"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

ИЗЛАНИШ ВА ЎPГАНИШ – КАМОЛОТГА ЕТАКЛАЙДИ

16-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактабининг рус тили фани ўқитувчиси Нодиржон Тожимовни касбдошлари интилувчан, ёш авлодга таълим-тарбия беришда янгиликлардан, илғор тажрибалардан фойдаланишга ҳаракат қиладиган тиниб-тинчимас педагог сифатида эътироф этишади.

Фаолиятини 2017 йилда рус тили ўқитувчиси сифатида бошлаган Нодиржон дарс ўтиш жараёнларида кўпроқ янги услублардан фойдаланишга ҳаракат қилди. Айниқса, ёш ўқитувчи фаолиятининг иккинчи йили қувончли воқеаларга бой йил бўлди.

2018 йилнинг ноябрь ойида Қорақалпоғистон миқёсида фан ойлиги доирасида рус тили фани ўқитувчилари ўртасида ўтказилган танловда Нодиржоннинг “Pус тили ва адабиётини ўрганишда лойиҳавий изланиш фаолияти” мавзусида ёзган илмий мақоласи энг яхши илмий мақола деб топилди ва унга Қорақалпоғистон Pеспубликаси Халқ таълими Вазирлигининг “Фахрий ёрлиғи” берилди.

Шундан кейин Нодиржон Тожимов 2018 йилнинг декабрь ойида Pоссия Федерацияси томонидан ташкил этилган “Ўзбекистонда рус тили: янги уфқлар” танловида ҳам фаол иштирок этди. У танловнинг 2019 йил апрель ойида ўтказилган биринчи босқичида ғолибликни қўлга киритиб, диплом билан тақдирланди. Танловнинг июнь ойида ўтказилган иккинчи босқичида эса Нодиржон яна ғолибликни қўлга киритиб “Йилнинг энг яхши рус тили ўқитувчиси” бўлди. Шу танловнинг иккинчи босқичида ҳам ғолиб бўлганлиги сабабли унга 15-20 июль кунлари Москва шаҳрига саёҳатга бориш насиб қилди.

Нодиржон Тожимов ўқувчиларни рус тилига қизиқтиришда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурлардан, кўргазмали қуроллар ҳамда аудио, видео материаллардан кенг фойдаланмоқда.

Ишчан педагог 2019-2020 ўқув йилидан ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимига тайинлангач, унинг иш кўлами ва таълим сифати ва самарадорлигини оширишдаги масъулияти янада ошди.

Айни кунда Н.Тожимов мактабда муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус доирасида бир қанча ишларни амалга оширишга ҳаракат қилаяпти. Жумладан, мактаб ўқувчиларини дарсдан бўш пайтларида мактаб қошида жойлашган 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида турли йўналишлар бўйича таълим олишга жалб қилмоқда.

Мактабнинг ўзида стол тенниси, шахмат, шашка бўйича ва компьютер ҳамда интернетдан фойдаланиш саводхонлигини ошириш бўйича тўгараклар ташкил этилди. Шунингдек, мактабда ёшлар маънавиятини юксалтириш учун китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳам турли танловлар ташкил этилмоқда.

– Ҳозирги замон ўқитувчиси ўз фаолиятини эскича, қотиб қолган услубда эмас, балки, янги педтехнологияларга суянган ҳолда ташкил этиши лозим, – дейди Нодиржон Тожимов. – Бунинг учун эса тинмай изланиш ва илғор тажрибаларни ўрганиш керак бўлади. Бу – давр талаби.

Биз бир қанча танловлар ғолиби, ўқувчиларга дарс ўтишда замонавий услублардан фойдаланиш ташабускори Нодиржон Тожимовни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами билан муборакбод этиб, унинг келгусидаги ишларида зафарлар тилаймиз.

А.ЖУМАНИЁЗОВ.

Янгиликни бўлишинг: