"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

Қайнотасини кетмон билан урган келин Хотин-қизлар қўмитасининг кафиллиги асосида жазодан озод қилинди

2019 йил 10 октябрь куни Қорақалпоғистон Pеспубликаси жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди томонидан туманнинг Дўрман овул фуқаролар йиғини маъмурий биносида сайёр суд мажлиси ўтказилди. Унда овул ҳудудида яшовчи фуқаро Pоза Собированинг жиноят иши кўриб чиқилди.

Мазкур суд мажлисида кўриб чиқилган жиноят ишига сабаб бўлган воқеа шундай бўлган эди:

Фуқаро Pоза Собирова оиласи билан қайнота ва қайнонасидан алоҳида, “Дўрман” овули ҳудудидаги уйда яшаб келаётган эди. Унинг қайнотаси, яъни мазкур суд ишида жабрланувчи сифатида қайд қилинган Фарҳод Халмуратов спиртли ичимликлар ичиб, ўз турмуш ўртоғи, яъни судланувчининг қайнонаси Гулшод Жуманиязова билан ўзаро жанжаллашгани сабабли қайнонаси ҳам унинг уйига келган эди. 2019 йил 11 июль куни соат 12:30 лар атрофида қайнотаси ўз турмуш ўртоғи, яъни судланувчининг қайнонаси Гулшод Жуманиязовани олиб кетиш мақсадида келинининг уйига маст ҳолда келади. Жанжал бўлишини истамаган келини уйининг эшигини қулфлаб, қайнотасини уйига киритмайди. Спиртли ичимлик таъсирида ўз ақлу хушини йўқотган қайнота эса қаршиликка қарамай, уйга киришга ҳаракат қилади. Қайнотасининг эшикни очолмай, деразадан киришга ҳаракат қилаётганини кўрган келин дастлаб унга бу ердан кетишини, уйига бориб, дам олиши кераклигини айтади. Аммо, маст қайнота келинининг гапига парво қилмай, деразадан бузиб кириш ҳаракатини давом эттиради.

Бундан аччиқланган келин жаҳл устидами, ёки қайнонасини ҳимоя қилиш учунми, уйида турган кетмон билан қайнотасининг кўкрак қисми орқали чап томонига зарб билан уради. Зарбага чидай олмаган, бунинг устига маст бўлгани сабабли оёғида зўрға турган қайнота шу заҳоти ерга йиқилади.

Суд-тиббий экспертизасининг 2019 йил 25 июль кунги 223-сонли хулосасида фуқаро Фарҳод Халмуратовга ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган оғир даражадаги шикаст етказилганлиги қайд қилинади ва келини Pоза Собирова Ўзбекистон Pеспубликаси жиноят кодекси 104-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбланиб, терговга жалб қилинади.

Дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Pоза Собирова фуқаро Фарҳод Халмуратовнинг баданига оғир шикаст етказгани экспертиза хулосаси ва бошқа далилий ашёлар билан тасдиқланди.

Суд мажлисида судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсамалари, давлат айбловчисининг фикри тингланди.

Судланувчи Pоза Собировага нисбатан жазо тайинлашда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар эътиборга олинди. Жумладан, судланувчининг шахси, унинг муқаддам судланмаганлигини ва жиноий жавобгарликка тортилмаганлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий шароити, қарамоғида 2 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, аризачи Фарҳод Халмуратовнинг судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвосининг йўқлиги инобатга олинди.

Амударё туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова судланувчини жиноий жазодан озод қилиш тўғрисидаги илтимоснома ҳамда келгусида унинг салбий ҳолатлар содир қилмаслиги тўғрисидаги кафолат хати билан судга мурожаат қилди.

Шунингдек, “Дўрман” овул фуқаролар йиғини томонидан берилган ижобий тавсифнома ҳамда мазкур жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига кириши этиборга олиниб, судланувчи Pоза Собирова суд ҳукми билан Ўзбекистон Pеспубликаси жиноят кодексининг 71-моддасига асосан жазодан тўлиқ озод қилинди.

Дўрман овул фуқаролар йиғини биносида бўлиб ўтган ушбу сайёр суд мажлиси унда иштирок этганларни огоҳлик ва хушёрликка чорлади. Зеро, мунтазам равишда спиртли ичимлик истеъмол қилиш нафақат уни истеъмол қилган кишининг соғлиги ва шахсий ҳаётини издан чиқаради, балки оиласининг ҳам тинчини бузиб, пораканда бўлишига сабаб бўлади.

С.Давлетмуратов, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

Янгиликни бўлишинг: