"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

“СОҒЛОМ ОДАМГИНА БАХТИЁP БЎЛА ОЛАДИ”

Мамлакатимизда амалга оширилаётган жамики ўзгаришлар, бунёдкорликлар, ислоҳотлар замирида инсон омилига эътибор, унинг бахтиёр, фаровон ва ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига эришишдек эзгу мақсадлар мужассамдир.

Бу борада сўз юритганда, энг аввало, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга алоҳида эътибор берилаётганини тилга олиш жоиз. Инсон ҳаётда тетик, оиласи тинч, фарзандлари соғлом бўлсагина чинакам бахтиёр бўлиши мумкин. Бемор шоҳдан соғлом гадо бахтлидир, деган халқ нақли бежиз айтилмаган.

Шу боисдан ҳам 2017 йил 29 мартда “Ўзбекистон Pеспубликасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилинган Президент Қарорида соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, унинг бирламчи бўғинидаги бўлинмалари ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб берилган эди.

Ўтган давр мобайнида бу борада олис-олис ҳудудларда ҳам аҳолига энг яқин тиббий бўғинларда қатор ўзгаришлар қилинди. Қарорга мувофиқ бирламчи тиббиёт муассасаларида кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати оширилиб, аҳоли касалланиш даражасини пасайтириш мақсадида профилактика ишлари яхшиланмоқда. Муассасаларда малакали мутахассисларнинг фаолият юритиши таъминланмоқда.

Хитой овулида жойлашган 6-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси Хитой, Бўзёп овуллари ва  Намуна, Торёп маҳаллаларида истиқомат қилувчи 18189 нафар аҳолига хизмат кўрсатади.

Ҳудудда 1 ёшгача бўлган болалар 338 нафар, 14 ёшгача бўлган болалар 4646 нафар, 18 ёшгача бўлганлар 5119 нафарни ташкил этади. Шунинг ўзиёқ қишлоқ оилавий поликлиникаси тиббиёт ходимлари зиммасида нечоғлик масъулиятли вазифалар борлигини англатади. Негаки соғлом ҳаёт тарзи, тиббий маданият, санитария-гигиена қоидаларини ўзлаштириш, ўз соғлиғи учун ҳар кимнинг ўзи жавобгарлик тушунчаси болаликдан сингдирилиши ва тарбияланиши лозим. Муассасада педиатр Шоҳсанам Бегмонова, жарроҳ Тожибой Бозорбоев, стоматолог Шуҳрат Давлетов, лаборант Динора Явидова, умумий амалиёт шифокорлари Омонбой Елубоев, Хосият Худойбергановалар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш билан бир қаторда касалликлардан сақланиш борасида тарғибот-ташвиқот ишларини ҳам олиб боришаяпти.

Муассасага ташриф буюрган беморларга зарур ҳолларда ультратовуш текшируви, қон ва пешоб таҳлилларини текшириш орқали аниқ ташҳис қўйилади ва даво муолажалари амалга оширилади. Ҳар қандай ташҳис натижаларини аниқлатиш учун ҳатто туман марказига ҳам овора бўлиб юрмай, ўз ҳудудида касалликларига аниқ ташҳис қўйилиб, самарали даволанаётганидан, айниқса, кексалар жуда миннатдор.

- Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш 6-сонли қишлоқ оилавий поликлиникамиз шифокорларининг асосий фаолияти мезонига айланган – дейди ҚОП мудираси Гавҳар Қўчқарова биз билан суҳбатда. – Чунки соғлом одамгина бахтиёр бўла олади.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: