"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9526.28 -2.49
  • 1 EUR = 10329.3 +9.70
  • 1 RUB = 148.82 -2.07

КУЮК КЎПИP ОВУЛИДА ЯНГИ МИНИ ФУТБОЛ МАЙДОНЧАСИ ҚУPИЛИБ,ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИPИЛДИ

“Ёшлар келажагимиз” жамғармаси юртимизнинг кўплаб доимий иш билан банд бўлмаган ёшлари учун янги иш ўринлари яратилишига, тадбиркорлик билан шуғулланишларига имкониятлар яратди. Куюк кўпирлик Муҳиддин Ўрозимбетов шу вақтгача мавсумий ишлар билан шуғулланиб келди. Ёшларга қаратилаётган ғамхўрликлардан кўнгли юксалиб, овулида тадбиркорликни йўлга қўйиш, ёшларнинг спорт билан мунтазам, қулай шароитларда шуғулланишларини таъминлаш ниятида сунъий қопламали мини футбол майдончаси қуриш ниятида Ёшлар иттифоқи туман Кенгашига мурожаат қилди. Ташкилот унинг пухта ўйланган ва режалаштирилган лойиҳасини эътиборсиз қолдирмади. Унга ”Ёшлар – келажагимиз” жамғармасидан имтиёзли равишда 350 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди.

Муҳиддин ушбу маблағ ва яна ўз ҳисобидан 100 миллион сўм пул сарфлаб, овул ёшлари учун сунъий қопламали мини футбол майдончаси, майдонча атрофида томошабинлар учун қишда совуқдан, ёзда офтоб тиғидан ҳимояланишга бостирма бунёд этди. Шунингдек, футбол майдончаси қошида турли ёшдагилар жисмоний чиниқишларига хизмат қилувчи спорт майдончаси ҳам қурилди.

Спорт - соғлом турмуш тарзининг ажралмас бўлаги. Овул аҳолиси, айниқса ёшлар учун спорт билан, мини футбол билан шуғулланиб, жисмоний чиниқишларига, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига шароит яратилгани барча учун жуда қувонарли воқеа бўлди. Шу боисдан ҳам 15 декабрь куни майдончанинг очилиш маросими байрам тусини олди. Маросимда туман ҳокими ўринбосарлари Маъмур Темирбоев, Жасур Норимов, Алишер Йўлдошев, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Маҳмуд Шерметов, “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси туман бўлими раиси Pашид Турсунбоевлар, шунингдек, Куюк кўпир овул фуқаролар йиғини масъуллари, овул аҳолиси, ёшлари иштирок этдилар. Маросимда сўзга чиққанлар тадбиркор йигит Муҳиддин Ўрозимбетовнинг бунёд этган спорт иншоотига улкан баҳо бердилар,бошлаган иши хайрли бўлишига тилак билдирдилар.

Овул нуронийлари дуоларидан сўнг мини футбол майдончаси эшиги олдида рамзий тасма кесилди ва шодликлари бир жаҳон болажонлар илк машғулотни бошлаб юбордилар.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: