"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

38 нафар патронаж ҳамшираларига велосипедлар топширилди

Мамлакатимизда барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизими ҳам янгиланиб, такомиллашиб бормоқда. Бугунги кунда бу йўналиш бўйича Президентимиз томонидан қабул қилинган муҳим қарорлар ҳамда киритилаётган илғор технологиялар тиббий хизмат сифатини юксалтириб, касалликларни эрта аниқлаш, самарали даволаш имкониятини янада кенгайтирмоқда. Айниқса, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ҳар бир ҳудудда касалланиш даражасини пасайтириш, профилактика ишларини янада яхшилашда тиббий патронаж хизмати алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Босув маҳалласи ҳудудига патронаж хизмати бўйича бириктирилган Гулбаҳор Янгибоева тажрибали ва билимли, шу қаторда масъулиятли, фидойи ҳамширалардан биридир. У ўрта тиббиёт ходими вазифасида 22 йилдан бери хизмат қилиб келмоқда. Ўз ҳудудидаги аҳоли хонадонларидан режага мувофиқ, тез-тез хабар олиб туради. Парваришга муҳтож ёлғиз кексалар, ногиронлар ва бошқа шу тоифага кирувчилар, ҳомиладорлар, бир ёшга тўлмаган болалар, яқинда фарзанд кўрган аёллар саломатлигини мунтазам кузатиб боради. Тиббий профилактика кўригига жалб этиш, бола­ларни эмлашга тўлиқ қамраб олиш, эмлаш натижаларини кузатиб бориш, оилаларга тиббий маърифат тарқатишдек муҳим вазифани астойдил бажараётган патронаж ҳамширасидан ҳудуддаги аҳоли ҳам ниҳоятда мамнун.

Патронаж хизмати ҳомиладорлар, гўдаклар, ёш оилалар, кексалар, янги фарзанд кўрган аёллар ва парваришга муҳтож ёлғиз қария, ногирон ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уй шароитида тиббий хизмат кўрсатиш тизимидир. Аҳоли саломатлигига жавобгар йўналиш бўлган патронаж хизмати ривожидан, аввало, оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш, уларни тўлиқ патронаж тизими билан қамраб олиш каби мақсадлар кўзда тутилган.

Амударё туманида бугунги кунда 33 минг 877 та хонадонда яшовчи  197 мингдан зиёд аҳолига 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 7 та Қишлоқ оилавий поликлиникаси ва  2 та Қишлоқ врачлик пункти орқали бирламчи тиббий санитария ёрдами ва  патронаж  хизмати  кўрсатилади. Қишлоқ оилавий поликлиникалари ва Қишлоқ врачлик пунктларига бириктирилган  23 минг 287 та хонадонда яшовчи 132 минг 500 нафардан зиёд аҳоли саломатлигига 54 нафар умумий амалиёт шифокори, 253 нафар ўрта тиббиёт ходими ва шундан 150 нафар патронаж ҳамширалар масъул ҳисобланади.

Туман марказидаги 10 минг 590 та хонадонда яшовчи  64 мингдан ортиқ аҳоли эса кўп тармоқли марказий поликлиникадаги 29 нафар умумий амалиёт шифокори ва 103 нафар ўрта тиббиёт ходими,  шундан 71 нафар патронаж ҳамширалари тиббий хизматидан фойдаланади.  

Бирламчи тиббий санитария муассасаларида аҳолига патронаж хизмати кўрсатиш бўйича туманда 221 нафар патронаж ҳамширалар ўз хизмат вазифалари, билими, маҳорати ва тиббий маданияти бўйича тўлиқ тайёргарликдан ўтиб, эл саломатлиги йўлида фидойилик қилмоқда.

Ана шундай ўз касбининг фидойиларига 4 октябрь куни туман Тиббиёт бирлашмасида ўтказилган тадбирда хизмат велосипедлари топширилди.

Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими ўринбосари  Алишер Йўлдошев, туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Эндирбой Абдуллаев ва бошқалар тиббий патронаж хизмати аҳолининг соғлом ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилаётганлигини, энг чекка ҳудудлардаги оилаларни ҳам тўлиқ қамраб олишда муҳим ўрин тутаётганлигини, ҳамшираларга ҳам ўз вазифаларини тўла адо этишлари учун етарли шароитлар яратилаётганлигини таъкидлаб ўтишди. Шундан сўнг, 38 нафар патронаж хизмати ҳамшираларига олис қишлоқлардаги аҳоли хонадонларига қатновни амалга оширишлари учун велоси­педлар топширилди.

Шу ўринда айтиш керакки, патронаж ҳамширалари ёш оилалар, фертил ёшдаги аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини ўз вақтида кузатиб бориш билан бирга ўзларига бириктирилган аҳоли хонадонларига мунтазам равишда бориб, турмуш тарзи, санитария ҳолатларини ҳам ўрганишмоқда. Хонадонларда шахсий гигиена қоидалари, овқатланиш маданияти, ҳовлидаги чиқиндиларни йиғиш ва чиқариш тартиблари бўйича суҳбатлар ўтказишмоқда. Ҳар бир уйдаги ошхона, ҳожатхона, ювиниш хоналарини тоза тутиш, уларни белгиланган тартибда сақлаш қоидаларини тушунтиришмоқда.

Эндиликда тиббий муассасалар томонидан аҳолига янада сифатли ва тезкор тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади. Бу эса касалликларнинг ўз вақтида олдини олиш, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади. Бундай эътибор ва рағбат ўрта тиббиёт ходимларига ўз фаолиятини ривожлан­тириш, патронаж хизматини янада юксалтиришда катта кўмак бўлади.

О.Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: