"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

Попук

(Бўлган воқеа)

Ўшанда баҳорнинг илк, кунлари, қуёш тафти ерни қиздира бошлаган пайт эди. Узоқ қиш бўйи зериккандан уйга сиғмаган болалар – ҳаммамиз у ўйин тамом бўлмай, бу ўйинга ўтишга шошамиз. Кеч тушиб, уйимиздагилар номма-ном чақиришга тушади. Ўйинлар шу қадар қизиқки, ҳатто дунёдаги энг тансиқ таом номини айтиб чорлашса-да, гарчи қорнимиз оч бўлса-да майдонни тарк этгимиз келмайди.

Шундай кунларнинг бирида Ўғилой момомга қулоғимни тешдирдим. Ҳозирлаб қўйилган сирғам бўлмаганидан ипак ўтказиб қўйди. "Қалдирғоч кўрмасин”, деб ирими учун узун попукли қалпоғимни кийдирди. Чанг-ғубор тушмаслиги кераклигини қайта-қайта уқтирди. Бу қалпоғимни аслида попуклари учунгина яхши кўрардим. Ўртоқларим эса ҳадеб, попугимдан тортқилагани-тортқилаган. Қоронғи тушиб, чопқиллаб уйга  қайтаётсам елкамга урилиб, тебраниб турган попугимнинг  йўқлигини сезиб қолдим. Уни излаб топай, десам кеч бўлиб қолган, ё боя тортқилаган биттаси юлиб олдимикан? Сўрай, десам улар аллақачон тарқалишди. Попугиммас, бир қулоғим тушиб қолгандай, шалпайиб уйга қайтдим. Мени хомуш кўрган онам: - "Ҳа, бугун уришиб тарқалишдингизларми? – деб сўради”. "Попугимни йўқотдим”, – дедим тушкун бир ҳолда. " – Тонг отса излаб кўрарсан, топарсан, топилмаса ҳам ҳеч гап йўқ. Ҳаётда нималарни йўқотмайди одам. Арзимас нарсага куюнма”, – деб далда берди онам. Аслида мен далда эмас, дакки кутгандим. Ўчоққа ўтин қалаётган онамнинг юзларидаги ажинлар олов ёғдусидан аниқ-тиниқ кўриниб турарди.

... Келин бўлиб тушганимга икки кун бўлди. Бу маҳалланинг расм-русумларига кўра, қайнюртдагиларнинг энг яқинларига янгича исм қўйиш келинга масъулият юклар экан. Мени қандай номларкан, дея энтикканлар, ичикканлар бўлади. Куёвимнинг олти ёшли синглисига – "Хўш, сиз қандай номлашимни истаяпсиз”, – дедим қизиқсиниб. – "Мени отам Попук дейди, қўшнилар ҳам, сизам Попук деяверинг” – деди қийиқ кўзлари кулиб. "Попук, нега попук, у нима дегани? Ахир у тортқиласа тушиб, узилиб қоладиган нарса-ку, масалан, сочпопук, толпопук, дўппипопук...” (Яна, аллақаерларда мушукни шундай атайди, демоқчи бўлдиму айтолмадим).  Ўзимга ёқмаса ҳам ўзи истаганча, фақат орасира "ой” сўзини қўшиб чақирадиган бўлдим. Менга қараса, Ойқизми, Маралми, Сулувми...

Тиним билмаган вақт ишини қилди. Уч фарзандли бўлдим. Попук укаларига опа, укалари унга эш бўлди.

Попукнинг сочлари узун, белига тушар бўлди. Юзлари сутга чайилгандай, қошлари қалдирғоч қанотидай. Симбати сийратига мос эди. Сўзласа, чечан, ширинсухан. Хушхулқ эди. Кўпнинг назарида ярқираган юлдуздай бўлди.

Ўша қиш қаҳри қаттиқ келиб фақат танамизни эмас, бутун вужудимизни музлатиб қўйди.

– Женгше, ўн саккизга киряпман, – деди бар куни маҳзунгина. Бўйи бўйимдан ошган шу қизча наҳотки ўша Попук бўлса, ҳайратланаман.

Ўн саккизинчи баҳорнинг  ҳали йигирма бешинчитонгигинаотганди,холос.Қаҳри қаттиқ баттол қиш аямади нозик ғунчани. Попук, Попуккинамни шум тақдир не кўйларга солди-я!? Ҳаётда нималарни йўқотмайди экан одам! Кимларни зор қилмайди, зориқтирмайди, интизор кутмайди экан. Илҳақ, йўлларига қараб умри сар-ғаяр экан, одамнинг!

Бот-бот, болалик ўйинларида йўқотган попугим ёдимга тушади. Юраккинам куйиб-куйиб кетади. Иккинчи бор мен Попугимни йўқотдим. Бу йўқотиш мен учун умрлик армон бўлди...

Тавба!...

Яшашга ҳақли эди,

Ҳовлимизда гул чаман.

Оралаб юрмайсанми?

Ҳар кун умид қиламан.

Тушимга кирмайсанми?

Ёрилтош-ей ёрилтош,

Попугимни кўрайин.

Қани, даричангни оч,

Дийдорини кўрайин.

Сочларини ўрайин,

Бўйларини бўйлайин.

Дийдорига тўяйин,

Дийдорига тўяйин...

 

Шарофат Холмурадова.

32-мактаб ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: