"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

ҚЎЛИ ЕНГИЛ ШИФОКОP

Биласизми, одам жони қил устида турганини сезганида ё дард жуда қаттиқ азоб берган вақтидагина соғлиги қадрини ва демакки, ҳаёт қадрини чуқур англайди, жудаям яшагиси келади. Бундай вақтларда, албатта, саломатлик посбонлари ёрдамга келади. Азоб исканжасидан қутқариб, яшаш завқини тотишингизга сабабчи бўлган инсон эса назарингизда кўзингизга фариштадай кўринади, ундан бир умр миннатдор бўлиб яшайсиз.

Бундай ҳолат бошимдан 10 йилларча олдин ўтган бўлса-да, ширин сўзи, муолажаси билан соғлом ҳаётга қайтарган туман Тиббиёт бирлашмасининг неврология бўлими мудири Гулнора Гулмоновадан ҳамон миннатдор бўлиб яшайман. Очиғини айтганда, менингдек ундан даво топиб, соғлом яшаётганлар туманимизда кўпчиликни ташкил этади. Биргина жорий йилнинг ўзида 1171 нафар бемор бўлимда даволаниб, соғайиб оиласи бағрига қайтди. Бу ерда икки олий тоифали шифокорлар – Гулнора Гулмонова ва Pустам Авезовлар, шунингдек, 12 нафар ўрта тиббиёт ходимлари меҳнат қилишади.

Неврология бўлимида асосан бош мияда қон айланишининг бузилиши, бош ва орқа мия яллиғланишлари, инсультлар, периферик асаб тизими, психосоматик ва вегитатив нерв тизими касалликлари самарали даволанмоқда. Тинмай ўқиб, изланиб малака ва маҳоратини ошириб боришга ҳаракат қиладиган Гулнора беморларни дори-дармонлар билан бир қаторда игна терапеяси усулида ҳам даволайди. Бу, албатта, ўзининг ижобий самараларини бераяпти. Бўлимдаги жиддий неврологик касалликларга чалинган беморлардан ортиб, у бирлашма бошқа бўлимларидаги беморларнинг ҳам ўз соҳасига оид касалликларини аниқлаб, даво муолажалари буюради ҳамда даволанишини назорат қилиб боради.

Тиббиёт соҳасида қарийб 27 йиллик иш фаолиятига эга Гулнора Гулмонова соғликни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга ҳисса қўшиш мақсадида икки йил олдин туманимизнинг Тошёп овулида “Аму шифо мед” хусусий амбулатор физио-терапевтик клиникаси фаолиятини ҳам йўлга қўйди ва клиника халқимиз соғлигини сақлашдек эзгу мақсад йўлида фаолият юритмоқда. Бу ерда даволаниб, шифокор Гулнорадан миннатдор бўлиб оиласи бағрига қайтаётганлар кўпчилик. У яқинда Қорақалпоғистон Pеспубликаси миқёсида “Элнинг энг яхши неврологи” номинацияси учун ўтказилган танловда фахрли биринчи ўринни эгаллади. Аслида унинг учун меҳнатлари юртдошларимиз томонидан ҳурмат билан тилга олиниши, қўли енгил шифокор, дея алқашлари ҳар қандай мукофотлардан ҳам улуғ.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: