"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9532.74 +11.66
  • 1 EUR = 10220 -352.30
  • 1 RUB = 119.99 -11.22

Туман маданият марказида ҳисобот концерти ўтказилди

Мамлакатимизда маданият ва санъатни қўллаб-қувватлаш, миллий маданий ва маънавий меросни сақлаш ҳамда кўпайтириш, халқимизни миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши намуналари билан таништириш, моддий-техник базани яхшилаш ва халқаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, барча тармоқлар қатори маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилиб, бу борада кенг қамровли ишлар қилинмоқда. Вилоят, шаҳар ва туман марказларида мавжуд маданият марказлари қайта реконструксия қилиниб, чекка ҳудудларда янги маданият марказлари барпо этилмоқда. Маданият ва санъат жонкуярлари учун барча шароитлар яратилмоқда.

Туманимиздаги маданият маркази бир неча йиллардан буён ўзининг самарали фаолиятини олиб бормоқда. Маданият марказида барча маданият ва санъат ихлосмандлари учун турли хил тадбирлар ва концерт дастурлари ташкил қилиниб келинмоқда. 4 ноябръ куни бўлиб ўтган туман маданият маркази ҳисобот концерти шулар жумласидандир. Маданият маркази концертлар залида халқ жамоаларининг йил якунига бағишланган ҳисобот концертида репертуарларидаги куй, ашула ва рақс, цирк томошаларини халқимиз эътиборига ҳавола қилдилар.

Ёшларнинг маданий савиясини юксалтириш, уларни миллий ва умумбашарий маданиятнинг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш, шу асосда маънавий етук, баркамол шахсларни тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Буларнинг натижаси эса уларнинг эришаётган ютуқларида кўзга ташланмоқда.

Ҳозирги кунда туман маданият марказида 3 та халқ жамоаси фаолият олиб бормоқда. Булар «Учқун», «Офарин», «Жайхун мўъжизаси» жамоаларидир. Жумладан, «Учқун» ашула ва ракс халқ ансамбли 1963 йилда туман Марказий маданият уйида ташкил килинган булиб, 1973 йилда «Чашма» кўрик-танловида «Қирк қиз» ансамбли билан қатнашиб «Халқ ансамбли» унвони олишга сазовор бўлган. 28 кишидан иборат ансамблга Анвар Худайберганов бадиий, ёш истеъдод сохиби бўлган Вахобжон Абдуллаев мусикий рахбар , Дилфуза Бобожонова рақс ўргатувчи (балейтмейстер) лавозимларида фаолият олиб бормоқда.

«Офарин» фолклор этнографик ансамбли ўз фаолиятида катта муваффақиятларга эришиб келмоқда. Ўзбекистон Pеспубликаси Маданият Вазирлиги қарорига биноан 2008 йил 1 ноябрда ҳавас корлик санъатини ривожлантиришдаги, миллий қадриятларни тиклашдаги фаол хизматлари хамда юксак ижрочилик маҳорати учун ҳозирда 15 нафар аъзосига эга бўлган «Офарин» фолъклор этнографик ансамблига «Халқ ҳаваскорлик жамоаси» унвони берилди.

«Жайхун мўъжизаси» анъанавий сахна цирк ҳаваскорлик жамоаси 1983 йилда туман маданият уйи қошида ташкил килинган. 2009 йил 24-апрелда туман Маданият марказининг «Жайхун мўъжизаси» анъанавий цирк гуруҳига «Халқ ҳавас корлик жамоаси» унвони берилди. «Жайхун мўъжизаси» анъанавий сахна цирки халқ жамоаси ҳозирда 8 нафар аъзосига эга. Халқ жамоалари ҳар йили йил якуни билан ўзларининг фаолияти бўйича ҳисобот концертларини ўтказиб келмоқдалар.

Туман маданият маркази халқ жамоалари барча байрам тадбирлари, Pеспублика ва туман миқёсидаги кўрик танлов ва фестивалларда фаол қатнашиб, маданият, санъатнинг ривожланишига ўзларининг беқиёс хиссаларини қўшиб келмоқдалар.

Чарос Арслонова.

Янгиликни бўлишинг: