"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

ШАЙХ ЖАЛИЛ БОБО ҲАҚИДА БИЛАМИЗМИ?

Ғ.Хўжаниёзов, Ж.Ўрозимбетовларнинг "Назархон” асаридан олинди.

Қорақалпоқчадан Pобия ЙЎЛДОШЕВА таржимаси.

Шайх Жалил бобо қабристони Амударё бўйида жойлашган энг қадимий манзиллардан бири саналади. Бу ер қорақалпоғистонликлардан ташқари Хоразм вилояти ҳамда қардош Туркманистон Pеспубликасининг Тошовуз вилоятлари аҳолиси учун муқаддас зиёратгоҳ ҳисобланади. 1990 йилдан бери бу ерда қабристон шайхи сифатида диний-маърифий фаолият юритиб келаётган Эндир Ёқубовнинг берган маълумотларига кўра, 2004 йилнинг ноябрь ойидан эътиборан Шайх Жалил бобо қабри устига янгидан гумбаз қурилиши ишлари бошланган. Ушбу хайрли ишнинг ташкилотчиси Амударё туманидаги собиқ Крупская номли колхоз (ҳозирги "Зарбдор” ММТП ҳудуди)да яшовчи Олломберган исмли тадбиркор бўлиб, жамики қурилиш ишларига Одил Полвон исмли киши бошчилик қилган. Ўзини Шўрохонга асос солган афсонавий Эр Шўра ботир авлодиданман, деб таништирган суҳбатдошимиз Одил Полвон ўз шажарасини қуйидагича тартибда санаб берди: Одил Абдал сурнайчи (1889-1982) – Полвон чуноқ (оқсоқ) – Камол бий мулла Pажаб – Матниёз бий Бекиш Дарға – Эсон Омон Тубонак – Абжиқбой – Эр Шўра ботир – Номусбой.

Унинг боболаридан бири Pажаббой Тош мадрасада таҳсил олган ҳамда шу ерда масжид қуриб, болаларга сабоқ берган. Ҳозирги кунда қабристоннинг қоқ марказида сақланиб қолган масжид қолдиқлари Одил Полвоннинг айтишича, ўша Pажаббой бобоси қурган масжид бўлиши эҳтимол. Масжиднинг меҳроб жойлашган намозхонаси билан унинг ёнгинасидаги бир хонанинггина деворлари сақланиб қолган. Бошқа хоналар эса бузилиб кетган. Масжид атрофига маййитлар қўйилиб, бу манзил вақт ўтиши билан қабристонга айланиб кетган.

Суҳбатдошимиз Одил Полвоннинг маълумотларига қараганда, Шайх Жалил – уч оғайни йигитлар бўлишган. Улардан энг каттасининг исми Муҳиддин (Ширжамол), иккинчиси Нуриддин (Жалил), учинчиси Вали, оталарининг исми эса Жайҳун бўлган. Бу ерлар ниҳоятда файзли, наботот олами кенг ва гўзал бўлганлиги боисидан Хива хонлари тез-тез шикорга келиб туришган.

ХVIII асрнинг охирларида қозоқ миллатининг кичик жуз уруғидан бўлган атоқли Айтеке бийдан кейин бийлик даражасига эришган Дат ўғли Сирим ботир тақдир тақозоси билан Назархон элатига  келиб қазо қилади ва Шайх Жалил бобо қабристонига дафн этилади.

Қабристон Хўжакўлнинг Амударёдан сув оладиган соғасига яқин, Қоратоғ бағрида жойлашган. Шайх Жалил бобо ҳақида маҳаллий халқ орасида турли афсоналар тарқалган. Нима бўлганда ҳам ҳар қандай афсона ортида маълум маънода тарихий ҳақиқат бўлади.

 

Шайх Жалил бобо афсонаси

Марказий Осиё халқлари орасида ислом дини қонунлари ўрнатилаётган дастлабки йилларда ҳар бир қалъа ўз ҳукмдорига эга бўлган. Ўша даврдаги Бухоро ҳукмдори Зол ислом динини қабул қилишдан бош тортади ва ислом динини тарғиб қилиш учун келган арабларга қаттиқ қаршилик кўрсатади. Уруш жараёнида у арабларга қарши ўзининг кучли азайимхонлигидан фойдаланиб дуо билан ҳийла ва найранг ишлатади. Ҳазрат Али ўз лашкарлари билан Бухоро қўрғонининг дарвозасини бузиб, қалъа ичкарисига киради ва дарвозани қўриқлашни аввал Муҳаммад (с.а.в) пайғамбарнинг кўшкини кўтариб юрувчи бўлимнинг бошлиғи вазифасини бажарган Шайх Жалил бобога топширади ва: "дарвозадан ҳеч бир тирик жонни чиқариб юборма”, деб тайинлайди. Қалъа ичкарисида қаршилик кўрсатган оломонни енгиб, Бухоро халқини таслим қилган Ҳазрат Али ҳеч қаердан Золни топа олмайди ва дарвоза олдига келиб унинг:

- Қалъадан ҳеч ким чиқиб кетмадими? – деган саволига Шайх Жалил бобо шундай жавоб беради:

- Битта қора мушук чопиб чиқиб кетганини ҳисобга олмаганда биронта ҳам тирик жон бу ердан чиққани йўқ.

Бухоро ҳукмдори Золнинг ўткир азайимхон эканлигини аввалдан билган Ҳазрат Алининг қаҳри келиб Шайх Жалил бобонинг бошига қилич солиб юборади. Бобонинг чала кесилган боши билан қонга бўялган танаси Амударёга қулаб тушади ва дарёнинг кучли тўлқинлари билан оқиб Қоратоғ ҳамда Жумуртов оралиғидаги дарёнинг тор қисмига, Хўжакўл соғасидаги қайрга келиб қолади. Воқеадан бехабар ерлик аҳоли бобонинг танаси – маййитни ювиб-тозалаб Қоратоғ бағрига дафн этишади. Кейинчалик бу ерга дафн этилган маййитнинг Шайх Жалил бобо эканлиги маълум бўлгач, бу ер ўз эътиқодига содиқ ислом динининг тарғиботчиларидан бири дафн этилган макон сифатида бутун Турон давлати халқларининг муқаддас қадамжоларидан бирига айланади.

Шайх Жалил - тарихий шахс

Ҳақиқатан ҳам Шайх Жалил тарихий шахс. Академик Яҳё Ғуломовнинг илмий хулосаларига кўра, у сўфизм таълимотининг Яссавийлар оқимига асос солган тасаввуф уламоларидан бири Жалол бобо билан  алоқадор бўлган. Жалол бобо, XIX асрда тузилган Занги ота шайхларининг шажарасида Амударё бўйида дафн этилганлиги қайд этилган. Жалол бобо ҳақида XIX асрда яшаб ўтган Хоразм тарихчиларидан бири Баёний ҳам қимматли маълумотлар ёзиб  қолдирган (Я.Ғуломов, 1959, 23-бет). Бухорога оид айрим тарихий манбаларда, Шайх Жалил исмли шахс X асрда ҳам бўлганлиги қайд этилади. Ушбу манбаларда ёзилишича: "Вазирдан ҳам каттароқ ҳурматга эга олим одам бўлган ва уни "Шайх Жалил”, Яъни, "Улуғ Устоз” номи билан аташган. Бу Улуғ Устоз, айрим манбаларнинг гувоҳлик беришича, "ҳижрий 356 (996) йилда оламдан ўтган” (Одам Мец. 1973, 161-бет). Умуман олганда Шайх Жалил бобо қабри жойлашган манзил эрамиздан аввалги IV-III асрлардан то эрамизнинг XIV асрига қадар, ҳатто ҳозирги давримизда ҳам муқаддас қадамжолардан бири сифатида қадрлидир.

 

Ўзига хос археологик комплекс

Мазкур қадамжо улкан бир комплексдан иборат бўлиб, унинг таркибида бир нечта археологик иншоотлар мавжудки, бу иншоотлар ўзига хос археологик-тарихий ансамбль кўринишига эга: Шайх Жалил бобо гумбази  (қабржой, тиловатхона), Ҳовуз, Чинор, Булоқ, Хумдон (хумбуз), Чиллахона, Жийдали булоқ, Кийик соғган, Чивиқли, Муножот тепа ва бошқалар.

Шайх Жалил бобонинг дастлабки гумбази хом ва пишиқ ғиштлардан қурилган бўлиб, гумбазнинг орқа тарафида ҳовуз жойлашган. Ҳовуз чеккасида юз йилларга гувоҳ бўлиб гужум дарахти ўсган. Иккинчи жаҳон урушидан олдин юз берган сув тошқинлари оқибатида бу археологик комплексга жиддий талафот етган, бобонинг қабри қаровсиз ҳолатга келиб қолган. Узоқ йиллар давом этган советларнинг маънавиятга, тарихга эътиборсизлик каби манфур сиёсати туфайли бу макон тамоман хароба ҳолатга келиб қолган. Аллоҳга минг шукрки, истиқлол туфайли, 2004 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб юқорида айтганимиздай, яхши инсонларнинг шарофати билан бу муқаддас зиёратгоҳни қайта тиклаш, ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди.

Бобонинг булоғи гумбазнинг жанубий-шарқий қисмида, тоғ этагида жойлашган. Ҳозирги вақтда булоқ суви бироз тортилган бўлса-да, қадамжога келган зиёратчиларни бемалол таъминлай олади. Булоқнинг шундоқ ёнгинасида иккита қабр бўлиб, улардан бири, бизга берилган маълумотларга қараганда, "булоқдан сув олгани келганлар дуои-фотиҳа қилишар”, деган мақсадда дафн этилган Матёқуб Машариф ўғли исмли шахсга тегишли.

Булоқ атрофида антик даврларга оид кулолчилик идишларининг бўлаклари сочилиб ётганига қараганда булоқ суви жуда узоқ замонлардан бери бу ерга келгувчилар учун оби-ҳаёт манбаи бўлиб келганлигидан далолат беради.

Булоқнинг ғарб томонида эса ўрта асрларга тегишли кулолчилик Хумдон (хумбуз)лари жойлашган. Хива хонлигига тегишли барча минора ва саройларни безаб турган безак-нақшлар, зиёратгоҳ шайхларининг айтишига қараганда, дастлаб шу ерда тайёрланган. Ҳақиқатан ҳам бу кулолчилик хумдонларидан ўрта асрларда кенг фойдаланилган.

Булоқдан юз метрлар чамаси жанубий-шарқда, атрофи тоғ тошлари билан иҳота қилинган қабр жойлашган. Баландлиги бир метрдан ошиқроқ бўлган тошқўрғонли бу қабр, қабристон шайхларининг айтишича, совет даврида яшаган ком-сомол фаоли Хидирбойга тегишли экан. Ўз даврининг сиёсатига кўра, кўплаб  қатағон ишларда иштирок этган бу шахсга ҳам Аллоҳ ушбу макондан жой берган. Шайх Жалил бобо ҳам худди шу маконда тош бўрон қилиб ўлдирилган. Унинг танаси тоғдан қор-ёмғир эриб, оқиб тушадиган сойга дафн этилганлиги боис, бобонинг ўлимини сайил ҳамда сел билан боғлиқ ҳисоблашган. Яъни, бу билан унинг гуноҳ ишлари доимий равишда сел билан ювилиб туради, деган мақсадда маййитни сел оқадиган сойга дафн этишган.

Тоғ қирининг шимолий-шарқ тарафида ўйиб ишланган Чиллахона  жойлашган. У 3Х3 метр чамасидаги  катталиги  икки метр ўттиз сантиметрдан иборат бир хонали кичик ҳужрани эслатади. Чиллахона ўрта асрларга тегишли бўлишига қарамасдан, бир неча марта реставрация қилингани учунми, ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Жийдали булоқнинг шимол томонида, тоғ ичкарисида, бир қарашда кичикроқ яна бир чиллахона жойлашган.

Жийдали булоқ Чиллахонадан шимолий-ғарб тарафда жойлашган бўлиб, авваллари бу ерда етти туп жийда дарахтлари ўсиб турган. Ҳозирги кунда бу ерда фақат бир тупгина жийда дарахти сақланиб қолган. У  ҳам бўлса, ёввойи жигилдак-жийда дарахти, қандайдир мўъжиза билан тоғ тошлари орасидан йўл топиб, ўсиб турибди. Жийда дарахти ўсиб турган ердан сал баландроқдаги булоқ устига қулаб тушган  тошлар унинг кўзини бекитиб ташлаган бўлса-да булоқ ҳамон ташна кўнгилларга ўз оби-ҳаёти билан малҳам вазифасини ўтайди. Ва бир тупгина  жийда дарахтига ҳаёт бахш этиб келади.

"Жийдали” номи билан боғлиқ бошқа маконлар

"Жийдали” топоними қорақалпоқ тарихида алоҳида ўрин эгаллайди ва бу  ном билан боғлиқ жой ва маконлар кўп учрайди. Таниқли  этнограф олим Х.Есбергеновнинг аниқлашича, Бойсун атамаси  моҳиятан Хоразм, Фарғона, Бухоро қорақалпоқлари ва Самарқанд ўзбек-қорақалпоқлари орасида тарқалган (Есбергенов, Хошниёзов, 1998, 18-19-бетлар). Бойсун элати Орол денгизи бўйларида яшаганлиги ҳамда уларга Фасил исмли шахс подшоҳ бўлганлиги ҳақида афсоналар бор (Толстов, 1948, 22-бет, Есбергенов, Хошниёзов, 1998, 18-бет). Қорақалпоғистон Pеспубликаси ҳудудида "Жийдали” номи билан юқорида тилга олганимиздай, булоқ, шунингдек "Жийдали Бойсун” каби жой номлари кўплаб учрайди. Масалан:

Уйшун Қўнғирот элида, Жийдали Бойсун шаҳарида.

(Есбергенов, Хошниёзов, 1988, 17-18-бетлар).

Тахтакўпирлик фуқаро Қозоқбой Қайипов Л.С.Толстова билан А.Ўтемисовларга қуйидагича маълумот беради: "Орол денгизининг бўйида, "Бойсун козак” деган жарликнинг ёнида жойлашган "Жийдали” деган кўл бор эди. Шу туфайли бу ерларни "Жийдали Бойсун” деб аташган. Бойсун бизнинг  овулдан 30 чақирим олисда, Белтовнинг этагида, денгиз бўйида жойлашган”.

Бу Жийдали макони, илмий изланувчиларнинг таъкидлашича, рус олими А.В.Каульбарснинг харитасида ҳам кўрсатилган. Жийдали Бойсун элати, Х.Есбергенов ва Ж.Хошниёзовларнинг аниқлик киритишларича, антик даврлардан Орол денгизи бўйларида жойлашган. Сурхондарё вилоятидаги Бойсун эса XIX асрда Орол денгизи бўйларидан кўчган қабилалар яшаган жой номлари атамасини ўзлари билан бирга олиб ўтганларидан далолат беради. (Есбергенов, Хошниёзов, 1988, 141-бет).

Анбар эна изи қолган макон

Шайх Жалил бобо комплексидаги объектлардан яна бири Анбар эна номи билан боғланади. Анбар эна бир вақтлар Амударё бўйидаги ушбу маконда яшаган. У ҳақда ўтган асрнинг эллигинчи йилларида шу ерда этнографик изланишлар олиб борган олим Г.П.Снесарев томонидан қизиқарли маълумотлар ёзиб олинган. Унинг таъкидлашича, бу ердаги Кийик соғган ва Чивиқли каби атамадаги жойлар Анбар эна номи билан боғлиқ қадамжолар ҳисобланади. Pивоятларга кўра Жийдали булоқдан ҳам анча юқорироқда, энг баланд сириқ (хода) турган жойда Анбар эна ёввойи эчкини соғиб олар экан. Умуман олганда, Анбар эна номи билан боғлиқ кароматли, илоҳий жойлар Амударёнинг икки қирғоғида ҳам кўплаб учрайди. (Снесарев, 1973, 112-бет).

Янгиликни бўлишинг: