"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9510.99 +15.32
  • 1 EUR = 10476.4 +11.00
  • 1 RUB = 147.79 -1.74

Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео)

Ҳар соҳада илғор ва биринчилар қаторида бўлган амударёликлар қишлоқ хўжалигида ҳам ҳар йили юксак марраларга эришиб келмоқда. Давлатга пилла ва ғалла топшириш режаларини ортиғи билан бажарган туман фермерлари айни кунларда яна бир довондан ошиш арафасида турибди. Туман пахтакорларининг йил давомида қилган фидокорона меҳнатлари натижасида мўл ҳосил етиштирилди. Йиғим-терим ишларининг уюшқоқлик билан ташкил қилингани натижасида туман фермерлари мамлакатимизнинг сарбаланд “оқ олтин” хирмонига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб, шу кунгача режадаги 32 минг 250 тонна пахтанинг 28 минг тоннадан ортиғини йиғиб-териб олиб, контрактация шартномасини салкам 90 фоизга бажардилар. Бу марра тўлиқ адо этилиб, меҳнат зафарига эришилишига саноқли кунлар қолди.

Бугун туманнинг қайси даласига борманг, қизғин меҳнат жараёнининг гувоҳи бўласиз. Туман бўйича фермер хўжаликларининг 7 минг 700 нафарга яқин пудратчилари ва 13 минг 900 нафарга яқин ташаббускор, кўнгилли теримчиларнинг ғайрат-шижоатлари туфайли сарбаланд пахта хирмонлари қад ростламоқда.

Мана шундай ҳалол ва меҳнаткаш, уддабурон ва қатъиятли фермерларни, илғор теримчиларни рағбатлантириш мақсадида деярли ҳар куни тадбирлар, учрашув ва концерт дастурлари ташкил қилинмоқда. 6 октябрь куни ҳам ана шундай тадбир ўтказилиб, унга туманнинг Тўлқин, Куюк кўпир овуллари ва Намуна маҳалласида фаолият юритаётган фермерлар, илғор теримчилар таклиф қилинди.

Тадбирда туман ҳокими Султонбой Йўлдошев қатнашиб, пахта йиғим-теримида иштирок этаётган пудратчи ва ҳашарчиларга туман ҳокимлиги номидан миннатдорчилик изҳор қилди. Фаол теримчилар қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ҳудуддаги фермер хўжаликлари ичида энг юқори ҳосилдорликка эришган Куюк кўпир овулидаги “Сардор сувчи” фермер хўжалигининг раиси Ўринбой Матякубовга эса туман ҳокими Cobalt автомашинаси совға қилди.


Дарҳақиқат, меҳнатнинг эътироф этилиши ва рағбатлантирилиши кишини янада самарали ишлашга ундайди. Бундан ташқари, туманнинг барча фермер хўжаликларида ташкил қилинган отрядларда теримчилар учун зарур шароитлар яратилиб, дала бошида иссиқ овқат ташкил қилингани, теримчиларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун концерт дастурлари намойиш қилинаётгани пудратчи ва ҳашарчилар учун айни муддао бўлмоқда.

Терим пулларининг ўз вақтида, дала бошида тарқатилаётгани эса уларнинг моддий манфаатдорлигини оширмоқда.


Айтиш керакки, бу йил туманда илк бор пахтани кластер усулида етиштириш амалиёти йўлга қўйилди. Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-табдирлари тўғрисида”ги қарори асосида масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Amudaryotex” хорижий корхонаси 2018 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб кластер усулида пахта етиштиришни йўлга қўйди.

Кластерга Амударё туманидаги 9 та муқобил машина-трактор парклари хизмат кўрсатувчи 185 та фермер хўжаликлари бириктирилган. Мазкур фермер хўжаликларининг 7 минг 146 гектар майдонига экилган пахтадан 17 минг 472 тонна ҳосил олиш режалаштирилган.

Бунинг учун йил бошидан мазкур фермер хўжаликларига барча ресурслар, жумладан, уруғлик чигит, ёқилғи мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, ўсимлик зараркунандаларига қарши курашиш воситалари ҳамда барча хизматлар учун тўловлар корхона томонидан амалга оширилди. Натижада кластерга қарашли фермер хўжаликларида мўл ҳосил етиштирилди. Айни кунгача 9 млрд сўмдан ортиқ нақд пул маблағи терим пули сифатида тарқатилгани ҳамда илғор теримчиларнинг рағбатлантириб борилаётгани етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда йиғиштириб олиб, юқори навларга топшириш орқали кластер таркибидаги фермер хўжаликларининг ва албатта, корхонанинг даромадлари юксалишига замин яратади.

Ғ.Ешниёзов

 

Янгиликни бўлишинг: