"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9500.96 +9.23
  • 1 EUR = 10498.6 +43.00
  • 1 RUB = 149.01 +0.18

МТМда ҳосил байрами тадбири ўтказилди

Куз фаслининг ўзига хос гашти, жозибаси бор. Йил бўйи деҳқон-у фермерлар, боғбон-у соҳибкорлар ўзлари қилган меҳнатнинг самарасини айнан шу фаслда кўрадилар. Ҳосил хирмонларидан, экин-тикин баракасидан кўнгли тўқ деҳқон йил сарҳисобидан мамнун ҳолда тўкин дастурхон атрофида ҳосил байрамини нишонлайди. Эришилган катта муваффақиятлар нафақат деҳқон-у фермерларга, балки бутун халқимизга кўтаринки руҳ бағишлайди ва баланд-баланд хирмонлар уйилган далалардан бошланган ҳсоил байрами ҳар бир хонадонга, овул ва маҳаллага, ҳатто идора ва муассасаларга ҳам кўчади.

Мамлакатимизга, шу жумладан туманимизга ҳам куз фасли ана шундай ҳосил байрамлари билан янада файз-у тароват бахш этади.

Айни кунларда туманимизнинг қайси гўшасига борманг, 2019 йилда пахтакорларимиз, пиллакор-у боғбонлар, чорвадор-у соҳибкорларимиз эришган ютуқлардан шод-у хуррам халқимиз ҳамжиҳатлик билан ҳосил байрами тадбирларини ўтказишмоқда.

Ана шундай ҳосил байрами тадбири Бобур номли овулдаги 22-сонли  мактабгача таълим муассасасида ҳам ўтказилди. Миллий ифтихоримиз ва ғуруримиз бўлган пахта, етти хазинанинг бири сифатида қадрланувчи пилла, заминимизда етиштирилган ширин-шакар мева ва сабзавотлар ҳақида шеърлар, эртаклар айтган болажонлар ўзларининг чиқишлари билан барчани мамнун этдилар.

Айниқса, тўртта фасл билан суҳбат қурган, ҳар фаслдан ўзига хос маъно-мазмунлар топиб, юксак хирмонлар уйган Деҳқон бобо билан болажонларнинг мулоқоти, МТМ мусиқа раҳбари Собир Қурбонбоев томонидан тайёрланган жонли саҳна кўринишлари ва бу жараёндаги болажонларнинг иштироки ҳосил байрами тадбирига янада файз бағишлади.

Ҳосил байрами тадбирини тайёрлашда МТМ ходимлари Марҳабо Қодирова, Манзура Кенжабоева, Хуршида Тўлибоевалар 2019 йилда Бобур номли овул ҳудудидаги фермер хўжаликлари ва бу хўжаликларда меҳнат қилаётган болажонларнинг ота-оналари, бобо ва бувижонлари меҳнатини қадрлаш, етиштирилган мўл-кўл ҳосил неъматини асраб-авайлаш, бу неъматларнинг инсон саломатлиги учун қанчалик аҳамиятли эканлигига алоҳида аҳамият берганликлари боис, болажонлар қалбида Ватанга муҳаббат, она юрт заминида етиштирилган неъматлардан фахрланиш, бободеҳқонларимизнинг  ҳалол ва фидойи меҳнатларига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром туйғулари янада мустаҳкамланди.

- Бу каби тадбирлар ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик, ота-оналари меҳнатига ҳурмат, табиат неъматларига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашга хизмат қилади, - дейди МТМ мудираси Pаъно Қодирова.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: