"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

ЎҚУВЧИЛАPГА ҲАМ, ЎҚИТУВЧИЛАPГА ҲАМ УСТОЗ

Жорий йилнинг 10-14 сентябрь кунларида туманимиздаги 67-сонли мактаб она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ҳабиба Қўшаева “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2019” кўрик-танловининг мамлакат босқичида иштирокчилар билими, касб маҳоратини баҳоловчи ҳакамлар сафида иштирок этди. Ўз фани бўйича қуйи босқичларда ғолибликка эришиб, якуний зинага етиб келган ҳамкасбларининг ҳар бир чиқишини зўр мароқ билан кузатди, завқланди, ютуқ ва камчиликларига холисона ёндашиб, ҳаққоний баҳолашга интилди . Шу баробарида ўқитувчиларга, хусусан, халқ таълимига қаратилаётган эътибор ҳамкасблари фаолиятида қандай намоён бўлаётганини яққол ҳис қилди.

– Танловдан олган таассуротларим мени билимларимни мунтазам ошира бориб, дарсларим самарадорлигини яна ҳам оширишга ундади, – дейди Ҳабиба Қўшаева.

У аслида ҳам тажрибали муаллимлардан. Шунинг учун ҳам дарс берган ўқувчилари она тили ва адабиёт дарсини пухта ўзлаштиришади. Ҳар йили ўқувчилар билимлари синовдан ўтказиладиган беллашувларда ғолиблар сафида унинг ҳам ўқувчилари бўлади. 2017-2018 ўқув йилида Ҳулкарой Худоёрова фанлар олимпиадасининг туман, Қорақалпоғистон босқичларида биринчи ўринни эгаллаб, якуний босқичда фаол қатнашди. Сурайё Собирова эса туманда кучли ўнталикка кирди. 2019 йилда яна бир ўқувчиси Света Худоёрова “Ёш китобхон” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон босқичида 3-ўринни эгаллаб, ташкилотчилар томонидан 40 та бадиий китоб билан тақдирланди.

Ҳабибанинг мактабда бўш вақти деярли бўлмайди. Чунки гуманитар фанлар услуббирлашмаси раиси сифатида ўқитувчилар билан ҳам ишлашиб, таълим беришдаги янгиликлар билан таништириб боради, услубий кўмак беради, барчани болаларни ўқитиш учун ўзлари тинимсиз ўқиб-ўрганиб боришга ундайди, дарслар жараёнини назорат қилади.

1999 йилда Нукус давлат педагогика институтини тугатиб келганидан бери 67-сонли мактабда самарали меҳнат қилиб келаётган Ҳабиба Қўшаеванинг шу боисдан ҳам жамоасида, шогирдлари орасида мавқеи юксак. Ота касбини тутган маҳоратли муаллиманинг режалари улуғ – жуда бой ва жозибали она тилимизни ўқувчиларга чуқур ўргатиш, уларнинг кўнглида она тилимизга ҳурмат уйғотиш, софлигини асрашга руҳлантириш. Биз унинг эзгу мақсадлар йўлидаги меҳнатларига барака тилаб қоламиз.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: