"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

ИФТИХОP

Ушбу шеър мактаб ва таълимни тараққиёт сари юксалтиришга интилаётган ўқитувчи ва мураббийларга, Президент мактабларига бағишланади.


Чаманларнинг ифори қулф урар қучоғида,
Кўнгилларнинг изҳори жам эрур тўрт ёғида.
Дунёнинг не асрори очилиб ҳар чоғида,
Эл-у халқ ифтихори ҳам Ватан ардоғида –
Қадр ила эъзоз топган қадрдон гўшам ўзинг!

Мен сенинг оғушингда бўлдим шоҳ-у султонлар,
Ва меҳр қуёшингдан олдим баҳра, илҳомлар.
Ҳаттоки ғўр ёшимда етиб улуғ имконлар,
Матонат, бардош ила бердинг илм-у ирфонлар
Йўлим равон айлаган мактабим, гуҳар сўзинг!

Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари этиб шарҳ,
Бир сўз айтди дунёвий, тан олдилар Ғарб-у Шарқ.
Жаҳонда энг зўр набий мактабдир – меҳригиёҳ
Ирфонидан абадий баҳраманд неча минг халқ –
“Иморатлар ичида энг зўр” ва сарвар ўзинг!

Эгилмаган не бошлар қоғоз узра эгилгай,
Ўсиб фикр-у қарашлар ҳар сўз аро эгилгай.
Ҳатто сабр-у бардошлар парвозларга тикилгай
Ва пурзиё қуёшлар – китобларга тикилгай –
Офтоби олам асли, ҳам ғаний дўст-ёр ўзинг!

Кел, деди бағрин очиб, хушчеҳра муаллимлар,
Меҳр нурини сочиб, берди адаб, таълимлар.
Кўзларда ҳайрат тепчиб,  олдик неча билимлар,
Эркалаб, суюб, қучиб, қилганда такаллумлар –
Дедик: “Устоз меҳридан мангу гулбаҳор ўзинг!”.

Онамиздай меҳрибон, ҳам азиз падар каби,
Эл-у юртга армуғон ғайрат-у муҳаббати.
Ватан бўлса фаровон – шудир эзгу матлаби,
Илми  билан  топгай шон мустақиллик мактаби –
Тараққиётга кафил, устоз-у сардор ўзинг!


Бағрини очди бугун Президент мактаблари,
Ечилди асрий тугун, эл-у халқ талаблари.
Айланиб чархи гардун илм-у фан салафлари
Уйғонса, фақат бир кун, янграгай хитоблари:
–Жонажон Ўзбекистон энг илми тождор ўзинг!


Мадҳингга бир лойиқ сўз топмоғим душвор бўлди,
Кўпмиллат халқимга ўз сўзим шу ашъор бўлди.
“Сизлар олтин фондсизлар!” – деган зўр иқрор бўлди,
Pобия, айла кўз-кўз, бу улуғ виқор бўлди –
Президент мактаблари – дилда ифтихор ўзинг!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: