фойдаланиб овоз берди. Уларнинг барчаси мамлакатимиз ҳаётида муҳим бўлган ушбу сайлов жараёнида ўзларининг эътибордан четда эмаслигини ҳис қилдилар.

Ватандошларимиз эртанги кунимиз, юрт тақдири, истиқболи ва тараққиётига бефарқ эмас. Халқимизнинг билим-салоҳияти, ақл-идроки, ҳуқуқий онги ҳамда савияси янада юксалган. Тўла демократик руҳда ўтказилаётган бугунги сайловда ҳар бир фуқаро ўзи муносиб деб билган, турмуш шароитимиз билан таниш, эл дарди билан яшайдиган, халққа қайишадиган номзодларга овоз бермоқда.

О.Худойберганова.

 

Янгиликни бўлишинг: