"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

ТЎЙЛАP, МАЪPАКАЛАP – МАЪНАВИЯТИМИЗ КЎЗГУСИ

Тўй! Бу фарзанд дунёга келганидан бошлаб ота - онанинг у ҳақдаги орзу - армонларининг ижобати , десак адашмаган бўламиз.Фарзандини одобли, билимдон, соғлом ва баркамол қилиб вояга етказишни, тўйларини, яхши кунларини кўришни орзу қилмайдиган, шу ниятда елиб югурмайдиган ота - она бормикан?

Афсуски кейинги йилларда бунингдек пок орзулар ижобати – тўйларни айрим маънавиятсиз фуқаролар бойлигини кўз - кўз қилиш минбарига айлантириб юбордилар. Узатилаётган қизнинг сепига, йигит тарафнинг берган қалинига қараб, тўйнинг қайси тўйхонада, қайси хонанда иштирокида ўтказилишига қараб, қанча одам ва кимлар қатнашганига қараб ота-оналар ҳимматига баҳо бериладиган бўлди. Баъзилар қурби етмаса-да , элдан кам бўлмасин, болаларим ўксимасин, деб қарзга ботиб қолишмоқда.

Эндиликда турмуш осойишталигига ва жамиятимиз равнақига салбий таъсир кўрсатаётган бунингдек иллатларга барҳам бериш мақсадида шу йил 14 сентябрда Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” қўшма қарор қабул қилган эди. Ушбу қарорга мувофиқ қабул қилинган Низомда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартиби, ушбу қоидаларга бўйсунмаганларга қўлланиладиган чоралар белгилаб берилган. Бу тартиб 2020 йил 1 январдан амал қила бошлайди.

Тўй - маросимларни ўтказишдаги камчиликларга барҳам бериш, бу борада қабул қилинган қўшма қарор ва Низом мазмун- моҳиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида туманимизда тузилган ишчи гуруҳ ҳар бир маҳалла ва овулда йиғилишлар ўтказмоқда. Бунингдек тадбирларга маҳалла ва овуллар оқсоқоллари, кўчабошчилари, шунингдек элда обрў - эътиборли кишилар , ҳожи оталар, ҳожи оналар таклиф этилиб, уларнинг ҳаётий тажрибалари, хулосалари асосида аҳолига қарор ва низом талаблари кенг тушунтирилмоқда.

Шундай йиғилиш 27 ноябрь куни туманимизнинг Намуна ва Торёп маҳаллаларида ҳам ўтказилди. Тарғибот тадбирида ишчи гуруҳ аъзолари - Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раиси ўринбосари Мадамин Казаков, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Бекмон Аллаберганов, “Оила” маркази туман бўлими раҳбари Гулшод Юсуповалар қатнашдилар ва кун тартибидаги мавзу юзасидан маъруза қилдилар.

Тўйлар ва маъракаларни тартибга солиш юзасидан ўтказилган йиғилишларда аҳоли ҳам фаол ўз фикрларини билдирдилар ва бу борада қабул қилинган қўшма қарор, Низомни қизғин қўллаб- қувватлашини таъкидладилар. Чунки тўйлар, оилавий тантаналар ва маъракалар халқимиз ҳаётининг кўзгусидир.Бу кўзгуга айрим миллий урф - одатларимизга беписанд қарайдиган, дабдабали тўйлар орқали обрў орттиришга уринганлар энди раҳна сололмайдилар.

О. PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: