"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

“Оила ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этишда жамоат ва давлат ташкилотлари ҳамкорлиги” мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди

Бугунги кунда ёшларимизнинг эришаётган ютуқ ва марраларини кўриб, бирдек қувонамиз. Айниқса, спорт ва илм-фан бобидаги муваффақиятлари ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Аммо шунга қарамай, ёш авлод тарбияси билан боғлиқ муаммолар ҳам кўзга ташланаётир. Хусусан, оилавий ажрашишлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар кўпайиши, миллий урф-одат ва қадриятларга бўлган ҳурматсизликнинг кучайиши, алдамчи ғоялар кетидан эргашиб кетиш ҳолатлари ортгани барчани ҳушёрликка чоғламоқда. Ана шу ҳаётий зарурат ҳамкорлик дастури ишлаб чиқилдики, улар маҳаллалар ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш орқали ёшларни Ватанга садоқатли инсонлар қилиб камолга етказишда муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадни амалга ошириш юзасидан жойларда тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда.

Хусусан, 2019 йил 7 ноябрь куни Амударё туман ҳокимлиги мажлислар залида “Оила ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этишда жамоат ва давлат ташкилотлари ҳамкорлиги” мавзусида ўқув-семинари бўлиб ўтди.

Ўқув-семинарда Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Pеспубликаси ва Амударё тумани кенгашлари маъуллари, ҳамкор ташкилотлар, яъни туман ҳокимлиги, Pеспублика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими, Ёшлар иттифоқи, туман ички ишлар бўлими, “Оила” илмий-амалий маркази туман бўлими масъуллари иштирок этиб, кун тартибидаги масала бўйича маърузалар қилди.

Ўқув-семинари овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раиси ҳамда масъул котиблари, нуронийлар, хотин-қизлар ва уюшмаган ёшлар вакиллари иштирок этиб, Оилаларда меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш ва ажримларнинг олдини олиш, тўй ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш каби бугунги куннинг долзарб масалаларини таҳлил қилишди ҳамда ҳаётий мисоллар билан кенг тушунчалар бердилар.

Ўқув-семинарда оилалар ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш, жамоат ва давлат ташкилотлари ўртасида бир-бирини тўлдирадиган, самарали ҳамкорликни жорий этиш, ушбу йўналишда жамоат ташкилотлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик дастурида белгиланган вазифалар кенг муҳокама этилди.

Ўз навбатида, дастурда аҳолининг маънавий тушунчаларини бойитиш, миллий-ахлоқий ва ҳуқуқий тарбиясини, бой адабий меросимизга бўлган меҳрини шакллантиришда маҳалла институтининг ролини янада ошириш, хусусан, тўй ва бошқа оилавий маросимларни ихчам ва камхарж ўтказиш масаласига жиддий эътибор қаратилди. Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Тан олиш керак, бугун айрим йигит-қизларимиз мустақил ҳаётга тайёр бўлмасдан турмуш қуриш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Бунинг оқибатини тобора ошиб бораётган ажралишларнинг сони ҳам кўрсатиб турибди. Афсуски, бугун тўй-ҳашам, маросимларимизда ҳам орзу-ҳавасларга берилиб, ота-боболаримиз амал қилган урф-одатларга амал қилмасдан, ортиқча расм-русумлар, дабдабабозлик, бегона “урф-одатлар”га кўр-кўрона эргашиш ҳолатлари ҳам кўп учрамоқда.

Бундай иллатларга барҳам бериш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Зеро, ҳаётимизда учраётган айрим камчилик ва муаммоларни биргаликда ҳал қилсак, салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган имконият ва ҳаракатларимизни бирлаштирсак, маҳалламиз ва юртимиз тинч, турмушимиз эса янада фаровон бўлади.

Чарос Арслонова,

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

Янгиликни бўлишинг: