"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

Буғдой далаларида кузги парвариш ишлари сифатли амалга оширилмоқда

“Йўлдошбой Насимбек” фермер хўжалиги Бўз ёп овулидаги энг пешқадам фермер хўжаликлардан бири ҳисобланади. Хўжаликнинг илғор деҳқонлари пахта ва ғалла бўйича белгиланган шартномавий режаларни доим туманда биринчилардан бўлиб, ортиғи билан уддалашади.

Тўлибой Хўшмонов раҳбарлик қилиб келаётган мазкур фермер хўжалигида 22 нафар пудратчи меҳнат қилади. Шунингдек, хўжаликнинг ўз техникалари ҳам мавжуд. Кўп йиллардан бери ишлаб келаётган тажрибали механизаторлар ТТЗ-80-11 чопиқ  ва ВТ-150 сурим тракторлари, доминатор комбайнлар ёрдамида иш унумини ошириб келишмоқда.

Жорий йилда миришкор деҳқонлар 47 гектар ерга чигит қадашди. Пудратчи ва ишчилар текис униб чиққан ниҳолларни астойдил парвариш қилишди. Ғўзалар ўз вақтида озиқлантирилиб, етарли миқдорда суғорилди. Натижада пахтадан мўл ҳосил етиштирилди ва хўжаликнинг пахта бўйича шартномавий режаси муддатидан олдин бажарилди. Давлатга режадагидан ортиқ “оқ олтин” топширишга эришган пудратчилар меҳнатларига яраша даромадга ҳам эга бўлишди.

 “Йўлдошбой Насимбек” фермер хўжалигида  8 гектар ерга “Аср” навли буғдой экилди. Айни пайтда ишчилар хўжалик раҳбари Тўлибой Хўшмонов бош-қошлигида дондан ҳам мўл ва сифатли ҳосил олишга эришиш мақсадида ниҳоллар парвариши билан банд. Ғалла етиштирилаётган далаларда  барча агротехник тадбирлар белгиланган муддатда бажариб борилди. Ўз вақтида сувдан унумли фойдаланилиб, сифатли суғорилди. Шу боис буғдой майсалари текис униб чиқиб, бараваж ўсди. Кузги парваришга алоҳида эътибор қаратилгани натижасида ниҳоллар тўлиқ туплади.

Экин майдонларида барча агротехник тадбирларнинг сифатли амалга оширилиши бошоқли дон экинларидан юқори ҳамда сифатли ҳосил олишга пухта замин яратади. Фермер ва хўжалик ишчилари ғалладан ҳам мўл ҳосил олишга эришиб, сарбаланд хирмон бунёд этиш учун астойдил меҳнат қилишмоқда.

О. Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: