"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9500.96 +9.23
  • 1 EUR = 10498.6 +43.00
  • 1 RUB = 149.01 +0.18

Амударё туманида давлатга пахта сотиш бўйича шартномавий режа ортиғи билан бажарилди

Амударё – миришкор деҳқонлар, бунёдкор боғбонлар юрти. Меҳнаткаш ва ҳалол, фидойи халқимиз сахий заминдан пешона тери эвазига ризқ ундириб, эл-юрт дастурхони тўкинлигига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Уддабурон ва ишбилармон фермерларимиз эса ердан мўл ҳосил олиб, мамлакат иқтисодиётини янада юксалтирмоқда.

Бу йил ҳам бободеҳқонларимиз юксак натижаларга эришиб, давлатга пилла ва ғалла топшириш бўйича режаларини ошириб бажардилар. Пахтакорларимиз эса бир неча йиллик анъаналарини давом эттирган ҳолда бу йил ҳам Қорақалпоғистонда биринчилардан бўлиб, давлатга пахта сотиш бўйича шартномавий режаларни ортиғи билан бажардилар. 11 октябрь куни туманимизда давлат хирмонига 32 минг 250 тоннадан зиёд ҳосил топширилиб, меҳнат зафарига эришилди.

Ердан ризқ ундириш, ундан ҳосил олиш ўз-ўзидан бўлмайди. Деҳқонларимиз эрта баҳор, жазирама ёз мобайнидаги табиат инжиқликларини ўз билим, тажриба ва маҳорати, машаққатли меҳнати билан мардонавор енгиб, кузнинг ҳар бир илиқ кунидан унумли фойдаланган ҳолда ҳосилни уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишди.

Эрта баҳорда 366 та фермер хўжаликлари томонидан 15 минг 250 гектар майдонга “С 47-27”, “Султон” ва янги “Бухоро-102” навли чигит экилди. Ўз вақтида амалга оширилган агротехник тадбирлар натижасида ғўза ниҳоллари текис униб чиқди. Вегетация даврида барча агротехник тадбирлар сифатли ва ўз вақтида амалга оширилди. Жумладан, ғўза ниҳолларини яганалаш, қатор ораларига ишлов бериш, бегона ўтлардан тозалаш, суғориш ва озиқлантириш, дефолиация ва чеканка қилиш каби тадбирлар малакали мутахассисларнинг тавсиялари ва деҳқонларимизнинг кўп йиллик тажрибалари асосида сифатли амалга оширилди. Бу ишларга жами 73 млрд. сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилиб, барча зарур ресуруслар муддатида етказиб берилди ҳамда ишчиларнинг иш ҳақлари ўз вақтида тўлаб борилди.

Қулай об-ҳаво шароити, ишнинг тизимли асосда ташкил қилингани ва деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига далаларда мўл ҳосил тўпланишига эришилди.

Мамлакатимизда қўшилган қийматга эга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга асосланган пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилаётгани соҳа ривожига катта ҳисса қўшмоқда. Жорий йилда туманимизда  ҳам масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Amudaryotex” хорижий корхонаси қошида пахта-тўқимачилик  кластери ташкил қилиниб, жами 185 та фермер хўжаликлари унга бириктирилди. Мазкур фермер хўжаликларнинг 7146 гектар майдонига чигит экишдан тортиб, ҳосилини йиғиб-териб олишгача бўлган жараёнлардаги барча ташкилий ва молиявий масалалар корхона томонидан мувофиқлаштирилиб борилди. Бу эса соҳада ҳақиқий бозор муносабатларини ўрнатиб, юқори натижаларга эришишга сабаб бўлди. Мазкур кластер таркибидаги Намуна, Куюк кўпир ва Бобур номли овуллардаги фермер хўжаликлари шартномани биринчилар қатори бажаргани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Туманда 2019 йилги пахта йиғим-терими мавсуми учун пухта тайёргарлик кўрилди ва тизимли асосда иш олиб борилди. 360 та терим отрядлари ташкил қилиниб, мавсум давомида 7 минг 630 нафар фермер хўжаликлари ишчилари, 13 минг 871 нафар уюшмаган аҳоли вакиллари кўнгилли равишда йиғим-терим ишларида иштирок этди.  

Теримчилар учун барча шароитлар яратилиб, дала бошида иссиқ овқатлар ташкил қилинди. Уларнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун концерт дастурлари уюштирилди. Терим пулларининг ўз вақтида, дала бошида бериб борилгани ва теримчилар учун арзон нархдаги кўчма дўконлар хизмат кўрсатгани терим суръатини оширишда муҳим омил бўлди.

Қолаверса, турли мусобақалар ташкил қилиниб, илғор теримчилар мунтазам равишда рағбатлантирилиб борилгани уларнинг моддий манфаатдорлигини оширди. Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси томонидан “Энг илғор теримчи оила” танловининг ўтказилгани ҳам теримчилар ғайратига ғайрат қўшди.

Бугунги юксак хирмонни бунёд қилишда Тошёп, Намуна, Куюк кўпир, Бобур, Тўлқин, Ўрта қалъа, Қиличбой, Қипчоқ овул ҳамда маҳаллаларидаги фермер хўжаликлари муносиб ҳисса қўшдилар.

Тўлқин овулидаги “Амат Тўраев”, Қиличбой овулидаги “Фарҳодов Асадбек” ҳамда “Аширов Қаҳрамон”, Дўрман овулидаги “Бобурбек Ўрозбоев”, Тошёп овулидаги “Бекман Аллаберганов” номли фермер хўжаликлари давлатга пахта сотиш бўйича контрактация шартномаларини туманимизда биринчилар қатори бажардилар. Шунингдек, Ўрта қалъа овулидаги “Ўрозбой Эрманов” ва “Эрлапас”, Қиличбой овулидаги “Pажабов Омонбой” каби фермер хўжаликлари ҳосилдорликни гектаридан 35-40 центнерга етказиб, “оқ олтин” хирмонимизнинг янада баланд бўлишига ўзларининг ҳиссаларини қўшдилар.

Терилган пахта кунига икки маҳал ўлчаб олиниб, пешма-пеш қабул масканларига элтиб турилди. “Амударё пахта тозалаш” акциядорлик жамиятига қарашли барча тайёрлов масканларида мавсум бошидан пахта қабул қилишга пухта ҳозирлик кўрилди ва ҳосилни қабул қилишга шай қилиб қўйилди. Жамиятга қарашли пахта тайёрлов масканларида ҳосил кечиктирилмасдан қабул қилиб олинди.

Деҳқон ва фермерлар, пудратчи ва ҳашарчилар, соҳа мутахассислари ҳамда олимлар, бир сўз билан айтганда, бутун халқимизнинг ҳамжиҳатликдаги меҳнатлари натижасида бу йил ҳам амударёликлар ўз ваъдасининг устидан чиқиб, улкан хирмон бунёд этдилар. Бугунги меҳнат зафари барчамизга муборак бўлсин!  Барчангизга соғлик-саломатлик, хонадонингизга қут-барака, мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлидаги эзгу ишларингизга муваффақиятлар тилаб қоламиз. Фидокорона меҳнат завқини тотиш, роҳатини кўриш ҳаммага насиб этсин!

Султонбой Йўлдашев, Амударё тумани ҳокими.

Янгиликни бўлишинг: