"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9500.96 +9.23
  • 1 EUR = 10498.6 +43.00
  • 1 RUB = 149.01 +0.18

“Амударё пахта тозалаш” АЖ 18 минг тоннадан ортиқ пахта ҳосилини қабул қилди

Туманимиз қишлоқ хўжалигининг асосий тармоғи бўлган пахтачиликда янги агротехнологияларни қўллаш, иқлим шароитимизга мос, ҳосилдор ва тезпишар навлар уруғларини экиш, етиштирилган ҳосилни қабул қилиш пунктларида сифатли қайта ишлаш, сақлаш мўл даромад олинишига замин яратади.

Бизнинг “Амударё пахта тозалаш” акциядорлик жамиятимиз туманимиздаги 181 та пахтачилик фермер хўжаликлари билан етиштирилган ҳосилни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш юзасидан шартнома тузган. Мазкур хўжаликларда етиштирилган ҳосил “Қиличбой”, “Пахтакор”, “Завод қоши” қабул пунктлари орқали қабул қилинаяпти.

Қабул қилиш, тозалаш, қайта ишлаш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилган бўлиб, олиб келинган ҳосил электрон тарозиларда ўлчанади ва қуритилиб, тозаланиб, бунтланади.

Мавсум давомида қабул пунктларимизда жамиятимиз билан шартнома тузган 181 та фермер хўжаликларидан шу кунгача 17345 тоннадан зиёд ҳосил қабул қилинди. Қабул вақтида технологиялар бетўхтов ишлаши таъминланаяпти. Яъни эрталабки соат 8 дан кечки 19 гача уруғлик чигит олиш учун экилган пахта ҳосили, соат 19 дан 24 гача эса техник пахта ҳосили қабул қилинаяпти. Қабул қилиш Агроинспекция туман бўлими ходими иштирокида, лабораторияда сифат кўрсаткичлари текширилиб, амалга оширилади. Натижада олиб келинган ҳосил пешма-пеш қабул қилинади ва салмоғи ҳаққонийлиги таъминланади.

Мавсум давомида қабул пунктларига пахта ҳосилини топшираётган фермер хўжаликлари билан ўз вақтида маҳсулот ҳисоб-китобини амалга ошириб, тегишли пулларини уларнинг банкдаги ҳисоб рақамларига ўтказиб бераяпмиз.

Пахта – оқлик, беғуборлик тимсоли. Боиси, у ҳалол ва фидойи меҳнатдан яралади. Бугун туманимиз пахтакорлари кузги сарҳисобда юзлари ёруғ бўлиб, йиллик пахта тайёрлаш режаларини ортиғи билан бажардилар, 32 минг 250 тонналик сарбаланд хирмон бунёд этилди. Албатта, бу улкан ютуқ замирида деҳқонларимизнинг йил-ўн икки ой далада, қишнинг изғирини-ю, ёзнинг жазирамасида қилган беминнат меҳнатлари мужассам.

Шундай қувончли лаҳзаларда туманимизнинг барча қишлоқ хўжалиги ходимларини, пудратчиларни эришган ютуғи билан табриклайман. Хирмонларингиз янада юксалаверсин, дейман.

Суҳроб БОБОЖОНОВ, “Амударё пахта тозалаш”

АЖ тайёрлов бўлими бошлиғи.

Янгиликни бўлишинг: