"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

Прокуратура масъуллари сайёр қабул ўтказди

Туманда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2-сектор раҳбари томонидан Холимбег овули ва Аёқчи маҳалласи ҳудудида яшовчи фуқаролар ва тадбиркорлар билан сайёр қабул ўтказилди.

Сайёр қабулда Қорақалпоғистон Pеспубликаси прокурори ўринбосари Сирожиддин Файзиев, туман прокурори Жавлон Муфтуллаев ҳамда тумандаги корхона-ташкилотлар мутасаддилари иштирок этдилар.

Дастлаб Холимбег овулида бўлиб ўтган қабулда Қорақалпоғистон Pеспубликаси прокурори ўринбосари Сирожиддин Файзиев ва бошқа масъуллар юртимизда, қолаверса, туманда ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш ҳамда осойишталик, тинчлик барқарор бўлишига нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки барчамиз эътиборли бўлишимиз кераклигини, қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, иситиш мосламаларидан эҳтиёткорона фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, секторлар кесимида фуқароларнинг турмушида учраётган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш бугунги кунда муҳим вазифага айлангани айтиб ўтилди.

Сайёр қабулда Холимбег овули ҳудудида яшовчи фуқаролардан Исломбек Байманов, Тозабой Аҳмедов, Базарбай Искандаров, Чавдур Маҳмудов, Амин Бобожонов ва бошқалар электр таъминотида муаммолар мавжудлиги, туман марказига олиб борувчи йўллар таъмирланишга муҳтожлигини, суюлтирилган газ баллонлари етишмаётганлигини, кўмир етказилишида, уй-жой қуриш учун ер майдони ажратилишида муаммолар бўлаётганини айтиб мурожаат қилдилар. Шунингдек, овул фуқароси Зиёдбой Тангирберганов ушбу ҳудудда фаолият юритган, кейинчалик фаолияти тугатилган қишлоқ врачлик пунктининг қайта очилишида кўмак беришни сўраб, аҳоли учун қулайлик яратиш кераклигини айтди.

Ундан ташқари, фуқаро Алишер Турсунов ҳозирда онаси ногирон эканлигини, унга ногиронлик аравачасини олишга, Муҳаббат Жуманиёзова эса касал қизини даволатишга амалий ёрдам кераклигини айтиб, мурожаат қилдилар.

Аёқчи маҳалласида давом эттирилган сайёр қабулда ҳам фуқаролар ҳудудда аҳолини қийнаётган электр энергияси ва кўмир етказилиши борасидаги муаммоларни бартараф қилишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдилар. Шунингдек, фуқаролар йиғини фаоллари чегара ҳудудида жойлашган трансформаторни маҳалла марказига кўчирилиши кераклигини, 69-сонли умумтаълим мактаби учун қўшимча бино қуришга эҳтиёж борлигини таъкидладилар.

Овулда яшовчи фуқаро Pажаб Ўтамуродов касал бўлганлиги сабабли марказлардаги касалхонада даволаниш учун йўлланма олишда, фуқаро Ҳамдам Pажабов эса турмуш ўртоғига Ўзбекистон Pеспубликаси фуқаролигини олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Сайёр қабул давомида келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти мутахассисларни жалб қилган ҳолда жойида ҳал этилди. Муддат ва маблағ талаб этиладиган муаммолар эса тегишли тартибда тумандаги тегишли идора-ташкилотлар масъулларига ўрганиб, ҳал қилиш учун топширилди. Шунингдек, мурожаатларнинг маълум қисми йўл хариталарига киритиш учун белгилаб олинди.

Сайёр қабул давомида келиб тушган мурожаатларга ечим топиш, уларни бартараф этиш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 2-сектор масъуллари томонидан тегишли чора-тадбирлар кўрилди. Жумладан, сайёр қабул давомида билдирилган мурожаатлар асосида қисқа вақт ичида Холимбег овули ва Аёқчи маҳалласининг ҳар бирига 8 тоннадан кўмир, 6 нафар фуқарога газ баллонлари етказиб берилиши таъминланди. Холимбег овули ва Аёқчи маҳалласи аҳолиси муаммолар ҳал этилганидан мамнун бўлдилар.

Озода ХУДОЙБЕPГАНОВА.

Янгиликни бўлишинг: