"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9554.22 +21.26
  • 1 EUR = 10637.7 +417.00
  • 1 RUB = 121.1 +1.01

ШИФОКОPЛИК КАСБГИНА ЭМАС – ФИДОЙИЛИК

Шифокорлик шунчаки касб эмас, фидойилик – ўз ҳаловатингдан кечиб, ёрдамингга муҳтож инсоннинг дардига малҳам бўлиш, азоб исканжасидан қутқаришдир, пок дил, ширин тил ва теран ақл билан беморни соғайиб кета олишига ишонтира олиш, кўнглида умид уйғота билишдир.

– Тиббиётнинг асосий вазифаси инсонлар умрини узайтириш, ҳаёти сифатини яхшилаш. Қарс – икки қўлдан чиқади, деганларидай, одамларнинг соғлом яшаши фақат тиббиётга эмас, уларнинг ўзларига ҳам боғлиқ. Биз бўлимимиздаги беморларни даволаш билан бир қаторда шулар ҳақида кенг тушунтирамиз, – дейди туман Тиббиёт бирлашмаси кардиология бўлими мудири Икромжон Йўлдошев.

Унинг шифокорлик фаолиятини бошлаганига 26 йил бўлаяпти. Тошкент Тиббиёт олийгоҳини 1993 йилда тугатгач, дастлабки фаолиятини Нукус шаҳрида бошлади, туманимизга келиб, ҳудуд терапевти, 1994-1996 йилларда марказий поликлиника кардиология хонаси шифокори бўлиб ишлади, 1996 йилдан бери эса туман Тиббиёт бирлашмасининг кардиология бўлимига мудирлик қилиб келаяпти. Асосан 30 ўринга мўлжалланган бўлимда юрак ишемик, гипертония, ревматоид артрит, бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши каби оғир ҳолатдаги беморлар даволанади. Бундай асорати узоқ вақтга чўзиладиган касалликка қарши курашиш шифокордан сабр-тоқат, чуқур билим ва малака билан бир қаторда хушмуомалаликни талаб қилади. Икромжон буларнинг уддасидан чиқа олгани учун ҳам доимо беморларнинг олқишларига сазовор бўлиб келаётир. Беморларни самарали даволашда унга даволовчи шифокор Ширин Каримова ва 16 нафар ўрта тиббиёт ходимлари кўмакдош бўлишаяпти.

Кейинги йилларда бўлим дорини бемор томирига белгиланган муддатда юборадиган шприц-насос, бир суткалик юрак уришини ва зўриққан ҳолатини текширадиган, даволайдиган замонавий аппаратлар билан таъминлангани беморларга аниқ ташҳис қўйиш ва тезкор даволаш имконини бераяпти. Жорий йил бошидан бери бўлимда 1253 нафар беморлар даволаниб, оиласи бағрига қайтдилар. Шундай лаҳзаларни кузатган киши уларнинг, оила аъзоларининг Икромжондан ва бўлимнинг барча ходимларидан беҳад миннатдор бўлиб кетаётганига гувоҳ бўлади. Шу боисдан ҳам Икромжон Йўлдошевни кўпчилик танийди, камтарин ва хушмуомала, фидойи инсон сифатида ҳурмат қилади. Шифокор учун бундан ортиқ мартаба бўладими?

Биз Икромжонни юртимизда 10 ноябрь куни кенг нишонланаётган Тиббиёт ходимлари куни билан самимий қутлаб, халқимиз соғлиги йўлида толмас куч-қувват тилаб қоламиз.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: