"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

БЕФАPҚЛИК БАДНИЯТЛИККА ЕТАКЛАЙДИ

Маълумки, бутун дунё миқёсида ахборот оламининг кенгайиб бориши, мустақил телерадио каналларининг, интернет тизими ҳамда мустақил нашрларнинг беҳисоб даражада кўп­лиги инсонлар онги, фикр ва дунёқарашининг шаклланишида ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Билимли, нима яхши-ю нима ёмонлигининг фарқига борадиган кишилар учун компьютер асрининг ижобий имкониятлари ғоят чексиз. Лекин ҳаётимизга оқиб кираётган мафкура оламининг айрим бузғунчи оқимлари, жиҳатлари борки, бундай салбий оқим ва жиҳатлардан айниқса ўсиб келаётган ёш авлодни муҳофаза этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

«Юсуф Эшон бобо» жомъе масжиди имом-хатиби Абдураҳмон ҳожи Матсафоев билан суҳбатимиз айнан шу хусусда бўлди.

 

 -Ҳурматли  имом-хатиб, ўзингизга маълумки, ҳозирги ёшларимизнинг кўпчилик қисми интернет тармоғидан фойдаланишади. Интернет орқали мулоқотлар пайтида улар ҳаётимизга суқилиб кираётган бузғунчи оқим вакилларининг даъватларига, ғаразли мақсаддаги таклифларига дуч келишлари, айрим ёшларнинг эса тушунмаган ҳолда уларга эргашиб ҳам кетишлари мумкин. Шу сабабдан бугунги суҳбатимиз жараёнида диний экстремизм тарғиботидаги айрим атамалар ҳақида тушунчалар берсангиз. Масалан,   «Ҳизбут таҳрир» дегани нимани англатади?

-Бисмиллаҳир роҳманир ро­ҳийм!

-«Ҳизбут таҳрир» - ал-исломий сиёсий партия бўлиб, у – кескин фикрга, яъни эктремизмга бош қурол сифатида суянган ҳолда ер юзида исломий халифаликни қайта тиклашга чақиради. Ваҳоланки, ислом олами исломий сиёсий партияларга, турли ҳаракат ва оқимларга тўлиб ётибди. Ўсиб келаётган ёш авлод агар ҳақ­иқий ислом олами тарихи ва бу диннинг башарият маънавий-ахлоқий тарбиясига нечоғлик ижобий таъсирини билмоқчи бўлса, тафсир китоблари, фиқҳга доир асарлардан етарли даражада хабардор бўлмоқлари керак.

Энди ҳизбчиларнинг мақсадига келсак, у - юқорида айтганимиздай, ер юзида исломий халифаликни тузишдан иборат. Агар «халифа» сўзининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, ҳизбчиларнинг мақсадига баҳо берадиган бўлсак, бу - мутлақо асоссиз ҳаракатдир.

-«Халифа» сўзининг мазмун-моҳияти хусусида ҳам тушунча бериб ўтсангиз?

 «Халифа» - арабча сўз бўлиб, «ўринбосар» деган маънони билдиради. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло одамзотни «халифа» деб атаган. Масалан, «Бақара» сурасининг 30-оятида: «Эсланг (эй, Муҳаммад), Pоббингиз фаришталарга: мен ерда халифани (инсонни) яратмоқчиман, деди», - дейилган. Яна «Анъом» ва «Юнус» сураларида ҳам: «Эй, инсон­лар! Сизларни ер юзига халифа (эга) қилиб қўйдим», - дейилган. Демак, инсон - ерда Аллоҳнинг иродаси ва ризосига мувофиқ эзгу ва хайрли ишларни амалга оширувчи маъжозий маънодаги Аллоҳнинг ўринбосарларидир.

Шариатда эса диний ҳукмларни юритишда Pасулуллоҳнинг ўринларини эгаллаган кишига айтилган. Лекин Қу­ръони Каримда Муҳаммад (с.а.в.)дан кейинги халифа хусусида ҳеч нарса айтилмаган.

-Қуръон оятларида, ҳад­ис­ларда халифа ва халифаликка асосланган давлат бўлиши хусусида ҳеч нарса дейилмаган бўлса, «Ҳизбут таҳрир»чилар хилофатни қайта тиклаш фикрини зўр бериб ташвиқот қилишлари тўғ­рими?

-Йўқ, асло тўғри эмас. Ҳадис­ларда Пайғамбар (с.а.в) дан кейин ўттиз йилдан сўнг халифалик эмас, балки подшоҳлик ва амирликлар бошланиб кетиши хусусида Pасулуллоҳ (с.а.в)нинг ўзлари хабар берганлар. У зотнинг вафотларидан кейинги ўттиз йил ичида ислом жамиятини бошқарган ҳукмдорлар - Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва имом Ҳасанлар Пайғамбар (с.а.в)нинг ўринбосарларидир. Улардан кейинги ҳукмдорлар асло халифалар эмас.

Ҳизбчиларнинг хилофатни қайта тиклаш тўғрисидаги фикрига келсак, бу - мутлақо асоссиз уринишдир. Аввало шуни айтиш жоизки, улар байъат қилиш, яъни маълум бир халифани тан олиб, унга тўла итоат этиш - мусулмончиликнинг асосий шарти деб ҳисоблайдилар. Бу билан ҳизбчилар «байъат»ни фарз даражасига кўтармоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Қуръони Каримда мусулмончиликнинг фарз амаллари хусусида Ал­лоҳ томонидан кўр­сатма бе­рилган. Демак, «байъат» ҳеч қачон дини ислом қонунчилигига кўра фарз амал ҳисобланмайди. Қолаверса, бутун дунё мамлакатларида яшаётган, турли миллат фуқаролари бўл­ган мусулмонлар учун халифалик давлатига зарурат йўқ. Халифалик - бутун дунё мусулмонлари устидан ҳукмронлик қилиш - бугунги асримизда мутлақо амалга ошириб бўлмайдиган асоссиз мақсад.

-Жиҳод нима? Нима учун айрим диний-экстремистик оқим тарафдорлари бу ҳақда кўп гапиришади?

-Жиҳод - арабча сўз бўлиб, бирор мақсад йўлида бор куч-ғайратни сарф қилиш дегани. Лекин ислом истилоҳи бўйича жиҳод - биринчидан, нафс билан курашиш, яъни нафснинг измига юриб, гуноҳ ва жиноий ишларга қўл урмаслик. Иккинчидан, жиҳод - шайтон билан курашиш ёки шайтон васвасасига кирмай, ҳаром ва тақиқланган ишлардан сақланиш. Учинчидан, жиҳод - ёв билан жанг қилмоқдир. Муҳаммад (с.а.в) ота-онанинг хизматини қи­либ, розиликларини олиш ҳам жиҳод турларидан бири эканлигини таъкидлаганлар.

Пайғамбаримиз (с.а.в) бир жангдан қайтаётиб: «Мана, энди кичик жиҳоддан катта жиҳодга қайтдик», - деганларида саҳоба­лар: «Яна жанг қиламизми?» деб сўрайдилар. Пайғамбаримиз эса: «Йўқ, сизлар ўйлаган қуролли жанг эмас, нафс ва шайтон билан жанг қилишни назарда тутдим», - деганлар.

Бундан кўринадики, жиҳод - фақат қуролли тўқнашув эмас, динимиз, инсоният манфаати ва ахлоқимизни яхшилаш йўлидаги хайрли саъй-ҳаракатлардир. Қуръон ва ҳадисларда ҳар қандай адолатсиз қуролли жанг ва қон тўкишлар қаттиқ қораланган. Ҳар қандай қасам ичишдан қайтарилган. Зарурий ҳолатлардагина (асосан жиноятларни очишда) қасам ичишга рухсат этилган. Ҳозирги пайтда экстремистик оқимларга аъзо бўлиб кирувчиларга ичирилаётган қасам ҳам, уларнинг жиҳод - қуролли жангга ундашлари ҳам мутлақо ноўрин, ношаърий ва асоссиздир. Буни ёшларимиз яхши тушуниб олиш­лари жоиз.

- "Шаҳидлик тушунчаси нима? Ўз­ларини портлатиб, террорчилик ишларини амал­га ошираётганлар ҳам шаҳид ҳисоб­ланиша­дими?

-Шаҳидлик - ислом дини қонуниятларига кўра, Аллоҳнинг ризоси йўлида фидойилик қилган иймон-эътиқодли, номусли кишиларга ҳамда Ватан озодлиги ва мустақиллигини сақлашда ҳалок бўлганларга Улуғ Тангри томонидан бериладиган даража демакдир. Пайғамбаримиз (с.а.в) ички касалликлар хуружи билан ўлган, жони, номи, ор-номусини ҳимоя қилиш пайтида ўлдирилган, турли сабаблар туфайли фожеали ҳалокатга учраган кишиларга ҳам шаҳидлик мақоми берилишини башорат қилганлар. Демак, шундан келиб чиқиб айтиш жоизки, ислом дини нуқтаи назарида кўпчилик савобли ишлар каби шаҳидлик ҳам мусулмон кишининг ихлос-у эътиқоди, амали ҳамда мусибатларга сабр-тоқати эвазига Аллоҳ томонидан бериладиган мукофотдир.

Аммо ҳозирги даврда ўзларини портлатиш, террор амалиётини амалга ошириш йўли билан бегуноҳ кишилар ҳаётига зомин бўлаётганлар - ислом дини қонуниятларига кўра жиноят содир этган бадкирдорлардир. Уларнинг шаҳидлик даъво қилишларига ҳеч қандай асос йўқ. Ўзини-ўзи портлатиш – шаҳидлик эмас, балки фосиқликдир.

-Баъзан кўча-кўйда ҳижобга ўраниб олган ёки қоп-қора кийинган аёлларни кўриб қоламиз. Ҳижобдегани нима?

-Ҳижоб ҳам арабий сўз, сатр ва ёпинчиқ маъноларини беради. Дини исломда аёлларимизнинг номус, шараф ва иффатларини ҳимоя қилиш мақсадида ёт назарлардан сақланишлари буюрилган. Лекин қайси аъзолари аврат саналиши ва қан­ча миқдорда очиқ юришлари хусусида ҳатто мужтаҳид уламолар ҳам ягона бир фикрга келишмаган. Масалан, Абу Ханифа (Имом Аъзам) билан Имом Моликлар аёлнинг юзи, икки қўли, оёқларининг тўпиғи ости аврат эмас, очиб юришлари мумкин, десалар, Имом Шофиий ва Аҳмад ибн Ханбал аёлнинг барча аъзоси аврат деб ҳисоблаганлар. Шу боисдан, ханбалийликка эътиқод қўйган Саудия Арабистони аёллари юз-у кўзларини яшириб, қора ҳижобга бурканиб юрадилар.

Бизнинг ханафий мазҳабидаги аёлларимиз эса юзлари очиқ ҳолда юришлари жоиз, деб фатво берилган. Шундай экан, ҳаж ва умра зиёратларига бориб келган аёлларимиз араб аёлларига тақлид қилиб, ҳижобга ўраниб олишлари номақбул ишдир.

Ҳижобга ўраниб олиб Қур­ъон оятлари ва ҳадисларни бузиб талқин этувчилар, диний экстремистик оқим тарафдорлари учун ҳижоб шунчаки бир ниқоб. Ёшларимиз бундай кимсалардан узоқроқ бўлганлари маъқул. Чунки ислом қонунчилигини, ҳа­қиқий ислом дини ҳукмлари, фарз ва қарз амалларини, ҳатто мансух бўлган (яъни, ҳукми бекор қилинган) оятларни ҳам яхши биладиган инсонлар Муқаддас Каъба зиёратига ҳаттоки ўн марта бориб келсалар-да ҳеч қачон бошқа халқларнинг урф-одат ва либосларига тақлид қилмайдилар. Ўз динлари, иймон-эътиқодлари ва мазҳабларида собит турадилар.

Истардимки, илмга интилувчан, ўз дунёқарашини, фикрлаш доирасини кенгайтиришга чанқоқ ёшларимиз интернетдан фойданиш чоғида бузғунчи оқим вакилларининг даъватларига, ёмон ниятдаги таклифларига эътибор беришмаса. Улар компьютерда ишлаш жараёнида ниҳоятда хушёр бўлишлари лозим. Салгина бефарқлик, ўта ишонувчанлик салбий оқибатларга сабабчи бўлиши сўзсиз.

Мен келажагимиз бўлган ёшлар ёмон ниятли кимсаларнинг ташвиқот ва тарғиботларига учмай, Ватанимиз равнақи йўлида астойдил хизмат қиладилар, деб ишонаман. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

-Сермазмун суҳбатингиз учун ташаккур, омон бўлинг.

 

www.аmunews.uz веб-сайти мухбирлари

Pобия ЙЎЛДОШЕВА ва Алламберган ЖУМАНИЁЗОВлар суҳбатлашдилар.

(Фото - http://xs.uz)

Янгиликни бўлишинг: