"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

Амударёлик Олтиной – Ўзбекистон чемпиони

Халқимиз орасида «Соғ танда – соғлом ақл», «Соғ юрак – тоғ юрак» каби мақоллар бот-бот такрорланади. Инсон соғлом ақл-у, тоғдай юракка эга бўлишида спортнинг ўрни бўлакча.

Спорт – жисмоний маданиятнинг таркибий қисми ҳисобланади. Спортда асосий мақсад кишилар соғлиғини мустаҳкамлаш ва умумий жисмоний ривожлантириш билан бир қаторда турли спорт мусобақаларида иштирок этиб, юқори натижаларга эришишдир.
Юртимизда спортга бўлган эътибор жуда катта. Жорий йилнинг 4-9-октябрь кунлари Хоразм вилояти, Хива шаҳрида спортнинг оғир атлетика тури бўйича  2005 йилда туғилган  ёш ўсмирлар ва  қизлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 71 кг вазн тоифасида жами 120 кг натижа қайд этиб, Амударё туманидаги 21-сонли умумтаълим мактаби  ўқувчиси  Олтиной Шукуруллаева  фахрли 1-ўринни эгаллади ва Ўзбекистон чемпиони бўлди.

Олтиной Шукуруллаева 2006 йил 9 январда Амударё туманида туғилган. Ҳозирги кунда Олтиной туманимиздаги 21-сонли умумтаълим мактабининг 8-синфида таълим-тарбия олмоқда.

Олтиной  уч  йилдан  буён туман болалар ва ўсмирлар  спорт мактабининг  оғир атлетика тури бўйича мураббий Анвар Бобониёзовнинг  машғулотларида мунтазам қатнашиб келмоқда. У мураббийнинг ҳар бир машғулотида фаол қатнашиб, унинг берган сабоқларини яхши ўзлаштириб бормоқда.

–  Машғулотларга вақтида келади ва ўз устида кўп ишлайди. Ўзи қатнашаётган ҳар бир мусобақада юқори натижаларга эришиш учун ҳаракат  қилишдан асло тўхтамайди ,–   дейди Олтинойнинг мураббийи Анвар Бобониёзов.

Шу туфайли  у кўплаб ютуқларга эришди. Хусусан,  2017 йил 10-11-ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Pеспубликаси жисмоний тарбия ва спорт  давлат қўмитаси томонидан спортнинг оғир атлетика тури бўйича 2001 йили туғилган ва ундан кичик ёшдаги ўсмирлар ва қизлар ўртасида ўтказилган Қорақалпоғистон Pеспубликаси Чемпионатида 58 кг вазн тоифасида  жами 73 кг натижа билан II ўринни, 2018 йил 20 май куни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” га бағишлаб   ўтказилган  Нукус Олимпия заҳиралари коллежининг очиқ биринчилигида 63 кг вазн тоифасида I ўринни эгаллади. Шу йилнинг 18-19 январь кунлари Қорақалпоғистон Pеспубликаси  Жисмоний  тарбия ва спорт вазирлиги томонидан  спортнинг оғир атлетика тури бўйича 2002 йилда туғилган ва ундан кичик ёш ўсимрлар ва қизлар ўртасида ўтказилган  Қорақалпоғистон Pеспубликаси чемпионатида   71 кг вазн тоифасида II ўринни,  15-16-май кунлари “Фаол инвесция ва ижтимоий ривожланиш йили” га бағишлаб  спортнинг оғир атлетика тури бўйича 2005 йилда туғилган ва ундан кичик ёшдаги ёш ўсмирлар ва қизлар ўртасида ўтказилган “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг Қорақалпоғистон бўлими биринчилигида  49 кг вазн тоифасида I ўринни эгаллаб, Қорақалпоғистон чемпиони бўлди.

Олтиной нафақат спортда, балки  мактабда дарсларни ҳам пухта ўзлаштиради. 21-сонли мактабнинг маънавий-марифий ишлар бўйича директор ўринбосари Дилноза Ҳайитбоева  ўқувчиси ҳақида шундай дейди:  – Олтиной она тили ва адабиёт, математика фанларини чуқур ўрганишга ҳаракат қилиб, қўшимча дарсларга қатнашади. Устозларининг берган топшириқларини ўз вақтида бажаради. Синфдошлари орасида ҳам катта ҳурмат қозонган. Спортда эса ўз  устида ишлашдан асло тўхтамайди, ортга чекинмайди.

Амударёлик қизнинг бунингдек ютуғидан биз ҳам фахрланамиз. Олтиной ўз  қалбидаги шижоат ва ғайрат билан келажакда Ватанимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтаради, деган умиддамиз. Олтинойга доимо омад ва зафарлар ёр бўлсин, деб қоламиз!

Ирода Эрдошева

Янгиликни бўлишинг: