"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

ТИЛИ ВА КЎНГЛИ БИP ХАЛҚЛАPМИЗ

Қорақалпоқ тили ўзининг жозибадорлиги, синонимларга, сермазмун ибораларга ва қочиримларга бойлиги билан ажралиб туради. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида қорақалпоқ тилида сўзлашувчи қорақалпоқ миллатига мансуб инсонлар яшашади. Бугунги кунда қорақалпоқ тилида сўзлашувчиларнинг умумий сони 600 минг кишидан зиёдроқни ташкил этади.

Қорақалпоқ тили – туркий тилларнинг қипчоқ гуруҳига мансуб бўлиб, қозоқ ва нўғай тиллари билан биргаликда қипчоқ тилларининг қипчоқ-нўғай гуруҳчасини ташкил этади. 1989 йил 1 декабрь санасида қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилди. Қорақалпоғистон Pеспубликасининг давлат тили (ўзбек тили билан биргаликда) Қорақалпоғистонда, шунингдек Хоразм, Навоий Бухоро вилоятлари, Қозоғистон ва Туркманистоннинг унга қўшни ҳудудларида, Pоссия Федерацияси ва Афғонистонда ҳам кенг тарқалган.

Журналист Е.Қанаатов муаллифлигидаги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида чоп қилинган мақолада айтилишича, дастлаб қорақалпоқ тили ёзуви ислоҳ қилинган араб имлоси асосида 1924 йилда шакллантирилган. Давр тақозоси, ижтимоий-сиёсий эврилишларга кўра, 1929-40 йилларда лотин, 1940 йилдан 1994 йилгача кирилл имлоси асосидаги ёзув жорий этилган. 1994 йилдан қорақалпоқ ёзуви яна лотин имлосига ўтказилган.

Лотин ёзувига асосланган қорақалпоқ тили алифбосидаги номутаносибликларни бартараф этиш мақсадида 2009 ва 2016 йилларда ўзгартиришлар киритилиб, ушбу ўзгартиришлар асосида 23 мингта сўздан иборат қорақалпоқ тилининг имло луғати тайёрланди ва ушбу имло луғати 4 минг нусхада чоп этилди.

2018 йилда эса Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида  Терминология маркази ташкил этилиши, ушбу тилни ўрганишга бўлган қизиқишни янада оширди.

Айни пайтда Қорақалпоғистондан ташқари Навоий вилоятининг Конимех туманида 3 та мактабда дарслар қорақалпоқ тилида олиб борилади. 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Навоий давлат педагогика инситутида қорақалпоқ тили ва адабиёти бакалавр йўналиши ҳамда бошланғич таълим йўналишида қорақалпоқ тили гуруҳи очилди. Бундан ташқари, Туркиянинг Фират, Эгей университетларида ҳам талабаларга қорақалпоқ тили ўргатилади.

Туманимизда ҳам қорақалпоқ тилини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Умумтаълим мактабларининг ўқувчилари, аввало бу тилни яхши тушунишлари, қолаверса, қорақалпоқ халқ эртаклари, куй ва қўшиқларнинг ўзига хослиги, жозибадорлиги туфайли қорақалпоқ тилини тез ва пухта ўзлаштириб олишади. Юқори синфларнинг ўқувчилари ҳатто қорақалпоқ шоирлари ва ёзувчиларининг асарларини аслиятда ўқиб, бемалол ўзбек тилига ўгира олишади. Улар нафақат бу тилни мароқ билан ўрганишади, балки қорақалпоқ ва ўзбек халқларининг бир-бирига монанд урф-одат, анъана ва қадриятлари асосида байрам тадбирлари, миллатлараро тотувликни, ҳамжиҳатликни тараннум этувчи дўстлик кечаларини ташкил этишади.

Айни кунларда 1 декабрь – қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган кунга 30 йил тўлиши муносабати билан туманимиздаги ўқув муассасаларида, овул ва маҳаллаларда илмий-маърифий, маданий, кўнгилочар тадбирлар ўтказилмоқда.

Бўлиб ўтаётган маънавий-маърифий тадбирларда қорақалпоқ халқининг бетакрор фольклори, урф-одат ва анъаналари, жозибадор куй-қўшиқлари, кўнгилларда завқ-шавқ уйғотувчи ажойиб рақслари намойиш этилмоқда. Бу – муштарак мақсадлар йўлида яшаб, меҳнат қилаётган тили, дини, эътиқоди ва тарихи, ҳатто кўнгли ҳам бир ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг ўзаро  меҳр-оқибат, биродарлик, дўстлик ва жипслик, қондош-қариндошлик туйғуларининг мустаҳкамлиги тантанасидир.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: