"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

Депутатликка номзодлар сайловчилар билан учрашди

Айни кунларда юртимизда муҳим сиёсий жараён – сайловларга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бутунлай янгича муҳитда, янгича ҳуқуқий шароитда ўтиши кутилаётган жорий  йилги сайловларга барча партиялар томонидан қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Очиқ  ва ошкора ўтказилаётган сайловолди тарғибот тадбирларида партияларнинг сайловолди дастурида илгари сурилган мақсадлар аҳолининг кенг қатламига етказилиб, унда белгиланган асосий ғоя ва вазифалар хусусида батафсил маълумотлар берилмоқда.

2 ноябрь куни Тошёп овулидаги 5-сонли мактабда 10-Тошёп сайлов округидан Халқ депутатлари туман Кенгашига депутатликка кўрсатилган номзодларнинг сайловчилар билан учрашуви ўтказилди. Унда барча партияларнинг туман Кенгаши раҳбарлари, масъуллари, фаоллар ҳамда ушбу сайлов округига Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан номзоди кўрсатилган Фазилат Эсамуродова, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси томонидан номзоди кўрсатилган Санжар Назаров, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан номзоди кўрсатилган Илҳом Полвонов, Экологик партия томонидан номзоди кўрсатилган Pуслан Саиджонов, “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан номзоди кўрсатилган Маҳмуд Сапарбоевлар ўз ишончли вакиллари билан қатнашдилар.

Учрашувда 10-Тошёп округ сайлов комиссияси раиси Бахтиёр Шербоев сўзга чиқиб, жорий йилги сайловларда ҳудудда 2 минг нафардан зиёд сайловчи иштирок этиши кутилаётганини, сайлов участкасида ушбу муҳим сиёсий жараённи қонун талаблари асосида юксак савияда ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўрилганлиги, сайловлар учун ажратилган хоналар белгиланган талаблар асосида жиҳозланиб, зарур техника воситалари ва тегишли адабиётлар билан таъминлангани ҳақида гапирди.

Шунингдек, тарғибот учрашувлари Ўзбекистон Pеспубликаси Сайлов кодексида белгиланган тартиблар ҳамда белгиланган жадвал асосида ташкил этилаётгани, номзодларга сайловчиларни ўз дастурлари билан таништиришлари учун тенг вақт, имконият яратиб берилаётгани таъкидланди.

Шундан сўнг, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси туман Кенгаши аппарат раҳбари Муқаддас Бекназарова сайловларнинг мамлакатимиз сиёсати, халқимиз ҳаётидаги аҳамияти, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва ўзгаришлар, сайлов кодексининг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича тушунча берди. Халқимизнинг сиёсий онги, маданияти жамиятда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришларга монанд ўсиб бораётгани, жамиятда очиқлик таъминланаётганини алоҳида таъкидлади.

Учрашув давомида ишончли вакиллар депутатликка номзодларнинг таржимаи ҳоли ва иш фаолияти билан таништирдилар. Шундан сўнг, номзодлар  йиғилганларга партиялар ва ўзининг сайловолди дастурида белгиланган вазифалар, уларни амалга ошириш йўллари ҳақида батафсил маълумот беришди.

Партиялар ва номзодларнинг дастурларида илгари сурилган ғоялар, ёшлар ҳаётига доир муҳим масалалар, айниқса, бандликни таъминлаш, халқ учун муносиб турмуш шароитини яратиш каби йўналишлар ўз ифодасини топганлиги сайловчиларга жуда манзур бўлди. Сайловчиларни қизиқтирган барча саволларга депутатликка номзодлар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди. 

Озода Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: