"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 10139.3 +9.40
  • 1 EUR = 11051.8 +95.90
  • 1 RUB = 141.35 +3.46

“Ўзбекистон Pеспубликасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонуннинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида

Жорий йилнинг 25 июнида “Ўзбекистон Pеспубликасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти томонидан имзоланди.

Сайлов кодекси Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш тартибини белгилайди.

Илгари мазкур сайловларни ўтказиш тартиби алоҳида-алоҳида норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар билан тартибга солинган эди.

Янги кодексга биноан, сайловларда ҳар бир фуқаро бир овозга эга.

Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди.

Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилади.

Сайлов кодекси билан сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди.

Унга мувофиқ, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 та ҳудудий сайлов округлари тузилади.

Илгари 135 та округ тузилган ва 15 нафар депутат собиқ Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган. Эндиликда Ўзбекистон экологик партияси ташкил этилганлиги боис, мазкур партия депутатликка ўз номзодларини умумий сайловларга қўйган ҳолда Қонунчилик палатасидан ўрин эгаллаши мумкин.

Эндиликда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилади.

Унга кўра, сайловчилар Марказий сайлов комиссиясининг расмий
веб-сайтида сайловчиларнинг рўйхати тўғрисидаги ўзи учун керакли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади.

Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга 15 кун қолганида, чет давлатлардаги ваколатхоналарда, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларида эса сайловга 7 кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим қилинади.

Кодекс билан кузатувчиларнинг, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди.

Жумладан, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайлов жараёнини ёритиш, овоз бериш биноларида, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.

Президент сайлови, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланганлиги уларнинг ваколатлари тугашидан камида 3 ой олдин эълон қилинади.

Кодексда участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларнинг жиҳозланишига оид талаблар ўз аксини топди.

Хусусан, сайлов комиссиялари жойлашган биноларда сайлов участкасининг харитаси, зарур мебель, офис техника воситалари (телефон, принтер, Интернетга уланган ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимиша кириш имкониятига эга комьпютерлар, сейф, канцелярия товарлари) бўлиши керак.

Сайловлар соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Илгари соат 6.00 дан соат 20.00 гачаўтказилган.

Сайловчи овоз бериш биносига келгач участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.

Сайлов бюллетени яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Сайлов бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.

Сайловда сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга “+” ёки “√” ёхуд “Х” белгисини қўяди.

ПPЕЗИДЕНТ САЙЛОВИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАPИ

Президент 5 йил муддатга сайланади ва бир шахс сурункасига 2 муддатдан ортиқ Президент бўлиши мумкин эмас.

35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган фуқаро Президент этиб сайланиши мумкин.

Президент сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия сайловга камида 75 кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

Президентликка номзодлар кўрсатиш сайловга 65 кун қолганида бошланади 45 кун қолганида тугайди.

Президент сайлов натижалари эълон қилинган кундан кечи билан 2 ойда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилган пайтдан эътиборан ўз лавозимига киришади.

ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ДЕПУТАТЛАPИ САЙЛОВИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАPИ

Қонунчилик палатаси 5 йилга сайланадиган 150 депутатдан иборат.

Депутатлар ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида сайланади.

Депутатликка номзодлар сиёсий партиялар томонидан кўрсатилади.

Номзодлар сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил Ўзбекистон ҳудудида яшаётган бўлиши лозим.

Депутат этиб сайланган шахслар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган пайтдан эътиборан Қонунчилик палатаси депутати мақомига эга бўлади.

СЕНАТНИ ШАКЛЛАНТИPИШ ТАPТИБИ

Олий Мажлис Сенати ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, Сенат аъзоларидан таркиб топади.

Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Pеспубликаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – олти кишидан сайланади.

Сенатга сайлов Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимият вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Сенатнинг ўнолти нафар аъзоси энг обрўли фуқаролар орасидан Президент томонидан тайинланади.

Сенатнинг ваколат муддати – беш йил.

МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАPГА САЙЛОВЛАPНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАPИ

Маҳаллий Кенгашларга сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида 5 йил муддатга ўтказилади.

Сайлов кунигача 21 ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайланиш ҳуқуқига эга.

САЙЛОВ НАТИЖАЛАPИНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ

Президент сайлови, Олий Мажлисга сайлов якунларига кўра Марказий сайлов комиссиясининг қарори сайловдан кейин 10 кундан кечиктирмай қабул қилинади ва Марказий сайлов комиссиясининг рамий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинади.

Маҳаллий Кенгашга ўтказилган сайлов якунлари тўғрисидаги қарор тегишли сайлов комиссияси томонидан сайловдан кейин 10 кундан кечиктирмай қабул қилинади ва матбуотда эълон қилинади. Шунингдек оммавий ахборот воситаларида ҳаммага маълум қилинади.

 

Е.Ж.Утениязов, Фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани суди раиси

Янгиликни бўлишинг: