"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

“PISA халқаро баҳолаш дастурида ҳам муваффақиятли иштирок этамиз!”

Мактаб — ёш авлодга таълим ва тарбия бериладиган қутлуғ даргоҳдир. Бу масканда ёшлар онгига дастлабки билим асослари сингдирилади, тафаккури бойитилади. Шу билан бирга дунёқараши кенгайтирилиб, миллий-маънавий қадриятлар ҳам шакллантирилиб борилади.

Таълим муассасалари орасида етакчилар қаторида келаётган тумандаги 40-сонли умумтаълим мактабида ҳам ўқувчиларга сифатли таълим берилиши учун етарли шароит яратилган. Айни пайтда муассасада таҳсил олаётган 1300 нафарга яқин ўқувчига 98 нафар ўқитувчи таълим бериб келмоқда. Ўқитувчиларнинг 7 нафари олий тоифали, 17 нафари биринчи тоифали, 24 нафари иккинчи тоифали, 50 нафари эса мутахассис-педагоглар ҳисобланади. Улардан 1 нафари “Қорақалпоғистон Pеспубликаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвонига, 2 нафари “Ўзбекистон Халқ таълими аълочиси” ва 4 нафари “Қорақалпоғистон Pеспубликаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонларига эга.

Ўтган 2018-2019 ўқув йили мактаб педагогика жамоаси учун ютуқларга бой йил бўлди – 11 нафар ўқувчи фанлар олимпиадасининг туман босқичи ғолиблигини қўлга киритишди. Улар орасида 9-синф ўқувчиси Анора Ғуломованинг биология фанидан Қорақалпоғистон Pеспубликасида фахрли 1-ўринни эгаллаганини алоҳида эътироф этиш даркор.

Билимлар беллашувининг ҳудудий ва туман босқичларида ҳам 40-сонли мактаб ўқувчилари фаол қатнашдилар. Жамоа шарафини ҳимоя қилган 31 нафар ўқувчи 2244 балл тўплаб, ўртача самарадорлик бўйича туман мактаблари орасида пешқадамлик қилдилар.

Улардан 8-синф ўқувчилари Шоҳруҳ Йўлдошев математика фанидан, Лобар Йўлдошева она тили ва адабиёти фанидан, Чарос Pейимова рус тили фанидан, Гўзалой Сабурова биология фанидан туманда 1-ўринни эгаллаб, Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичи ғолиби бўлдилар. Мактабнинг фаол ва иқтидорли ўқувчилари “Ёш китобхонлар” кўрик-танловининг туман, Қорақалпоғистон босқичи ғолиби сифатида Ўзбекистон Pеспубликаси босқичида қатнашишди ҳамда “Энг ижодкор жамоа” сифатида эътироф этилдилар. “Ҳуқуқ билимдонлари” кўрик-танловида ҳам ўқувчилар туманда биринчи, ҳудудий босқичда иккинчи ўринни эгалладилар.

Ўтган ўқув йилида мактабнинг 9-синфида таҳсил олган Шоҳруҳ Йўлдошев, 7-синфида ўқиган Аброр Шукуруллаевлар синовлардан муваффақиятли ўтиб, Қорақалпоғистондаги Президент мактабига қабул қилинди. Шу қатори мактаб жамоаси турли спорт мусобақаларида катта ютуқларни қўлга киритиб келаётган Азиза Ўринбоева, Амирбек Ғаффоров, Жонибек Ғаффоров, Севинчой Сафарбоева, Гулсевар Сафарбоева каби спортчи, чемпион ўқувчилари билан ҳам фахрланишади.

– Мактабимиз таълим сифати кўрсаткичларига кўра, доим олдингилар сафида келмоқда, – дея ифтихор билан сўзлайди мактаб директори, Қорақалпоғистон халқ ўқитувчиси Санобар Хўжамуродова. – Бу йил ҳам юқори балл билан туманда биринчи ўринни эгалладик. Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан ўтказилган синов-ларга кўра, мактабимиз Қорақалпоғистонда 77 та мактаб орасидан 5-ўринга, Ўзбекистонда эса 956 та мактаб ичида 207-ўринга ўтишга муваффақ бўлди. Мазкур ўқув йилида ҳам катта марраларни кўзлаб, олға қадам ташлашда давом этамиз.

Мактабдаги ўқитувчиларнинг барчаси ўқувчиларнинг билимларини оширишда, қобилиятларини ривожлантиришда бор куч ва маҳоратларини сафарбар қилиб келишмоқда.

Ўқитувчиларнинг жамият олдидаги масъулияти улкан. Муаллимлар буни чуқур ҳис қилган ҳолда ўз вазифаларини фидойилик ва шараф билан адо этишади. Бу улуғ зотларнинг машаққатли, аммо шарафли меҳнати юксак эҳтиромга лойиқ. Ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялаш йўлида меҳнат қилаётган устоз ва мураббийларни ҳар қанча ардоқласак, қадрласак арзийди. Зеро, ҳар бир инсон қалбида ўзини билим дунёси сари бошлаган, тафаккурини бойитиб, дунёқарашини кенгайтирган, ўзлигини танитиб, саодатга етаклаган улуғ инсонга эҳтиром туйғуси билан яшайди.

О.Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: