"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7909.37 -35.07
  • 1 EUR = 9306.16 +43.21
  • 1 RUB = 126.72 -1.73

ОИЛАНИНГ ОБPЎСИ

Ўзбек оилаларида меҳр-оқибат, кексаларга ҳурмат ва эътибор юксак инсоний фазилат сифатида қадрланади. Бобо билан буви ўз фарзандларини қанотлари остига олиб, невара-чеваралари билан икки, ҳатто уч авлод бўлиб, катта хонадонга жамланиб яшашлари ҳам ана шу фазилатнинг устунлигидан.

- Оиланинг мустаҳкамлиги кўп жиҳатдан кекса  авлод вакилларига боғлиқ, - дейди Манғит шаҳрининг «Дўстлик» маҳалласида яшовчи ибратли оила соҳибаси Турсуной Ўталова.

- Халқимизда: «отнинг изини той босар» деган ҳикмат бекорга айтилмаган. Ортиқбой ака билан оила қуриб, беш нафар фарзандли, 12 нафар неварали бўлдик. Ўзимиз катта хонадоннинг соҳиблари бўлсак-да ҳамон илоҳим, умрлари узоқ бўлсин, қайнона-қайнотамнинг маслаҳатисиз бирон ишга қўл урмаймиз.

Кексалар дуосини олиш ҳам халқимиз учун бобомерос маънавий қадриятлардан. Ўрозимбат бобо билан Pаҳима момоларнинг катта фарзанди Ортиқбой ва унинг рафиқаси Турсунойдаги феъли кенглик, кўнгли ва қўли очиқлик хислатлари бобо билан момодан ўтган бўлса, не ажаб. Ўзлари янги рўзғор тутиб, Ўрозимбат бобо хонадонидан алоҳида яшаётганларига кўп йиллар бўлса-да, ҳамон на Ортиқбой на Турсуной кексалар билан кенгашмай бирон ишни бошлаган эмас.

Ортиқбой Ўрозимбат бобо билан Pаҳима момонинг илк қувончи - катта  фарзанди. Саккиз фарзандининг икки нафаридан эрта ай­­­­рилган Ўрозимбат бобо билан Pаҳима мо­мо оиладиги муаммоларни ҳал этиш борасида Ортиқбой ўғ­лига  кўпроқ суя­надиган бўлишди. Бошқа ўғил-қизларига ҳар иш­­да бир-бирини қўл­лаб-қувватлаб яшашни ўргатиб боришди. Ўғил-қизларини меҳнаткаш, меҳр-оқибатли қилиб тарбиялашди. Шунданми, фарзандларининг барчаси уйим-жойим, рўзғорим, дейдиган, оиласи тинчлиги учун қайғурадиган, обрў-эътиборли инсонлар бўлиб вояга етишди. Энг муҳими, ўғил-қизлар иноқ, аҳил.

Ортиқбой ўз оиласи бизнесини ташкил этиш ниятини амалга оширишини ҳам энг аввало ота-онасининг маслаҳати билан бошлади.

- Бошланишида анча қийинчиликлар бўлди, - дейди Ортиқбой тадбиркорлик фаолиятини бошлаган илк йилларни эслаб. - Ҳар гал ота-онам ўз маслаҳатлари билан кўнглимни кўтариб турганиданми, қийинчиликларни енгиб, ишларим юришиб кетди. Аввало, кичик макарон ишлаб чиқариш цехини очдик. Фарзанд­ларим ишли бўлишди. Оиламизга барака кирди.

«Меҳнатдан келса бойлик - турмуш бўлар чиройлик», - деганлари шу-да. Бобоси билан бувисидан, ота-оналаридан меҳнаткашликни, тадбиркорликни ўрганган эгизак ўғиллари Аҳмаджон билан Абдуллажон, эгизак келинлари Ойша-Фотима, кенжа ўғил Шуҳратжон ва Азизахон келинлари ҳам Ортиқбой билан Турсунойнинг қўл-қанотлари бўлишди. Оилавий тадбиркорлик орқасидан бу оиланинг барча аъзоси иш билан таъминланди. Аҳмаджон билан Абдуллажон учун уйларига яқин жойдан янги имо­ратлар қу­риб, ҳовли тўй­лари ўтказишди. Қизлари Нар­­гиза ҳамда Дилафрўзларни ўқитиб, илм­ли қи­ли­ш­ди. Шуҳратжон эса «Беҳруз» МЧЖни ташкил этиб, ўз хусусий корхонасига  эга бўлди. Тошкет шаҳридаги мебелсозлик корхоналари билан шартнома асосида мебель маҳсулотлари олиб келиб сотишни йўлга қўйди. Унга бу ишда умр йўлдоши - оиланинг кенжа келини Азизахон энг яқин ёрдамчи.

- Ортиқбой билан Турсунойнинг фарзандлари ҳам худди ўзларига ўхшаб хайр-саховатли, мурувватли, - дейди «Дўст­­­­­­­­­­­­лик» маҳалласи раисининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Нина Хў­жаева - Маҳалламизда ўтказиладиган ҳар хил тадбирларда бу оиланинг тадбиркор фар­занд­лари ҳамиша ҳо­мийлик  ёрдамини кўрсатишади. Кам таъминланган оилаларга байрам ва ҳайитларда совғалар беришади.

«Бирнинг дуосидан эътибор, мингнинг дуосидан туман бойлик қайтади» -  деганлари нақадар ҳақиқат. Бугунги кунда Ортиқбой Ўталовнинг оиласини наинки «Дўстлик» маҳалласида, балки Манғит шаҳрида кўп­чилик яхши билишади. Ёш­лари улғайиб, ўзлари бобо-буви бўлиб қолишган, қўша-қўша келин-у бир уй тўла неваралар қуршовидаги катта хонадон -бахтли оила соҳиблари Ортиқбой билан Турсунойнинг ҳар куни тонгда адо этадиган, ўзларига хуш ёқадиган фарзандлик бурчлари бор. Бу - иззатли хонадоннинг иззатли, пир-у бадавлат кексалари (Ал­лоҳ умр берсин) - Ўрозимбат бобо билан Pаҳима момонинг аҳволини сўраб, дуои-фотиҳасини олиш! Зеро, бу катта хонадондаги қут-барака, оилавий бахтиёрлик, ўзбекона интизом ва аҳиллик ана шу эзгу қадрият - ўзаро меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат ва самимий эътибор туфайлидир. Оиланинг - хонадоннинг файзи ҳам, обрў-эътибори ҳам шунда!

Кексалар қўл очиб турса дуога,

Эзгуликдан гуллаб кетгуси жаҳон.

Фарзандлар мардона боқиб дунёга,

Бахтга макон бўлгай ҳар бир ХОНАДОН!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА,

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,

"Amu news” нинг махсус мухбирлари.

 

Суратда: Ортиқбой Ўталов ва Турсуной Ўталовалар фарзандлари даврасида

 

Янгиликни бўлишинг: