"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

Туманда одам папиллома вирусига қарши 1550 нафар ўсмир қизлар эмланди

Ўзбекистонда миллий эмлаш календари бўйича болалар давлат ҳисобидан 12 та бошқариладиган инфекцияга қарши профилактик эмланади. Одам папиллома вирусига қарши вакцинанинг 13-эмлаш сифатида жорий қилиниши яна бир оғир касаллик — бачадон бўйни саратони хасталигининг олдини олишга хизмат қилади. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти эмлаш тадбирини 9-13 ёшли қизлар ўртасида ўтказишни тавсия этади. Ушбу вакцина жорий йилдан мамлакатимизда миллий эмлаш календарига киритилиб, қизлар давлат ҳисобидан бепул эмланадиган бўлди. Натижада, Ўзбекистонда 2060 йилларга бориб аёлларнинг бачадон бўйни саратони билан касалланиш ҳолларига барҳам берилиши кутилмоқда.
Бугунги кунда жаҳоннинг 96 давлати уни ўз миллий эмлаш календарига киритган. Уларнинг орасида Буюк Британия, Дания, Швеция, Финландия каби қатор  Европа давлатлари,  шунингдек, АҚШ, Канада, Австралия ва Лотин Америка мамлакатлари ҳам бор. Шундай қилиб, 2006 йилдан бошлаб  шу кунгача бутун дунёда 100 миллион нафардан ортиқ  одам ушбу вакцина билан эмланган.

Одам папилломаси вирусига қарши эмлаш вакцинаси аёлларда учрайдиган бачадон бўйни саратонининг олдини олишнинг самарали усулларидан саналади. Айниқса, ўсмир ёшдаги қизларни режали эмлаш келгусида 1100 та касалланиш ҳолати ва ушбу касаллик туфайли юз берадиган аёллар ўлимининг олдини олишга ёрдам беради.

Туманимизда ҳам Ўзбекистон Pеспубликаси ССВнинг 0239-07/3-сонли “Юқумли касалликларга қарши иммунопрофилактика ўтказиш” тўғрисидаги эмлаш календарига асосан 21 октябрдан 1 ноябргача бўлган вақт оралиғида 1 667 нафар 9 ёшдаги ўсмир қизларни эмлаш режалаштирилди. Эмлаш ишларини ўтказиш учун тиббиёт ходимларининг малакаси оширилди ва улар иштирокида тарғибот ишлари ўтказилди. Туманимиздаги умумтаълим мактабларида ва даволаш-профилактика муассасаларида 13 та эмлаш бригадаси томонидан 1550 нафар 9 ёшдаги ўсмир қизларда вакцина билан эмлаш ишлари ўтказилди. Эмлаш кунлари тиббий чеклов берилган ва туманимиздан ташқарига вақтинча кетган қизлар ўртасида эса айни пайтда ҳам эмлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Одам папиломаси вирусига қарши эмланган қизлар келажакда ушбу вирус келтириб чиқарадиган хавфли жинсий касалликлардан тўлиқ ҳимояда бўлади. Вакцина қизларнинг репродуктив функциясига умуман салбий таъсир кўрсатмайди. Ўтказилган халқаро илмий тадқиқотларда мазкур вакцинанинг нафақат саратондан ҳимоялаш, балки, репродуктив аъзолар саломатлигини ҳам янада мустаҳкамлаш хусусиятига эга эканлиги тасдиқланди. Дунёда биринчилардан бўлиб киришилаётган ушбу жараён аёллар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Гулшод Тажибоева, туман ДСЭНМ эпидемиология бўлими мудираси.

Янгиликни бўлишинг: