"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

7 нафар маҳкум шартли равишда муддатидан илгари жазодан озод қилинди

23 октябрь куни туман Ички ишлар бўлимининг мажлислар залида Пробация гуруҳи ҳисобида турган маҳкумларга доир ишни кўриб чиқиш мақсадида очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Суд мажлисида Жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси Султон Давлетмуродов, туман прокурори ёрдамчиси Санжар Ёрмуҳаммедов, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Ички ишлари вазирлиги Пробация бўлими инспектори Ғунча Айтмуратова, туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Худойберганов ҳамда Пробация гуруҳи ходимлари қатнашдилар.

Мажлисда озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган ва туман Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳи ҳисобида турган 7 нафар маҳкумга доир иш кўриб чиқилди. Улар жазо муддатини ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилганлиги ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги сабабли Ўзбекистон Pеспубликаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан шартли равишда жазодан муддатидан илгари озод қилинди ва маҳкум деган тамғалари олиб ташланди.

Қорақалпоғистон Pеспубликаси Ички ишлари вазирлиги Пробация бўлими инспектори Ғунча Айтмуратова, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник Улуғбек Худойбергановлар Пробация хизмати қисқа давр ичида шахсни тарбиялаш, жиноят кўчасига адашиб кириб қолган айрим кишиларни соғлом жамиятга қайтаришга кўмаклашишда муҳим аҳамиятга эга бўлаётганини, аниқ мақсадли чора-тадбирлар натижасида ҳисобга олинган назоратдаги шахсларнинг тузалиш йўлига ўтишига эришилаётгани, улар томонидан қайта жиноят содир этилиши ҳолатлари ўтган йилларга таққосланганда кескин камайганини айтиб ўтдилар. Йиғилишда, туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова сўзга чиқиб, пробация хизмати томонидан кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда бир қатор профилактик ишлар амалга оширилиб келинаётганлиги, натижада назорат остидаги шахслар томонидан қайта жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилиши олди олинаётганини, бу эса туманимизда жиноятчиликнинг камайишига сабаб бўлаётганини таъкидлаб ўтди.

Озода ХУДОЙБЕPГАНОВА.

Янгиликни бўлишинг: