"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

ТАЪЛИМ СОҲАСИНИНГ ЖОНКУЯPИ

Ҳозирги вақтда таълим соҳасига берилаётган катта эътибор шу соҳада фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходимнинг ўз касбига, фаолиятига бўлган масъулият ҳамда фахру ифтихорини яққол намоён этаяпти.

Айниқса бу соҳада фаолият кўрсатаётган педагог ходимлар ўз касблари юзасидан чуқур изланишлар олиб боришиб, ёшларга берилаётган таълимнинг сифат ва самарадорлигини ошириш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқдалар.

2013 йилда Нукус Давлат педагогика институтини тамомлаб, туманимиздаги 16-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс бера бошлаган ёш ўқитувчи Нигора Исмоилова бу иш бўйича тажрибаси йўқлиги сабабли анча қийинчиликларга дуч келган.

Аммо мактабда кўп йиллардан буён фаолият кўрсатиб келаётган Ҳулкар Қурбонбоева ва Азиза Абдураҳмонова сингари тажрибали муаллимлар Нигорани ёлғизлатиб қўйишмади.  Унга ўқитиш, ўқувчи болалар билан муомала қилиш борасида кенг турда тушунчалар бериб боришди. Устозларнинг ўгит ва насиҳатлари Нигорага далда ва таянч бўлди.

Ўз устида тинмай ишлаши, дарс ўтишнинг илғор усулларидан фойдаланиши, устоз ўқитувчилар тажрибаларига суяниши  натижасида кўп ўтмаёқ у фаол ўқитувчилар сафидан ўрин олди.

Айни кунда Нигора Исмоилова томонидан ўқувчилар ўртасида ўтказилаётган “Ёш китобхон” мусобақаси, мушоира ва мақол айтишув тадбирлари ўқувчиларда ўзбек тили ва адабиётига бўлган қизиқишни янада оширмоқда.

Ёш ўқитувчи Нигора Исмоилованинг ўқувчиларга таълим беришда бор билим ва маҳоратидан, илғор тажрибалардан фойдаланиб иш кўриши унинг ўз ўқувчилари муваффақиятларида аниқ кўзга ташланади. Шогирди Диёра Болтабоеванинг “Билимлар беллашуви”нинг туман ва Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичларида қўлга киритган ютуқлари уни кўпроқ меҳнат қилишга, ўқувчилари билан ишлашни янада жонлантиришга руҳлантирмоқда.

Дарс ўтиш жараёнида интерфаол услублардан фойдаланиш Нигора учун катта имкониятлар эшикларини очиб бераяпти. Унинг дарс ўтишида айниқса “Балиқ склети” ва “Зинама-зина” услубларидан фойдаланиши яхши натижаларни бераяпти.

Нигора Исмоилова ҳозирги кунда давом этаётган “Ўзбек тили ва адабиёти фан ойлиги” доирасида кўплаб тадбирларни ўтказишга ҳаракат қилаяпти. Жорий йилнинг 15 октябрь куни 10 синфда ўқувчиларнинг билимини ошириш, фикрлаш доирасини кенгайтириш мақсадида ўтказилган очиқ дарсда Нигора “Билимдон дарахти” усулидан кенг фойдаланди. Очиқ дарс пайтида ўқувчилар гуруҳларга ажратилиб, уларга ҳар хил қизиқарли мавзуларда матнлар ёздирилди. Ушбу очиқ дарс жараёнида ўқувчилар фаол иштирок этишди ва улар муносиб тарзда рағбатлантирилди.

Айни кунда Нигора ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – тил байрами муносабати билан ўз ўқувчилари ўртасида турли қизиқарли тадбирларни ўтказиб, ўқувчиларда она тилимиз, ўзбек тилига бўлган ҳурмат-эътиборни, фахрланиш туйғуларини оширишга ҳаракат қилаяпти.

Биз ўз касбига ихлос қўйган жонкуяр муаллима Нигора Исмоилованинг келгуси ишларида муваффақиятлар тилаймиз.

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ.

Янгиликни бўлишинг: