"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

ОНА ТИЛИМИЗ ЗАВОЛ ТОПМАЙДИ

Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили асрлар оша халқимизнинг ички маънавий дунёси,  инсонийлик оламини ифодалаб келаётган миллий бойлигимиздир. Халқ достонларидаги тимсолларимиз,  мақол ва топишмоқлар оламидаги сир- у асрорлар, китобхонни ҳайратга соладиган афсоналар,  сеҳрли байтлар,  ўтли мисралар, пандномалар ана шу жозибали она тилимизда битилган,  унинг бўй-бастини дунёга тараннум этган. Маънавиятни Шарқдан ўрганиш керак деганда алломалар қанчалик ҳақ эканлигини ҳаёт исботлаб турибди.  Чунки бағрида инсонийлик меваларини етиштирадиган адабиётимизга, гўзал тилимизга талпинишнинг ўзи бир маънавият. Она тилимиз софлиги ва гўзаллигини сақлаб авлодларга йетказмоқ биз катталарнинг муқаддас бурчимиз.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти томонидан "Давлат тили ҳақида"ги Қонун қабул қилинганлигининг ўттиз йиллигини муносиб кутиб олиш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу айни вақтда тилимизга бўлган эътибор ва ҳурматнинг бир кўриниши.  Давлат раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарор муносабати билан жойларда тилимиз ҳақидаги Қонуннинг ўттиз йиллигини нишонлаш бўйича турли хил тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу чора ва тадбирлар ёшларни ўз она тили ва адабиётини ардоқлаш ва асраб-авайлаш туйғуларини янада ривонлантириши шак- шубҳасиз.

 Мен ҳам она тили фани ўқитувчиси сифатида она тилимиз гўзаллигини болаларга етказаётганимдан беҳад бахтиёрман.  Ўқувчиларда адабиётга,  бадиий асарлар ўқишга бўлган қизиқишларини ошира олсам айни муддао.

 Жорий йил Тошкент шаҳрида ўтказилган "Мен севган адабий қаҳрамон" мавзусидаги иншолар танловида 8- синф ўқувчим Шомуродова  Феруза билан иштирок этиб қайтдим ва айта оламанки,  бу кунлар педагогик фаолиаятимдаги энг бахтли,  шукуҳли кунларим бўлди.  Сабаби адабиётни севадиган ёшлар ва устозлар даврасида бўлишнинг гашти бошқача.   Бу жараённи кузатар эканман,   болажонлар қалби кенг,  улар адабиёт оламида яшаётганини англадим.  Китоб ўқимаяпти, деб таҳликага тушишга ҳожат йўқ.  Бир-биридан зукко, бир-биридан ижодкор ўқувчилар менга илҳом бағишлади.  Мен ҳам ўз шогирдим таассуротларини эшитиб,  умрим,  фаолиятим бекор ўтмаётганига,  шогирдларимни она тилимизни севишга жалб қилаётганимга қувондим.

Қайси миллат ўз она тилини асраса,  эътибор кўрсатса,  у миллатнинг келажаги ёруғ.  Биз ҳам ана шундай миллатлар қаторидамиз,  иншоллоҳ.

 Барча юртдошларимизга она тилимизга Давлат тили мақоми берилганлигининг ўттиз йиллиги муборак бўлсин!

Гулойим БЕГЖОНОВА, 11-сонли мактаб ўқитувчиси.

Янгиликни бўлишинг: