"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

САЙЛОВЛАP ШАФФОФ ТАPЗДА ЎТКАЗИЛМОҚДА, 72 НАФАP КУЗАТУВЧИ ЖАPАЁННИ КУЗАТИБ БОPМОҚДА

2019 йил 22 декабрь тонгини юртдошларимиз ўзгача, кўтаринки руҳда кутиб олдилар. Сайлов ҳуқуқига эга бўлган ҳамюртларимиз эрталабданоқ эзгу ниятлар билан ўзлари яшаётган ҳудуддаги сайлов участкаларига йўл олмоқдалар.

Айтиш жоизки, сайлов участкаларида сайловчиларнинг эмин-эркин ўз хоҳиш-иродасини ифода этишлари учун барча шароитлар яратилган. Кўзи ожиз, ногиронлик аравачаларида ҳаракатланувчи сайловчилар учун ҳам тенг шароитлар ҳозирланган.

Янги сайлов Кодексига мувофиқ бугунги сайловда сиёсий партияларнинг, халқаро ташкилотларнинг кузатувчиларидан ташқари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари ҳам кузатувчи сифатида иштирок этмоқдалар.

Туманимиз бўйича сайлов жараёнларида сайловда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган сиёсий партияларнинг, ўзини ўзи бошқариш органларининг 72 нафар кузатувчилари иштирок этишмоқда. Улар шу кунгача сайлов комиссияларининг йиғилишларида, шунингдек, номзод кўрсатишга, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувига бағишланган йиғилишларида қатнашиб, сайлов участкаларида сайловга тайёргарликнинг боришини кузатиб борган бўлсалар, айнан бугун сайловнинг шаффоф, ҳаққоний ўтиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширмоқдалар. 86-сонли сайлов участкасида сайлов жараёнида Муродбой Примов Олмазор маҳалла фуқаролар йиғини вакили сифатида кузатувчи сифатида иштирок этмоқда.

– Энг муносиб номзодларнинг овоз олишидан маҳалла жуда манфаатдор. Чунки келгусида ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий юксалишлар кўп жиҳатдан сайланган депутатларга ҳам боғлиқ, – дейди у.

Участкада сайлов жараёнини кузатган киши фуқароларнинг сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фойдаланиб, муносиб номзодларини фаоллик билан қўллаб-қувватлаётганига гувоҳ бўлади.

– Бугун менинг ҳаётимда ўчмас из қолдирган кун бўлди. Чунки мен илк бор сайловда қатнашиш имконига эга бўлдим. Шу кунгача қонунчилигимиздаги сайловчи ҳуқуқларига доир маълумотлар билан, ҳудудимиздан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзодларнинг сайловолди дастури билан яқиндан танишиб чиқдим. Шунинг учун бугун ҳеч иккиланмай ўзим муносиб деб билган номзодимни қўллаб, овоз  бердим, – дейди Олмазор маҳалласида истиқомат қилувчи, Қорақалпоқ давлат университети талабаси Севара Исмоилова.

У талабалар сайловда иштирок этишларига имконият яратиш мақсадида мамлакатимиздаги барча Олий таълим муассасаларида қишки таътил 20 декабрдан бошланганидан ҳам хурсанд.

26-сонли мактабда жойлашган 128-сайлов участкасида  бугун 2056 нафар сайловчилар овоз беради. Уларнинг 9 нафари маълум сабабларга кўра 22 декабрь куни ўз ҳудудларида бўла олмасликлари туфайли муддатидан олдин овоз беришган.

Сайлов участкасида бўлган киши ҳудуд аҳолисининг эрталабдан ўз фуқаролик бурчини адо этиш учун келаётганининг гувоҳи бўлади.

Ёлғош ота Йўлдошев кексайдим демай, эл хизматида, кўчабошчи. У бугун мазкур сайлов участкасида Босу маҳалла фуқаролар йиғини вакили сифатида кузатувчиликдек масъулиятли вазифани адо этаяпти.

– Сайловолди тарғибот яхши олиб борилгани туфайли сайловчилар фаол, жараёнда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилмаяпти, – дейди отахон хурсандчилик билан.

26-сонли мактаб ўқитувчиси Ғайрат Шукурлаев эса Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясидан ушбу участкага кузатувчи қилиб бириктирилган.

– Сайловчилар сайловга доир қонунчилик билан батафсил таништирилган. Шунинг учун ҳам ҳамма фаоллик билан ўз номзодларига овоз бераяпти. Ўз ваколатимдан фойдаланиб, жараённи бошидан охиригача кузатаман. Сайлов шаффоф ва ҳаққоний ўтаётганидан хурсандман, – дейди у.

Ҳудуд кексаларидан бири Каримбой Отабуллаев маҳалладошлари билан юрт келажагига жон куйдирадиган номзодларга овоз беришни ўз бурчи деб билиб, эрталабданоқ сайлов участкасига келиб, бошқаларга намуна бўлди.

Маҳалла ёшларининг вакили Сардор Халиллаев эса илк бор сайловда иштирок этиб овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганидан хурсанд.

Хуллас, мамлакатимизнинг ҳеч бир фуқароси бугунги ижтимоий-сиёсий жараёнга бефарқ бўлмаган ҳолда сайловларда фаоллик билан иштирок этмоқда.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: