"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9500.96 +9.23
  • 1 EUR = 10498.6 +43.00
  • 1 RUB = 149.01 +0.18

Тил байрамига бағишланган катта тадбир ўтказилди

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлиши муносабати билан  барча ҳудудларда кенг миқёсдаги байрам тадбирлари ўтказилди.  Туманимизда ҳам шу муносабат билан ўтказилган тадбирлар ва ушбу сананинг бундан буён юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» сифатида нишонланиши ҳар биримизга байрамона кайфият улашди.

13-сонли мактабда ҳам “Тил – бебаҳо хазина” мавзусида катта тадбир ўтказилди.  Тадбирда сўзга чиққанлар ўз она тилимиз имкониятларидан  ўринли фойдаланиш борасида   олиб борилаётган ишлар,  Ўзбекистон Pеспубликаси Конституциясининг 4-моддасида “Ўзбекистон Pеспубликасининг Давлат тили ўзбек тилидир”деб белгилаб қўйилганлиги тўғрисида сўз юритдилар.

Тадбир давомида мактабнинг кичик синф ўқувчилари  она  тилимизни мадҳ этувчи шеърларни ифодали ёд айтдилар, Ватан ҳақида қўшиқлар куйлаб, рақслар ижро этдилар. Мактабнинг 8-синф ўқувчиларидан Л.Отажонов, Ф.Тўлибоев, М.Pаҳимова, Т.Бекжанова, Ш.Ўринбоева, Ҳ.Янгибоевалар халқ оғзаки ижодининг дурдона асари бўлган “Кунтуғмиш” достонидан саҳна кўриниши намойиш этдилар. Шунингдек, 9-синф ўқувчилари ҳам ўзлари тайёрлаган саҳна кўриниши орқали айрим ёшларнинг  тилимизга муносабатини, кўча-кўйда,  мактабда муомала маданиятига амал қилмасдан, ўз она тили қолиб, бошқа тилларда гаплашишлари, оқибатда тенгдошлари олдида уялиб қолаётганлигини кўрсатиб бердилар.   

 Тадбир якунида ўзбек тили ва адабиёт фани ойлиги муносабати билан ”Ким кўп мақол билади?”,  “Ким кўп эртак билади?”,  “Тез айтишни тез-тез айт”,  “Ўзбек тилим – ифтихорим” мавзуларида ўтказилган иншолар танловида фаол иштирок этган ўқувчиларга фахрий ёрлиқлар топширилди.

Қизиқарли ва мазмунли ўтган тадбир ўқитувчи ва ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.

Азиза Аҳмедова, 13-сонли мактабнинг

ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: