"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

“БУВИЖОНИМ КИЙГАН ЛИБОСЛАP” ТАДБИPИ ҲАЁТИЙЛИГИ БИЛАН МУҲИМ АҲАМИЯТГА ЭГА

Биз ёшлар маънавиятини юксалтириш ҳақида жуда кўп гапирамиз. Турли мавзулардаги маънавий-маърифий тадбирларда, давра суҳбатларида, семинар-тренингларда бу ҳақда баҳс-мунозаралар қиламиз. Бу каби саъй-ҳаракатларимиз маълум маънода ўз самарасини  беради, яъни ёшларимизнинг кийиниш маданияти, муомала маданияти, миллий урф-одатларимиз ҳақидаги тушунчалари бойийди. Лекин ёшларимизни маънан баркамол инсонлар қилиб тарбиялашда оила – мактаб – маҳалла ҳамкорлиги ўта муҳим аҳамиятга эга. Чунки ўқувчининг оила муҳитида олган тарбияси мактаб таълими билан омухталашиб, маҳаллада, жамоат орасида ўзини тутиши, халқимизнинг миллий-маънавий урф-одатларига муносабатида ўз аксини топади. Албатта, бунда мактабда ўқувчи-ёшлар иштирокидаги маънавий-маърифий тадбирларнинг ҳаётий лавҳалар асосида ўтказилиши катта ўрин тутади.

Бизнинг 60-сонли умумтаълим мактабимизда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, ўтказиш борасида ўқувчи-ёшлар жуда фаол. Улар тадбирлар мавзуларига монанд саҳна кўринишлари, кўргазмали лавҳалар тайёрлашда кўпни кўрган нуронийлар, тажрибали устозлари билан бамасалаҳат иш тутишади.

Яқинда мактабимизда ўтказилган “Бувижоним кийган либослар” маънавий-маърифий тадбирида мен миллий матоларимизнинг инсон саломатлигига ижобий таъсири, миллий ва оила қадриятларини асраб-авайлаш борасида ўқувчи-ёшларга тушунчалар берарканман, уларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдим. Ўқувчи-ёшлар ўзбекона урф-одат ва анъаналаримиз, миллий матоларимиздан тикилган гўзал ва кўркам либослар, оила қадриятлари, кийиниш маданияти ҳақида тўлқинланиб гапиришди. Ҳатто мода кетидан қувиб, бачкана кийимларни кийиб юрадиган айрим тенгдошларининг хатти-ҳаракатлари ҳақида салбий фикрлар билдиришди.

Тадбирда мактаб бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси С.Тажибоева томонидан ўқувчиларимизга “Бувижоним кийган либослар” мавзусидаги слайд тақдимоти намойиш этилди. Намойиш этилган миллий либослар, айниқса, бувижонларимиз ва онахонларимиз кийган либослар дизайни, улар танлаган матоларнинг табиийлиги, айниқса, тор ва очиқ-сочиқ эмаслиги ўқувчи-қизларда ҳавас уйғотди.

Шундан сўнг ўқувчи-ёшлар ўзлари тайёрлаган либослар кўргазмасини намойиш этдилар. “Бувижонлар кийган либослар”, “Онажонлар кийган либослар”, “Замонавий қизлар қандай кийиниши керак?”, “Уйда кийиладиган, меҳмонда, тўй-маросимларда, байрамларда кийиладиган либослар”, шунингдек “Мактаб ўқувчиси қандай кийиниши керак?” мавзуларидаги кўргазмалар бўйича музокаралар бўлди.

Ўқувчиларимизнинг музокаралардаги фаоллиги, билдирган дадил фикрлари умумлаштирилди, яъни уларнинг миллий либосларимизга, урф-одат ва анъаналаримизга, оила қадриятларига садоқати ва меҳр-муҳаббатидан биз устозлар мамнун бўлдик.

- Оилаларда маънавий-ахлоқий тарбияни юксалтиришда оқила қизларимизнинг ўрни катта, - деди тадбирда иштирок этган Бобур ОФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси С.Pажабова. – Бугунги тадбирда ўқувчи-қизлар намойиш этган миллий либослар, юксак дид билан тайёрланган кўргазмалар бунинг яққол исботидир.

Шуни мамнуният билан қайд этиш керакки, миллийлигимизни акс эттирувчи бу каби тадбирлар ёшлар маънавиятини юксалтиришда ўзининг ҳаётийлиги ва таъсирчанлиги билан катта аҳамият касб этади.

Б.ХУДОЙБЕPГАНОВА,
60-сонли мактаб директорининг маънавий-маърифий
ишлар бўйича ўринбосари.

Янгиликни бўлишинг: