"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

Туманда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги таъминланмоқда

Атроф-муҳит тозалиги ва инсон саломатлиги бир-бирига узвий боғлиқдир. Шу боис соғлом турмуш тарзини яратиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш жуда муҳим ҳисобланди.

Санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, ҳудудга юқумли ва карантин инфекцияларининг кириб келиши, тарқалишининг олдини олиш бўйича туман Давлат Санитария эпидемиология назорат маркази томонидан тегишли чора-тадбирлар мунтазам йўлга қўйилган. Шунингдек, тиббиёт ходимлари ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда саломатликка зарарли таъсир кўрсатувчи омилларнинг олдини олишга қаратилган огоҳлантирувчи санитария назорати ҳам ўтказилиб борилмоқда.

Туманимизнинг барча ҳудудларида санитария­-гигиеник ва эпидемияга қарши комплекс чора-тадбирлар самарали амалга оширилмоқда. Юқумли, ўта хавфли вирусларнинг кириб келиши, тарқалишининг олди олинмоқда. Натижада аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хотиржамлиги таъминланмоқда.

Тумандаги Санитария эпидемиология назорат маркази таркибий тузилмаси санитария-гигиена, эпидемиология, дезинфекция, паразитология бўлимларидан иборат. Шунингдек, у ерда коммунал гигиенаси, болалар ва ўсмирлар гигиенаси, овқатланиш гигиенаси, экология, меҳнат гигиенаси бўлинмалари ҳам мавжуд. Турли намуналар текширувдан ўтказиладиган санитария-гигиена, бактериология ва паразитология лабораториялари ҳам фаолият кўрсатади.

Ўтган давр мобайнида марказ замонавий ахборот технологиялари билан етарлича таъминланди ва интернет тармоғи орқали электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилди. Лабораторияларда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, янги асбоб-ускуналар, жиҳозлар ўрнатилди.

Марказда 29 нафар турли тоифадаги шифокорлар, 68 нафар ўрта тиббиёт ходимлари ишлашади. Фаолият давомида асосан тегишли низом ва Ўзбекистон Pеспубликасининг “Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунлари, Президентимизнинг фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари, вазирлик ва юқори ташкилотлар буйруқ ва ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар бўйича иш олиб борилади.

Назорат маркази томонидан аҳоли саломатлигига зарарли таъсир кўрсатувчи омилларнинг олдини олишга қаратилган огоҳлантирувчи санитария назорати турли объектларда ўтказилади. Атроф-муҳит мониторинги давомида очиқ сув ҳавзалари, атмосфера, тупроқнинг ҳар хил кимёвий, биологик чиқиндилар, микроблар, паразитар касалликлар чақирувчилар билан ифлосланишининг олдини олишга эътибор қаратилади. Мунтазам равишда йўлга қўйилган назоратларда коммунал, маданий-маиший, умумий овқатланиш ва савдо объектларида, умумтаълим муассасаларида, саноат ишлаб чиқариш корхоналарида тозалик ва саришталикка қатъий риоя қилиниши текширилиб борилади. Бу билан ҳудудда санитария ҳолат яхшиланишига эришилиб, аҳолининг санитария маданияти оширилиши таъминланмоқда.

Жорий йилнинг 7 ойи давомида рўйхатга олинган 812 та объектнинг 85 тасида лаборатория инструментал усулида санитария назорати ўтказилди. Объектлардан санитария-гигиена лабораториясига 2 100 та намуна олинди ва 466 таси санитария талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Бактериологик лабораторияга 1 374 та намуна олинган бўлиб, 23 таси санитария талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди. Мавжуд камчиликларни бартараф қилиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва муассаса раҳбарларига қатор тавсиялар берилди.

Аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини аниқлаш мақсадида туман ҳудудидаги водопровод тармоқларидан лабораторияга келтирилган 335 та намуна текширилди ва 166 таси тегишли талабларга жавоб бермаслиги аниқланди. Ушбу камчиликларни бартараф қилиш бўйича сув тармоқлари корхонасига тегишли тавсиялар берилиб, бажарилиши назоратга олинди ва зарарсизлантириш ишлари олиб борилди. Ўтказилган текширишлар давомида санитария бўйича қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган 91 нафар жавобгар шахсга маъмурий иш қўзғатилди ва белгиланган миқдорда жарима солинди. Шунингдек, санитария қоида ва меъёрлари талабларига жавоб бермаганлиги учун 9 та объектнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Мунтазам равишда ўтказиб борилган барча тадбирлар самарали натижа бериб, ўтган давр мобайнида туманда аҳоли, болалар ўртасида ўта хавфли ва карантин, юқумли касалликлар қайд қилинмади.

Туман Давлат санитария эпидемиология назорат маркази томонидан мавсумий юқумли ва паразитар, касбий касалликларнинг олдини олиш мақсадида тиббий профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Шунингдек, ҳудудларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини жонлантириш, санитария маданиятини янада ошириш бўйича ҳам тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

О.Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: