"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

Фирибгарларнинг жинояти фош бўлди

Эл орасида шундай инсонлар борки, улар ҳалол меҳнати билан рўзғор тебратади. Аммо енгил-елпи ҳаёт тарзини танлаб, осон йўл билан катта маблағ топиш учун ўзгаларни чув туширишни касбга айлантирганлар сўнгги пайтларда кўпайиб кетди. Бундай кимсалар қилмишининг оқибатини ўйламасдан фирибгарлик қилиб, бировнинг меҳнати эвазига келган мулкни қўлга киритиш йўлини излашади.

Фирибгарлик – оғир жиноятлардан бири ҳисобланади. У иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар жумласига киради. Ўзбекистон Pеспубликаси Жиноят кодексининг 168-моддасида фирибгарлик, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритишдир, деб кўрсатилган. Демак, ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини юқорида кўрсатилган икки усулни қўллаб, текин қўлга киритган 16 ёшдан ўтган ақли расо ҳар қандай шахс фирибгарлик жиноятини содир этган шахс сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан жиноий жавобгарликка тортилади.

Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро Т.П. (исмлар ўзгартирилган) олий ўқув юрти талабаси бўлса-да, муқаддам бир неча марта айнан фирибгарлик жиноятини содир қилиб, судланганига қарамасдан яна шундай жиноятга қўл урди. Қилмишига яраша жазо олган бўлса ҳам тегишли хулоса чиқармасдан, яна фирибгарлик қилиб, осон йўл билан пул топиш учун содда одамларни излай бошлади. Шундай пайтда олий ўқув юртига имтиҳон топшириб, талаба бўлишга эришолмаган, аммо ҳали умидини узмаган таниши А.Б.ни учратиб қолди. У бу ҳақда А.Б.нинг ўзидан эшитиб, мўмай пул ўз оёғи билан келганидан ниҳоятда хурсанд бўлди. Олий ўқув юртига қўшимча контракт асосида киртиб қўйишга шундай ишонтирдики, А.Б. таниши Т.П. га сўраган 500 АҚШ долларини ота-онасидан олиб келиб, қандай берганини ўзи ҳам билмай қолди. Пулни қўлга киритган Т.П. эса бу ҳақда унутиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборди. Бировнинг ишончига кириб, алдаш йўли билан пулини олган ва ўзлаштириб юборган бу фирибгар ЎзP ЖКдаги 168-, 211-моддаларга кўра жиноий жавобгарликка тортилди.

Нуфузли олий таълим масканларидан бирида таҳсил олаётган яна бир талаба Т.К. ҳам бирпасда мўмай пулга эга бўлиш учун шу йўлдан боришни маъқул кўрди. Ўзининг таниши бўлган Ф.М.нинг ишончига кириб, Нукус шаҳридан арзонлаштирилган нархдаги бир хонали уйдан олиб беришни ваъда қилди. Уйга эҳтиёж сезаётган, аммо ҳужжатлари тўғри келмаганлиги сабабли ундан умидини узган Ф.М.га бу нажотдек бўлиб кўринди. Уй олиб бериш учун Т.К.га уч ой давомида жами 28 млн. сўм пул берди. Аммо уйни кўрсатишга келганида ҳар хил сабабларни баҳона қилиб, ундан узоқлаша бошлади. Бундан шубҳаланган Ф.М. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга мажбур бўлди ва шу бўйича Т.К.га нисбатан ўз айбига тўла иқрор бўлганлиги сабабли жиноят иши қўзғатилди.

Аҳоли ўртасида ўтказиладиган профилактик тадбирларда, оммавий ахборот воситаларида пул ва мол-мулкни фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга уринувчи шахсларнинг алдовидан сақланиш, улар томонидан режалаштирилган жиноий қилмишларнинг жабрланувчиси бўлиб қолишнинг олдини олиш бўйича мунтазам огоҳлантирилиб борилмоқда. Лекин афсуски, шунга қарамасдан бундай жиноятлардан жабр кўраётганлар сира камаймаяпти. Фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолмаслик учун ҳар бир фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқини, қонун-қоидаларни ўрганиб бориши, моддий олди-берди, қарз олди-бердисини қандай миқдорда ва ким билан амалга оширилаётганидан қатъий назар далил билан қайд этишни асло унутмаслиги керак.

Умида Оразбоева, Нукус шаҳар ИИО ФМБ 1-сон ИИБ ҳузуридаги

Тергов бўлинмаси суриштирувчиси, майор.

Янгиликни бўлишинг: